Сиз кабилар Ислом умматига керак…
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир куни Умар розияллоҳу анҳу тунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан бирга кўринишини ўзгартириб, Мадина атрофидаги аҳолининг ҳолатини текшириш учун чиқдилар. Улар айланиб юриб охири жуда ҳам камбағал аҳоли яшайдиган бир қишлоққа етиб келишди. Кичкина бир кулбачанинг ёнидан ўтиб борар экан, халифа ичкаридан келаётган овозларни эшитиб қолди. У ерда бир она қизига бугунги кунги сут савдосидан келган пул жудаям оз эканлигини айтаётган эди.

У қизига ўзи ҳам ёшлигида сут сотганини, сутга бироз сув аралаштириб, шу билан яхшигина фойда олганини таъкидлаб, унга ҳам шундай қилишни маслаҳат берди. Қиз эса: «Онажон, сиз бу ишни мусулмон бўлмаган пайтингизда қилгансиз. Энди биз мусулмонлармиз, бундай ишни қилишимиз мумкин эмас», деб жавоб берди. Онаси: «Исломда сутга сув аралаштириш мумкин эмас, деган гап йўқ-ку»,– деди.

— Халифанинг буйруғини унутдингизми, ахир у сутга сув қўшиб сотишни ман қилган, – деди қиз.

— Халифа бизни эсидан ҳам чиқариб юборган. Биз жуда камбағалмиз, шундай қилмасак, қандай қилиб яшаш учун пул топамиз?

— Бундай тарзда яшаш динимизга тўғри келмайди. Мен бир муслима сифатида халифанинг буйруғига қарши, қолаверса, мусулмонларнинг алданишига сабаб бўладиган бундай ишни қилмайман.

— Бу ерда на халифа ва на унинг хизматчилари бизнинг бу ишларимизни кўради. Қизим, сен ҳали кичкинасан. Бориб дамингни ол, мен сенга эртагалик сутни ўзим тайёрлаб қўяман.

— Халифа бу ердами ёки йўқми, бу – буйруқ. Биз бунга бўйсинишимиз керак. Сиз буни халифадан яшира оларсиз, лекин Аллоҳдан қандай яширасиз? Виждонингиздан-чи?

Она жим бўлиб қолди. Суҳбат шу ерда якун топди. Чироқ ўчди.

Кейинги куни Умар розияллоҳу анҳу қиздан сут сотиб олиш учун одам юборди. Сутни татиб кўриб билдики, унга сув аралаштирилмаган. Онасининг сўзларига қарамай қиз ўз фикридан қайтмаган эди. Умар розияллоҳу анҳу Ибн Аббос розияллоҳу анҳуга қараб:

— Онасининг сўзларига қарамай, қиз ўз сўзидан қайтмабди. Бу мукофотга лойиқ. Уни қандай тақдирласам экан? – деди.

— Уни пул билан тақдирлаш керак,– деди Ибн Аббос розияллоҳу анҳу.

— Бундай қиздан ажойиб она чиқади. Унинг ҳалоллигини бир қанча тангалар билан ўлчаб бўлмайди. Мен унга мусулмон умматига манфаат келтирадиган олий мукофотни бераман.

Халифа қиз ва унинг онасини ҳузурига чақиртирди. Она салобатли халифа олдида тураркан, оёқ-қўлини титроқ босди. Қиз эса сокинлик билан халифага юзланди. Халифа аввало ўтган тунда бўлган воқеаларни ҳаммага сўзлаб берди. Баъзилар онани жазолаш кераклигини айти. Аммо халифа онани қизи туфайли кечириб юборди.

Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу қизга юзланиб: «Мусулмон уммати сендек қизларга муҳтож. Мен эса мусулмон умматининг халифаси сифатида сени қиз қилиб олмоқчиман»,– деб айтди.

Шундай қилиб, сут сотувчи қиз ва унинг онасининг розилиги билан Умар розияллоҳу анҳу қизни учинчи ўғли Осим розияллоҳу анҳуга олиб берди. Қиз халифага келин бўлди.

Бу жуфтликдан кейинчалик бир қиз туғилди ва у Ислом умматига «бешинчи рошид халифа» – Умар ибн Абдулазиздек адолатли халифани тарбиялаб берди.

Манба: «Тарих ад-Димашқ»,

Имом Ал Ҳофиз ал Асокир

Мавзуга оид мақолалар
Исломда «шариатнинг мақсадлари» деган қоида бор. Шариат мақсадлари бештадир. Ислом шариатида нима давоми...

14:12 / 27.12.2016 3757
ВАТАНПАРВАРЛИК УЛУҒ ФАЗИЛАТ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Сизу бизга бу жаннатмакон диёрни, буюк алломалар давоми...

19:22 / 21.03.2017 3536
Бола дунёга келганда териси нимпушти рангда бўлади ва бу унинг соғлом эканининг биринчи белгиси давоми...

16:49 / 24.01.2017 6647
1. Ҳозиргача қилган ибодатингиздан кўнглингиз тўлмаган бўлса ҳам, умидингизни узманг. Гуноҳларингиз давоми...

09:30 / 09.02.2017 5397