Риёдан ҳазар қилиш ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Риё» сўзи кўриш маъносини англатади. Шариатда эсf Аллоҳ учун эмас, хўжакўрсинга амал қилиш «риё» дейилади. Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Ким Роббисига рўбарў бўлишни умид қилса, солиҳ амал қилсин ва Роббиси ибодатига ҳеч бировни шерик қилмасин», деган.
Шарҳ: Муаллиф рfҳматуллоҳи алайҳи ушбу ояти карима риёкорликни ман қилиш маъносини ўзида мужассам этгани учун уни бу бобнинг аввалида келтирмоқда. Қиёматдан умиди бор, ўша кунда Аллоҳ таолога хурсанд ҳолида рўбарў бўлишни орзу қилган одам холис Аллоҳ учун, унга ҳеч кимни шерик келтирмай ибодат қилсин, деганда «риё қилмасин» маъноси ётади.Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эшиттирса, Аллоҳ уни эшиттиради, ким кўрсатса, Аллоҳ уни кўрсатади», деганлар. Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Жундуб розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Аввал у киши билан танишиб олайлик: Самура ибн Жундуб ибн Ҳилол ал-Фазорий, кунялари Абу Сулаймон, Басрада таваллуд топдилар. Оталари вафот этгандан кейин оналари билан Мадинага келдилар. Ва оналари Мурааййи ибн Синон исмли саҳобага турмушга чиқдилар.
Мадинада катта бўлиб улғайдилар ва яна Басрага кўчиб ўтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Шаъбий, Ибн Абу Лайло, Али ибн Рабиъа, Абдуллоҳ ибн Рабиъа, Абдуллоҳ ибн Бурайда, Ҳасан Басрий, Ибн Сирин, Ибн Шахир, Абу Аъло, Абу Ражо ва бошқалар ривоят қилишди. Бу зот ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Ибн Сирин Самура ибн Жундуб илм бобида жуда ҳам ўткир эдилар, деб айтадилар.
Ва Жундуб розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-санасида Басрада вафот топдилар. Ушбу ҳадиси шарифда биров эшитсин ёки кўрсин учун қилинган амал яхши эмаслиги баён қилингани учун муаллиф рfҳматуллоҳи алайҳи уни шу жойда келтирган. Ҳадисда «Ким эшиттирса» дейилгани, яъни кимки амалини одамларга эшиттириб, гап-сўз учун қилса, бу амали ҳақида одамлар шов-шув билан уни мақташини хоҳлаган бўлса, деган маънони билдиради.
«Аллоҳ уни эшиттиради» дегани эса қиёматда Аллоҳ таоло уни бу қилмишини халойиққа эшиттириб шарманда қилади, деган маъно чиқади. Шунингдек, «ким кўрсатса» дегани ҳам ким одамлар кўрсин учун амал қилган бўлса, деганидир. Ана ўша одамни Аллоҳ таоло қиёмат куни халойиққа кўрсатиб, шарманда қилади.
Ушбу ҳадиси шарифда қисқа иборалар билан риёкорлик қанчалик ёмон нарса экани баён этилмоқда. Ундан оладиган фойдамиз ҳам очиқ-ойдин. Одамлар эшитсин ёки кўрсин учун эмас, Аллоҳ билсин учун амал қилмоқлик! Аммо бу ҳадисни бугунги ҳаётимиз воқелигига таққослаб кўрадиган бўлсак, тамоман тескари бир ҳолатни кўриб афсусланамиз. Қадимда ушбу ҳадисга ва шу маънодаги бошқа ҳадисларга амал қилган ота-боболаримиз ҳар бир ишларини Аллоҳнинг розилиги учунгина қилганлар. Улар солиҳ амалларини иложи борича бошқа одамлардан сир тутишга уринганлар.
Ҳозирда эса арзимаган нарсани ҳам ҳали амалга оширмай туриб, ҳар томонга жар солиш бошланади. Ҳар бир қилинмоқчи бўлган иш ҳақида худди бажарилгандек гапирилади. Мабодо ўша иш қилинадиган бўлиб қолса ҳам? хўжакўрсин учун бажарилади. У амалга ошгандан кейин эса йиллар давомида гапириб юрилади. Бундан ортиқ риёкорлик бўлиши мумкинми? Ҳар бир мусулмон бундай риёкорликлардан ўзини сақлаши лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таборака ва таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман. Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк этурман» деди», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳазрати Абу Ҳурайра ривоят этган бу ҳадиси қудсийда риёкорликнинг аввалги икки ҳадисда зикр қилинганидан бошқача тури ҳақида сўз кетмоқда. Аввалги ҳадисларда Аллоҳни унитиб, одамлар эшитсин ёки кўрсин учун амал қилиш ҳақида айтилган бўлса, бу ҳадисда Аллоҳни ҳам, Аллоҳдан бошқани ҳам ўз амали билан рози қилишга уриниш риёкорлик экани билдирилмоқда. Аллоҳ таоло: «Мен шерикка энг беҳожат Зотман», демоқда.
Яъни Аллоҳ таоло учун адо этиладиган ишга ҳеч бир кимса ёки нарсани шерик қилиб бўлмайди. Нима бўлса ҳам, ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи учун қилиниши керак. Бу ҳадиси қудсийдан ҳар бир амал холис Аллоҳ таоло учун бўлиши келиб чиқади.
«Ким бир амал қилса-ю, унда Мен билан Мендан бошқани шерик этса, уни ҳам, шеригини ҳам тарк этурман». Бу ерда амалга риёкорлик аралашиши ширкка тенглаштирилмоқда. Шунинг ўзидан риёкорлик қанчалар ёмон нарса эканлигини билсак бўлади. Яна ҳадисни ҳаётий воқеълигимизга солиштирсак, афсус-надоматга тўламиз. Ҳаётимизда Худо учун холис қилаётган ишимиз бормикин, деб ўйланиб қоламиз. Нима учундир ҳар бир иш олдидан Аллоҳнинг ҳукми эмас, «одамлар нима дер экан?» деган савол хаёлдан ўтаверади. Қилаётган амалларимизда Аллоҳдан бошқани рози қилишга уриниш одат тусига кириб қолгани жуда-жуда ачинарлидир.
Ушбу ҳадиси шарифга ҳаётимизда қанчалар муҳтожмиз! Амалларимиз Аллоҳ тамонидан тарк этилмаслиги учун ҳам бу ҳадисга амал қилишимиз даркор. Биз томонимиздан махфий ширк содир бўлиб қолмаслиги учун ҳам ушбу ҳадиси шарифга бўйсуниб яшамоғимиз лозим. Ўшандагина амалларимиз Аллоҳ таоло томонидан тўлиқ қабул бўлади. Ана ўшандагина махфий ширк келтирмаган бўламиз, амалларимиз самарасидан у дунёю бу дунёда баҳра оламиз. Аллоҳ таоло барчамизни риёкорликдан Ўзи асрасин!
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам – бир шаҳид бўлган одам. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди. «Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У Зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди. «Ёлғон айтдинг! Сен илмни у олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни у қори, дейилиш учун ўқидинг, шундоқ дейилди ҳам» дейди У Зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай йўлингда инфоқ қилдим», дейди. «Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди У Зот. Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», дедилар». Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинмоқда. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг одатда кўпроқ риё содир бўладиган уч тармоғида риёкорлик билан иш тутишнинг оқибати нима билан тугашини баён этиш орқали умматларини риёдан сақланишга чақирмоқдалар.
Келинг, ҳадиси шариф матни ила шошилмай, батафсил танишиб чиқайлик: «Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам». Маълумки, қиёмат куни ҳар бир инсоннинг бу дунёда қилган ҳар бир амали зарра миқдорича бўлса ҳам, ҳисоб-китоб қилиниб, одилона равишда ҳукм чиқарилади. Кимнинг ҳукми олдин, кимнинг ҳукми кейин чиқиши ҳақида гап кетадиган бўлса, ушбу ҳадисда зикри келган уч тоифа одамнинг ҳукми биринчи бўлиб чиқиши аниқ: 1. Риёкор мужоҳид. 2. Риёкор олим ёки қори. 3. Риёкор бой. Бу уч тоифага қиёмат куни қандоқ муомала қилиниши ҳадисда батафсил васф қилинмоқда:
1. «Бир шаҳид бўлган одам. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди». Яъни қиёмат куни бу дунёдан шаҳид ўтган бир одам Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Аллоҳ унга бу дунёда берган неъматларини бирма-бир танитади. У Аллоҳ ўзига берган неъматларни таниб, эътироф қилади. Шунда Аллоҳ ундан: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. Яъни Мен сенга шунча неъматларни берган эканман, сен улар ила нима қилдинг, деб сўрайди. У эса: «Сенинг йўлингда жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди. Яъни ўша сен берган неъматларни ишлатиб, сенинг йўлингда дин душманлари билан жанг қилдим. Жангда қатл этилиб, шаҳид бўлдим, дейди. «У Зот: «Ёлғон айтдинг! Сен «шижоатли», дейилиш учун жанг қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди». Яъни «Мен сенинг йўлингда жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», деган гапинг ёлғон, сен аслида одамлар томонидан фалончи шижоатли одам эди, дейилиши учун жанг қилдинг, бу гап одамлар томонидан айтилди ҳам, дейди. Сен ниятингга яраша топдинг. Аллоҳга ихлос қилмаганинг ва риёкорлигинг учун жазоингни оласан, дейди. «Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади». Нақадар аянчли оқибат! У одам энг улуғ ишни бажариб, жанг қилган, жонини фидо этган бўлса-да, нияти соф бўлмагани, холис Аллоҳ учун амал қилмагани, риёкорлиги учун ана шу аянчли ҳолга тушади! Қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб бориб дўзахга ташлайдилар.
 2.«Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган». Яъни қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамлардан иккинчиси бу дунёда илм ўрганиб, илм ўргатиб ва Қуръон ўқиб ўтган одам. Бу иш ҳам жуда катта иш. Исломда улуғ мартабалар ваъда қилинган, мусулмонлар томонидан юқори тақдирланадиган иш. Олим ва қориларни кўпчилик ҳурмат қилади, уларга ҳавас билан қарайди. Фалончи яхши олим бўлган, писмадончи ажойиб қори, деб гапирадилар. Баъзи кишилар айни ўша гап-сўзларга ошиқ бўладилар. Одамлар мени ҳам етук олим, катта устоз, ажойиб қори десинлар, деб илм ўрганади, илм ўргатади ва Қуръон ўқийди. Хўш, бу ишни қилган одам ҳам ҳақиқий олим, устоз ва қорилар етишадиган даражага эришадими?
Келинг, унинг нимага эришганини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитайлик: «Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди». Яъни ўша одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У неъматларни кўриб, танийди, ўзига бу дунёда берилганини эътироф қилади. Сўнгра Аллоҳ таоло: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди. «Сенинг йўлингда илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб айтади у. Яъни қиёмат куни ўзининг бу дунёдаги амалларини, хусусан, илм ўрганиш, илм ўргатиш ва Қуръон ўқиш ишларини ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун амалга оширганини даъво қилади. Лекин ҳамма нарсани билиб тургувчи Зот – Аллоҳ таоло худди аввалги одам билан бўлганидек, бунинг ҳам шармандасини чиқаради.
«Ёлғон айтдинг! Сен илмни у олим, дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни у қори, дейилиш учун ўқидинг. Шундоқ дейилди ҳам», дейди У Зот». Яъни сен илмни мен учун ўрганганинг йўқ. Сенинг йўлингда илм ўргандим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен одамлар «фалончи олим», дейишлари учун илм ўргандинг. Сен Қуръонни менинг йўлимда ўқиганинг йўқ. Сенинг йўлингда Қуръон ўқидим, деган гапинг ёлғон. Сен одамлар фалончи қори дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Ушбу ниятингга етдинг ҳам. Одамлар томонидан сени олим ва қори дейилди ҳам», дейди. «Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам энг фазилатли ишни қилиб, игна билан қудуқ қазигандек машаққат билан илм ўрганган бўлса-да, илм ўргатиб, Қуръон ўқиб юрса ҳам, аянчли оқибатга дучор бўлди. Чунки унинг нияти соф эмас, ихлоси йўқ эди. У буларни ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун қилмаган эди. У риёкорлик қилган эди. Оқибатда қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб бориб, дўзахга ташлайдилар. 3.«Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди».
Бу ерда қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамларнинг учинчиси ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур одамга бу дунёда Аллоҳ таоло кўп молу мулк берган эди. Бу ҳам жуда нозик иш. Молу мулкни яхшилик йўлида, Аллоҳ йўлида сарфлаш улуғ мартаба. Бу ҳамманинг таҳсинига сазовор иш. Мусулмонлар сахий бойларни ўта ҳурмат қиладилар, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бойларнинг сахийликлари мусулмонлар томонидан кенг миқёсда мақталади. Баъзи кишилар одамларнинг мақтовига ўч бўладилар, бунга ўта қизиққанларидан ихлосни унутиб қўядилар. Аллоҳнинг розилигини эмас, кишиларнинг мақтовини истаб, мол-дунёни инфоқ қиладилар. Хўш, булар ҳам Аллоҳга ихлос билан инфоқ қилганлар билан баробар бўладиларми? Ундай одамга қиёмат куни муомала қандай бўлади? «Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни аввалги икки тоифага ўхшаб, қиёмат куни бу дунёда ризқ-рўзи кенг, молу мулкнинг турли хилларига эга бўлган бой ҳам Аллоҳнинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У бу неъматларни кўриб танийди ва бу дунёда Аллоҳ томонидан ўзига берилганини тан олади.
«Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўралади. Аллоҳ таолонинг бу саволига ўша одам ўзини оқлаб, жавоб беради: «Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай сенинг йўлингда инфоқ қилдим», дейди у. Яъни эй Роббим, Сен берган бойликни Ўзинг яхши кўрган йўлларнинг ҳаммасига, Сенинг розилигинг учун сарфладим, дейди. Аллоҳ таоло унга бу саволни бекорга бераётгани йўқ эди. Унинг нима қилганини ўзи жуда яхши билар эди. Лекин Аллоҳ таоло бу бандани тилидан илинтириб, қилмиши нотўғри эканини ўзига хос услуб ила баён қилишни хоҳлар эди. Банданинг бу ёлғонидан кейин: «У Зот: «Ёлғон айтдинг! Сен сахий, дейилиш учун қилдинг, шундоқ дейилди ҳам», дейди». Яъни эй банда, сенинг йўлингда қилдим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен Мен берган молни инфоқ қилган бўлсанг, одамлар сахий дейишлари учун қилгансан. Дарҳақиқат, одамлар шундоқ дедилар ҳам, дейди.
 «Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади». Нақадар аянчли оқибат! У одам аслида яхши ишни қилиб эди. Молу мулкини Аллоҳ таоло яхши кўрадиган йўлларга сарфлаган эди. Аммо нияти соф эмасди, Аллоҳ таолога ихлос билан қилмай, риёкорлик билан иш тутган эди. Одамлар «мени сахий десинлар», деб инфоқ қилган эди. Натижа ниятига яраша бўлди. Одамлар уни мақташди. Амал пайтида Аллоҳнинг розилигини ният қилмагани учун Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмади. Унга берган неъматларини сарфлашда риёкорлик қилгани учун амр қилиб, бундай нобакор бандани юзтубан судраб бориб, дўзахга ташлашга амр этди. Демак, қиёмат куни дўзахга тушиш учун энг аввал ҳукми чиқадиганлар мазкур уч тоифага мансуб одамлар экан. Энди ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларимиз ҳақида фикр юритайлик:
1. Риёкорликдан қочиш лозим, «одамлар, у десин», «одамлар бу десин», деган фикрга яқин ҳам йўламаслик керак.
2. Жиҳод қилаётган киши одамлар «шижоатли десинлар», деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб жиҳод қилиши лозим. 3. Илм ўрганаётган ёки ўргатаётган киши одамлар «олим, десинлар», деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ният қилиши лозим. 4. Қуръон ўқийдиган киши одамлар«қори десин», деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ўқиши лозим. 5. Яхши йўлларга инфоқ қиладиган киши одамлар «сахий, десин», деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб инфоқ қилиши лозим. 6. Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога ихлос бўлиши зарур. 7. Риёкорлик билан қилинган иш Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўлмаслиги аниқ.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳикматига ҳозирги ҳаётимизда қанчалар муҳтожмиз! Деярли барча ишларимизда ихлос етишмайди. Деярли барча ишларимизга риё аралашган. Бошқа нарсаларни қўйиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган уч соҳани олиб кўрайлик. Минг афсус бўлсинким, мужоҳидлик номига доғ тушираётганлари ҳам йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини баъзилар «буларнинг жиҳодлари Аллоҳ йўлида эмас, ҳукмга эришиш йўлида бўлган экан», деб баҳоламоқдалар. Баъзи кишилар эса умуман, жиҳод нималигини билмай, унинг яқинига ҳам бормай туриб, ўзини «мужоҳид», деб эълон қилмоқдалар.
Илм ўрганиш, ўргатиш масаласини олайлик. Бу борада Аллоҳнинг йўлида иш олиб бораётганлар йўқ, дея олмаймиз. Лекин риёкорлик қилаётганлар ҳам етарлича. Илмни Аллоҳ учун эмас, шаҳодат учун, илмий унвон учун, одамлар ичида шуҳрат топиш учун ўқиётганлар, ўқитаётганлар ҳаддан зиёд кўп. Кўзланган натижа ҳосил бўлмаётгани ҳам, шундан бўлса керак.
Қуръон ўқиш масаласи ҳам шу. Баъзи кишилар Қуръон ўқишни худди одамларнинг баҳоси, мақтови учунгина жорий бўлган нарса деб тушунишади. Бугунги ҳаётимизда энг кўп учрайдиган риёкорлик молу пул сарфлашда десак, муболаға бўлмас. Ҳатто хайр-эҳсон қилишда риёкорлик авж олган. Шариатимиз кўрсатганидек, ихлос билан молу пулидан садақа қиладиганлар кам. Очиқдан-очиқ одамлар кўрсин, одамлар эшитсин, одамлар билсин, дейишга ўтиб кетилди.
Ушбу ҳолатлар динимиздан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қанчалар узоқлашиб кетганимизни кўрсатади. Агар ҳақиқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир нарсада динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз, жумладан, ҳар қандай риёни ташлаб, «одамлар у десин», «одамлар бу десин», деган ният билан эмас, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб, амал қилишни ўрганишимиз лозим. Ана шундагина қилган амалларимиз икки дунёимиз учун фойдали бўлади. Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадиси шарифларида риё кўпроқ содир бўлиш эҳтимоли бор соҳада, айниқса, эҳтиёт бўлишга чақирмоқдалар.
Қуръон – Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиган одамга улкан мартабалар, чексиз ажру савоблар ваъда қилинган. Мусулмонлар қалбида Қуръони каримнинг алоҳида ўрни, ҳурмати, эъзози бор. Шунинг учун Қуръони каримга тегишли ҳар бир нарса мусулмонлар оммаси томонидан алоҳида эъзозланади, ҳурмат қилинади. Баъзи кишилар ана ўша нарсага берилиб, Қуръон ўқиш Аллоҳ учун бўлиши зарурлигини унутиб қўядилар ва риёкорликка ўтиб қоладилар. Ҳадиси шарифда ана ўша хатонинг оқибати қанчалар ёмон бўлиши айтилмоқда. Лекин бу тўғридан-тўғри айтилмай, аввал эшитувчи бу маънони тўлиғича қабул қилишига тайёрланмоқда. Сўзнинг бошида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар». Агар «Жуббул Ҳазан»ни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Хафалик қудуғи», дейишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга насиҳат қилиб, Жуббул Ҳазаннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрашни тавсия этмоқдалар. Жуббул Ҳазан унчалик маълум ва машҳур эмас экан. Унинг нималигини саҳобаи киромлар ҳам билмас эканлар. Шунинг учун: «Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қисқа жавоб бердилар. «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар». Маълумки, жаҳаннам қўриқчилари кучли, қўпол, шафқатсиз фаришталар бўлиб, жаҳаннамийларни азоблаш ва шунга ўхшаш жаҳаннамга тааллуқли бошқа ишларни бажариб юрадилар. Ўз ўзидан маълумки, улар унча-мунча нарсадан таъсирланмайдилар ҳам, қўрқмайдилар ҳам. Аммо, Жуббул Ҳазан шундоқ даҳшатли ва қўрқинчли нарса эканки, унинг қўрқинчларидан ўша жаҳаннам қўриқчиси бўлмиш фаришталар ҳам ҳайиқиб, Аллоҳ таолодан ҳар куни юз марта паноҳ сўраб, турар эканлар. Бу жавобдан Жуббул Ҳазан нима эканлиги маълум бўлади. Ундан паноҳ сўраш лозимлиги яна ҳам равшанлашади. Шу билан бирга, унга ким кириши мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам: «Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дедилар». Асл мақсад ҳам шу эди. Энди айни ҳақиқатни айтиш пайти келган эди: «У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар». Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақташи учун, «Фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундоқ қилади, бундоқ қилади», дейишлари учун ўқийдиган қорилар киради экан! Қаранг, Аллоҳнинг каломи ихлос билан эмас, риёкорлик учун ўқилса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Жаҳаннамда Жуббул Ҳазан номли водий борлиги. 2. Жуббул Ҳазанга тушишдан Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги. 3. Жаҳаннамга хизматкор қилиб қўйилган фаришталар ҳам ҳар куни юз марта Аллоҳдан Жуббул Ҳазанга тушишдан сақлашини сўраб туришлари. 4. Бир нарсани эшитганда нималигини билмаса, сўраб олиш жоизлиги. 5. Жаҳаннамга, ундаги баъзи маълум жойларга кимлар кириши тўғрисида ҳам савол бериш жоизлиги. 6. Жаҳаннамдаги Жуббул Ҳазан водийсига риёкор қорилар кириши. 7. Риёкорликнинг ниҳоятда ёмонлиги. Илгари билмасак, энди билдик. Ушбу ҳадисга дарҳол амал қилишга ўтишимиз лозим. Қуръонни фақат Аллоҳнинг розилиги учунгина ўқимоғимиз лозим. Қуръон ўқишдаги риёкорликнинг оқибати шунчалар бўлса, бошқа амаллардаги риёкорликнинг оқибати қандай экан?
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини сир сақлайди. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади?», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга икки ажр бор. Сир тутганлик ажри ва эълон қилган ажри», дедилар». Иккала ҳадисни Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадисни ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан керакли нарсаларни сўраб ўрганиш одатлари бор эди. Саҳобаларнинг бирлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган амалини сир сақлайди. Агар у билиниб қолса, хурсанд бўлади?» деб сўради. Бу саволнинг замирида шу ҳам риёкорликка кирадими, деган маъно бор. Аслида одамларга билдирмай Аллоҳ учун қилган эди. Аммо одамлар билиб қолиб, уни мақташди. У эса одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлди. Ушбу нарса риёкорликка кирадими? Бунга жавобан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унга икки ажр бор. Сир тутганлик ажри ва эълон қилган ажри», дедилар. Яъни бу ерда асли ният эътиборли. У сир тутишни ният қилган эди, шунинг учун бир ажр олади. Лекин одамлар бошқа томондан билиб қолиб, уни мақташди. Бундан бошқалар ўрнак олади. Бунинг учун яна бир ажр олади. Одамларнинг мақтовидан хурсанд бўлгани эса зарар қилмайди. Чунки у аслида буни ният қилмаган эди.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз: 1. Иштибоҳли нарсаларни биладиган кишилардан сўраб-аниқлаб олиш зарурлиги. 2. Амални сир тутиб қилиш афзаллиги. 3. Одамлар бошқа томондан билиб қолиб мақтасалар, ундан хурсанд бўлишнинг зарари йўқлиги. 4. Амалини сир сақлаган одам икки марта ажр олиши мумкинлиги. Демак, биз ҳам бу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, амалларимизни сир сақлашга уринишимиз, риёкорликдан қочишимиз лозим. Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки, Аллоҳ қиёмат куни бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа, бир нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировнинг шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат Зотдир» деб нидо қилади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Саъид ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик: Абу Саъид ибн Абу Фазола Ансорий ал-Ҳорисий саҳобалардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадислар ривоят қилдилар. Бу кишидан Зайёд ибн Мийно ривоят қилдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида риёкор шахслар қиёмат куни шарманда бўлишларини ажойиб услуб билан баён қилмоқдалар. «Қачонки, Аллоҳ қиёмат куни бўлишига шубҳа йўқ кунда одамларни жамласа». Қиёмат қоим бўлишига шак-шубҳа йўқ. Бир вақт келиб, у, албатта, қоим бўлади. Ўша куни Аллоҳ таоло ҳамма халойиқни жамлайди. Ҳеч ким четда қолмайди. Ҳамма-ҳамма – Одам Атодан тортиб, қиёмат қоим бўлиш соатигача ўтган барча одамлар тирилиб, маҳшаргоҳга йиғиладилар. Ҳамма тақдирга тан бериб, Аллоҳнинг марҳаматини зор бўлиб кутадилар. Қилган амалларимдан бирортаси савобга илиниб қолармикан, деб умид қиладилар. Ҳамма шундай хору зорлик ҳолатида турганда бир жарчи ҳаммага эшиттириб: «Ким Аллоҳ учун қилган амалида бошқа бировни шерик келтирган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин, Аллоҳ шериклардан энг беҳожат Зотдир», деб нидо қилади».
Демак, ким риёкорлик қилган бўлса, ўша амалига қиёмат куни Аллоҳдан ажру савоб оламан, деб умид қилмасин. У ўз амалига ўша рози қилмоқчи бўлганларидан савоб сўрасин. Одамларни рози қиламан, деган бўлса ўшалардан, мансабдорни рози қиламан, деган бўлса мансабдордан, яна бошқа кимнидир рози қилишни ният қилган бўлса, ўшалардан савоб кутсин. Уларнинг ўзлари ёрдамга муҳтож бўлиб турибдилар-ку, қандоқ қилиб бошқанинг ташвишини қила олар эканлар?! Аллоҳ – шерикка ҳожати йўқ Зот. Кимки унга ўз амалида шерик келтирган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ҳам, амалидан ҳам воз кечади. Уни ҳам, амалини ҳам тарк этади. Қиёмат куни шарманда бўлмайлик десак, ихлос билан, риёсиз, фақат Аллоҳ таолонинг, ёлғиз Ўзининг розилигини кўзлаб иш қилишга одатланайлик, ушбу ҳадисларга қатъий амал қилайлик!
Мавзуга оид мақолалар
Перт шаҳрида бошланган ушбу мусулмон фильмлари форумида мамлакатдаги ва бутун дунёдаги мусулмонларнинг давоми...

11:00 / 14.09.2019 3564
Рамазон ойи Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан афзал қилди. Рамазон Роҳманга яқинлашиш ҳамда давоми...

11:06 / 19.05.2019 4617
Маълумки, Қуръон қироати мусобақасининг вилоят босқичлари юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Жумладан, давоми...

17:33 / 27.02.2018 3543
Аллоҳ таоло инсон наслини пок ва ҳалол йўл билан давом эттириш учун никоҳланишни, оила қуриб яшашни жорий давоми...

09:58 / 23.07.2019 2434