Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ўн беш йил давомида мияси ўлик бўлган киши ҳақида ажойиб қисса!
Бир аёл ҳижрий 1415 йили эрида содир бўлган қиссани ҳикоя қилади: «Эрим ёш, ҳаракатчан, ҳаётга қизиқиши кучли ҳамда ниҳоятда келишган, чиройли йигит эди. Ота-онасига кўп яхшилик қилувчи инсонлардан эди. Ҳижрий 1390 йил турмуш қурдик. У билан бирга Саудиядаги бошқа оилалар сингари отасининг уйида яшар эдик. Ота-онасига қилган яхшиликларини кўриб ҳайратга тушар эдим.
Аллоҳга ушбу эрни насиб қилгани учун ҳамд айтар эдим. Тўйимиздан бир йил ўтиб, қиз фарзандли бўлдик. Кейинроқ эримнинг иши мамлакат шарқидаги минтақага кўчди. У бир ҳафта ишига кетиб, ўша ерда қолар ва келиб, уйимизда бир ҳафта бўлар эди. Уч йил мана шундай ўтди, қизим тўрт ёшга кирган эди.
1395 йил Рамазон ойининг 9-куни уйга қайтаётиб Риёзда машинаси ағдарилиб, автоҳалокатга учради. Касалхонага ётқизилди. У кома ҳолатига тушди. Даволаётган мутахассис докторлар эримнинг мия фаолияти умуман тўхтаганини ва 95 фоиз мия ҳужайралари талофатга учраганини айтишди.
Бу воқеа бизга жуда аламли бўлди. Хусусан, унинг ёши ўтган ота-онасига қаттиқ таъсир қилди. Отасини қаттиқ яхши кўрадиган Асмо қизимизнинг саволлари ичимни тирнарди. Дадаси унга яхши кўрадиган ўйинчоғини олиб беришни ваъда қилган эди. Биз ҳар куни навбатма-навбат эримнинг ҳолидан хабар олиб турар эдик. Лекин унинг ҳолати ўзгармас эди.
Беш йил ўтгандан кейин баъзи одамлар қозиликка бориб, эримнинг мияси ўлганлиги ва унинг тирилишига умид йўқлигини айтиб, қозидан талоқ олишимни маслаҳат берди. Баъзи шайхлар эр кишининг мияси ўлганлиги аниқ бўлган тарзда талоқ олиш мумкин, деган фатвони берди. Бироқ мен бундан қатъиян бош тортиб, модомики, эримнинг жасади ер устида экан, талоқ олмаслигимни айтдим.
«Бошқа ўликлар сингари дафн қилинсин ёки Аллоҳ бир ишга бошлагунча, уни мендан айирмасинлар», дедим. Шундан сўнг бор эътиборимни қизчамга қаратдим. Қизимни Қуръон ёдлатиш мадрасасига олиб кирдим. У ўн ёшга тўлмасдан Қуръонни тўлиқ ёд олди. Кейинчалик қизимга отасига нима бўлганини айтдим. У доим отасини ёдга олар, гоҳида йиғлар, гоҳида ичига ютар эди.
Қизим динга аҳамиятли қиз бўлган эди. Ҳамма фарз намозларини ўз вақтида адо қилар эди, етти ёшга тўлмасдан туриб кечанинг охирида ибодат қилар эди. Раҳматли бувиси ва бобоси билан биргаликда менга уни чиройли тарбия қилишни муваффақ қилган Аллоҳга ҳамдлар айтаман. Қизим баъзан дадасини кўргани борар, баъзан эса салом йўллар, шунингдек, дадасининг номидан садақалар қилар эди».
1410 йил. Бир куни қизим менга қараб: «Эй онажон, мени дадамнинг олдига қўйиб кетинг, бир кеча дадамнинг ёнида ётиб қолай», – деди. Бироз иккиланиб турдим-да, кейин рози бўлдим. Қизим айтади: «Дадамнинг ёнига ўтириб, «Бақара» сурасини ўқий бошладим. Уни ўқиб битирдим. Кейин мудроқ босганда ухлаб қолдим. Турсам, гўё юзимни табассум қоплагандай, қалбим эса ором олгандай бўлди. Шунинг учун ўрнимдан туриб, таҳорат қилдим ва Аллоҳ қодир қилганча намоз ўқидим.
Сўнг намозгоҳимда иккинчи марта мудроқ босди. Лекин худди бир киши менга, тур, қандай қилиб Раҳмон Зот уйғоқ бўлса, сен ухлайсан?! Аллоҳ бандасини қуруқ қайтармайдиган бу ижобат соатда қандай ухлайсан, дегандай бўлди. Худди йўқотган нарсамни эслагандай бўлиб турдим.
Қўлимни кўтардим, дадамга қарадим, кўз ёшлари тўлиб оқаётган эди ва дуо қилдим: «Эй Роббим, эй Тириклик ва Қайюмлик сифатига эга Зот! Эй Жаббор! Эй Буюк Зот! Эй ҳамма нарсадан олийликдаги Зот! Эй Раҳмон! Эй Роҳим! Мана бу – менинг дадам, Сенинг бандаларингдан биридир. Унга мусибат етди, биз эса сабр қилдик ва Сенга ҳамдлар айтдик. Сен бизга қазо қилган ҳукмингга рози бўлдик. Эй Аллоҳ, у Сенинг хоҳишинг ва раҳматинг остидадир!
Эй Аллоҳ, Айюбга дардидан шифо берган, Мусони онасига қайтарган, Юнусга балиқнинг қорнида нажот берган ва оловни Иброҳимга совуқ ва саломатлик қилган Зот! Дадамга тушган дарддан Ўзинг шифо бергин! Эй Аллоҳ, дадамни умид йўқ ҳолатда дейишди. Эй Аллоҳ, қудрат ва буюклик Ўзингдадир. Дадамга марҳамат айла, ундаги дардни Ўзинг кўтар!»
Кейин яна кўзларимни уйқу босиб, Бомдоддан озгина олдин ухлаб қолдим. Шу он бирдан: «Эй қиз,сен кимсан,бу ерда нима қиляпсан», деган овоз келди. Овозни эшитиб, у ёқ бу ёққа алангладим, лекин хеч кимни кўрмасдим. Кейин иккинчи марта такрорланди. Қарасам, овоз эгаси дадам экан. Ўзимни тутиб тура олмасдан дадамни қучоқлаб олдим. Дадам эса мени ўзидан узоқлаштириб, астағфируллоҳ, деди ва: «Аллоҳдан қўрқ, сен менга ҳалол эмассан», деди. Мен – қизингиз Асмо, дедим. Шунда дадам жим бўлиб қолди.
Докторларнинг олдига чиқиб бўлган воқеани айтдим. Улар дадамни кўриб ҳайратда қолдилар. Америкалик доктор синиқ араб тилида дудуқланиб, «Субҳаналлоҳ», дея олди, холос. Бошқа бир мисрлик доктор, суякларга улар чириб кетгандан кейин жон киргизадиган Зот Аллоҳ покдир, маъносидаги оятга ўхшаш сўзни айтди. Дадам эса тушунтириб бермагунимизча билмай турди.
Кейин йиғлаб: «Аллоҳ Ўзи энг яхши сақлагувчидир ва у солиҳ кишиларни дўст тутади, деди. Аллоҳга қасамки, автоҳалокатдан олдин Зуҳо намозини ўқишлик учун ният қилганимни эслайман, холос. Билмадим, уни ўқидимми, йўқми», деди.
Аёл айтади: «Абу Асмо уйимизга аввал таниганимдек қайтиб келди. Ҳозир 46 ёшда. Бир ўғил фарзанд кўрдик. У икки ёшга қадам босяпти. Эримни менга 15 йил ўтиб қайтариб берган, унинг қизини саломат сақлаган ҳамда мени дунёдан унутилган ҳолатида эримга вафодор бўлишга муваффақ қилган Аллоҳ ниҳоятда Пок Зотдир. Шунинг учун дуони тарк қилманглар. Чунки дуо қазони қайтаради ҳамда ким Аллоҳни назарда тутса, Аллоҳ уни назарда тутади.Ота-оналаримизга яхшилик қилишни унутмайлик. Билайликки, ишларни юргизиш ва уларни ўлчаб қўйиш Аллоҳнинггина қўлидадир. Бошқа хеч кимса буни қила олмайди. Бу қиссамни мен ибрат учун айтиб бердим. Шояд, Аллоҳ уни дунё йўллари торайиб, мусибатлари катталашган, олдида ҳамма эшиклар беркилиб, нажот йўллари кесилиб қолган кишиларга фойдали қилса. Дуо билан осмон эшигини қоқинг ва ижобат қилинишига аниқ ишонинг. Охирги сўзимиз Оламларнинг Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Умид узманг, фақат Аллоҳгагина дуо қилинг. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳақида чиройли гумонда бўлинг! Омин!