Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ таоло: «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», (Оли Имрон, 97) деган.
Ушбу ояти карима ила Ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, Ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўлини топганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиғи яхши, Ҳажга бориб-келишга оиласидан оширган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор кишилардир.
Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта Ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўлатуриб, Ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида: «Кимки куфр келтирса, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», дейилмоқда. Яъни кимки имкони бўлатуриб, Ҳаж қилмаса, Аллоҳ таоло Ҳаж қилмаганнинг тоатига ҳам беҳожатдир. Бу ерда имкони бўлатуриб, Ҳаж қилмаслик, куфрга тенглаштирилмоқда.
Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким Ҳажга қодир бўлса-ю, Ҳаж қилмаса, хоҳласа, яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа, насроний бўлиб ўлсин», дейилган.
Ҳаж ибодати мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилишидир. Улар йилда бир марта ўзларига ҳидоят нури таралган марказда тўпланиб, кўплаб фойдаларга эга бўладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: «Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга Ҳажни фарз қилди. Бас, Ҳаж қилинг!» дедилар.
Шунда бир киши: «Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди. Бас, у Зот ўша гапни уч марта айтгунча жим турдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, десам, вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада мени сиз тек қўйинг. Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёлари ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар. Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳйи қилсам, уни тарк қилинг», дедилар».
Муслим, Насаий ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Ҳаж ибодати иложини топган, шартларини ўзида мужассам қилган мўмин-мусулмонга умрида бир марта фарз бўлиши ҳақида сўз кетмоқда.
Шу билан бирга, Ислом осонлик дини экани яна бир бор таъкидланмоқда. Агар Аллоҳ таоло истаса, Ҳажни ҳар йили фарз қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо бандаларига меҳрибон Зот бу ибодатни фақатгина киши умрида бир марта фарз қилди.
Шариатда баёни келмаган нарсани гап ёки савол қилиб кўтариб юриш яхши эмаслиги ҳам ушбу ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқда. Модомики, шариат бир ишни ўзига киритмадими, уни ундоқ қилса, нима бўлади, бундоқ қилса, нима бўлади, деган саволлар ила суриштирмаслик керак. Акс ҳолда, бандалар ўз бошларига ўзлари машаққатни ошириб олишлари мумкин.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилиб: «Эй одамлар! Батаҳқиқ, Аллоҳ сизга Ҳажни фарз қилди. Бас, Ҳаж қилинг!» дедилар.
Шунда бир киши: «Ҳар йилими, эй Аллоҳнинг Расули!» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, десам вожиб бўлиб қолар эди ва қодир бўлмас эдингиз. Мен сизни тарк қилган нарсада мени сиз тек қўйинг», дедилар».
Ҳа, бир оғиз сўз билан бутун бошли бир умматга қиёмат кунигача катта машаққат юкланиб қолиши мумкин эди. Аммо Аллоҳ таоло лутф кўрсатди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, «Ҳа», демадилар. Аксинча, бундай пайтларда нима қилиш кераклиги ҳақида умумий таълимот бериб, бундоқ ишнинг оқибати нима билан тугаши ҳақида хабар бердилар: «Албатта, сиздан олдин ўтганлар саволларининг кўплиги ва анбиёлари ихтилоф қилганлари туфайли ҳалок бўлганлар».
Шунинг учун мусулмон уммати ўзидан олдин ўтганлардан ибрат олиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп савол бермаслиги ва ихтилоф қилмаслиги лозим. У Зотдан кейин ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган уламоларга кўп саволлар бермаслик ва уларга қарши ихтилофлар қилмаслик керак.
«Қачон сизга бир ишни амр қилсам, уни қудратингиз етганича қилинг. Қачон сизни бир нарсадан наҳйи қилсам, уни тарк қилинг», дедилар».
Демак, амрни қудрати етганича қилиш керак. Аммо бу маънони суиистеъмол қилишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мисол учун, намоз ўқиш ҳақида амр бор. Биров мен фақат бомдодни ўқишга қодирман, деб қолган намозлари ўқишдан бош торта олмайди. У шариат баён қилганидек, фарз намозларнинг барчасини ўқиши фарз. Аммо беш вақт намоздан бошқа яна фарз намоз борми?, деб сўраши тўғри эмас.
Наҳйи қилинган нарсанинг ҳаммасини қилиш керак. Бу ишни ҳам қудратим етмаганини қилмайман, қолганини қилавераман, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Ҳажнинг фарз эканлиги.
2. Ҳаж ҳар йили фарз эмаслиги.
3. Кўп савол ва ихтилоф ҳалокатга олиб бориши.
4. Шаръий амрни қудрати етганича қилиш кераклиги.
5. Наҳйи қилинган нарсани бутунлай ташлаш лозимлиги. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Ақраъ ибн Ҳобис:«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳаж ҳар йилими ёки бир мартами?» деди.
«Йўқ. Фақат бир марта. Ким зиёда қилса, нафл бўлади», дедилар».
Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва ҳоким ривоят қилишган.
Шарҳ: Демак, Ҳажнинг фарзлиги ҳар йили бир марта эмас, балки умрда бир марта. Ким ундан ортиқча Ҳаж қилса, нафл Ҳаж бўлади.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким Ҳажни ирода қилса, шошилсин», дедилар».
Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Имом Аҳмад:
«Чунки киши бемор бўлиши, улов йўқолиб қолиши ва узр чиқиб қолиши мумкин» жумласини зиёда қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, кўпчилик уламолар кишида имкон пайдо бўлиши билан Ҳаж қилиш фарз бўлади. Уни кечга суриш мумкин эмас, дейдилар.
Аммо Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад ва бошқалар, бир муддат кечга сурса ҳам, жоиз, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳаж бешинчи ёки олтинчи ҳижрий санадан фарз бўлса ҳам, ўнинчи ҳижрий санага келиб Ҳаж қилганлар, дейдилар.Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким зод ва уни байтуллоҳга элтадиган роҳилага эга бўлса-ю, Ҳаж қилмаса, унинг яҳудий ёки насроний ҳолида ўлишининг фарқи йўқ. Бу Аллоҳнинг Ўз китобида «Одамлардан йўлини топганларига Аллоҳ учун байтни Ҳаж қилмоқ бурчдир» дегани учундир», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадисдан имкони бўлатуриб Ҳаж қилмаслик катта гуноҳ экани келиб чиқади. Бас, имконини топиб, ўзида Ҳаж шартларини мужассам қилган одам тезда Ҳаж ибодатини қилишга шошилиши лозим. Кейин турли баҳоналар чиқиб, Ҳаж қила олмай ўлиб кетса, катта хайр ва баракадан маҳрум бўлган ҳолида кетади. Ҳадиси шарифнинг таъбирига эътибор берсак, Ҳаж қилиш имконига эга бўлиб, узрсиз Ҳаж қилмаган одам нафақат хайр ва баракадан маҳрум бўлади, балки ўта ноқулай ҳолда қолади. Чунки у Аллоҳнинг амрини бажармаган бандадир.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳажни нима вожиб қилади?» деди.
«Зод ва роҳила», дедилар».
Иккисини Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: «Зод» – Ҳажга бориб келгунича етадиган маишат учун керакли сарф-ҳаражат.
«Роҳила» – Ҳажга бориб келгунча етадиган йўл ҳаражатлари.
Ана шу икки нарсага эга кишига, албатта, бошқа шартлар ҳам мавжуд бўлгач, Ҳаж ибодатини адо этиш фарз бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Яман аҳли Ҳажга озуқа олмай келишар, биз таваккал қилувчилармиз, дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиламчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло: «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир» (ояти)ни нозил қилди».
Имом Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бошқа бир ривоятда яманликлар: «Аллоҳнинг уйини Ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди?» дейишар экан. Бу гаплар Ислом таълимотига хилоф, шу билан бирга, Ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларни ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб тақводор бўлишга амр қилмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб Ҳаж ёки Умрага борувчи ҳар бир киши ҳам маънавий, ҳам моддий озуқани етарли миқдорда олиб бормоғи лозим.