Мирзо Улуғбекнинг туғилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғбек жаҳонгир Темурнинг Ироқ ва Озарбайжонга қилган ҳарбий юриши вақтида 1394 йил 22 мартда Эроннинг ғарбидаги Султония шаҳрида туғилади.

Темурнинг хоҳиши билан болага Муҳаммад Тарағай деб ном қўядилар. Лекин у йирик олим ва фан арбоби бўлгани туфайли кўпрок Улуғбек исми билан машҳур бўлди.

Қуйида сизларга ўзбек адабиётининг таниқли намоёндаларидан бири Хуршид Даврон қаламига мансуб «Соҳибқирон набираси ёки митти юлдуз қиссаси»дан парча келтирмоқчимиз. Ушбу асар 1994 йил Улуғбекнинг 600 йиллигига бағишлаб ёзилган.

Соҳибқирон набираси ёки митти юлдуз қиссаси

(парча)

Ҳижрий 796, мелодий 1394 йилнинг баҳори. Соҳибқирон Ироқи Ажамнинг бош шаҳри бўлмиш Султония теварагини қуршаб олган дашту-далаларни забт этгач, ҳаялламай шаҳарга ҳам бостириб кирди. Дов-дарахтлар қуш тилидек майда барглар чиқарди. Момоқаймоқлар сап-сариқ гул очди.

Анҳору ариқлар қирғоғини ялпизлар қоплади. Баҳор чечаклари билан безанган яшил гиламини ёйган даштда қизғиш-қўнғир илонлар офтобда тобланиб мароқланади, тошбақалар буришиб кетган хунук бўйинларини ўтларга чўзади, сайғоқлар галаси нимадандир ҳуркиб чопиб ўтади, туёқлар зарбидан еру-кўк гумбурлаб кетади.

Қадимда Ҳулакулар давлатининг иккинчи пойтахти бўлган Султония шаҳрига элхонийлардан Арғун (1284-91) асос олган, шаҳар қурилиши элхонийларнинг еттинчиси Муҳаммад Худобанда Ўлжайту (1304-16) замонида ниҳоясига етган эди. Ўтган қисқа муддат ичида шаҳар минг турлик бинолар билан безанди, асос солинган йиллари режа билан барпо этилган боғлардаги дарахтлар осмонга бўй чўзди.

Султония бир эмас, икки эмас, беш карвон йўли туташадиган манзилда ўрнашган. Шу сабабдан йил сайин бойиб, кенгайиб, ободон ва маъмур шаҳарга айланган. Бозорларида инсон жонидан бўлак ҳамма нарса топиладиган бу шаҳар Форс, Ироқ, Ширвон ва Рум юриши пайтларида ҳам ҳамиша Соҳибқирон қўниб ўтадиган манзил эди.

Баҳор келиб, шаҳарнинг энг кўркам бинолари – машҳур меъмор Алишоҳ тиклаган саккиз қиррали Авлиё Ҳайдар мақбараси гумбази, Ўлжайту мақбараси ва мадрасаси пештоқлари устида ҳам яшил чечаклар униб чиқди. Авлиё мақбарасига яқин ерда бир боғ бор. Мироншоҳ мирзога тегишли Чинорон деб аталган бу боғда Ироқ томонда жанг қилаётган Амир Темур қўшини Уғруқи қўним топган.

Олис-олисларда кўпириб оққан жанг садоси, саноқсиз одамларнинг ҳалокатга юз тутгани, вайрон этилган шаҳарлар ҳақида етиб келган миш-мишлар атрофи баланд деворлар билан ўралган боғни четлаб ўтиб кетар ва дунёнинг етти иқлимини ларзага соларди. Бу боққа ёлғиз шаҳару-қалъаларни кетма-кет забт этаётган жаҳонгир ва унинг фарзандларининг довруғи жарангдор сўзларга ўраниб етиб келади, холос.

Бир йилча аввал Соҳибқирон Султонияда жўнаб кетди-ю, уғруқ ва маликалар: Сароймулкхоним, Туман оғобегим, Чўлпонмулк оғобегим, уларнинг келинлари, норасида набиралари мана шу боғда қолдилар. Улар орасида Шоҳруҳ мирзонинг хотини, ой-куни яқинлашган Гавҳаршодбегим ҳам бор эди.

Ҳижрий 796 йил жумодулаввал ойининг ўн тўққизинчи куни – мелодий 1394 йилнинг 22 марти. Тонг. Дашту-далалар томонидан эсган майин шабада минг турли гул-чечаклар ҳидини шаҳарга тарайди.

Бугун уғруқ қўним топган Боғи Чиноронда байрамона кайфият ҳукмрон. Салтанат маҳди-улёси Сароймулкхонимнинг қувончи ичига сиғмайди. Малика жаҳонгир эрини қувонтиргувчи воқеа юз берганидан суюнчи тилаб келган борки, ҳаммасини марҳаматли қўли билан сийлайди.

Неча кундан бери оёқ учида юрган мулозимлар бугун шитоб билан, югуриб-елиб хизмат қилмоқдалар. Бугун боғ аҳлини қуёш эмас, тонг сукунатини бузиб янграган чақалоқ йиғиси уйғотди. Инжиқлиги билан машҳур Гавҳаршодбегимнинг кўзи ёриди – ўғил кўрди.

Сароймулкхоним жаҳонгирнинг кўп фарзандлари ва неваралари туғилишига гувоҳ бўлган бўлса-да, бу чақалоқнинг туғилиши маликага ўзгача қувонч бағишлади. Зеро, гўдакнинг отаси Шоҳруҳ мирзо Сароймулкхонимга туққан фарзанддек азиз эди.

У туғилиши билан малика тарбиясига топширилган, фарзандсиз маликанинг жону танига айланган эди. Шоҳруҳ мирзонинг илк фарзанди туғилишини интизор кутган малика шу сабабдан ҳам инжиқ келини хархашасини, деярли, сезмас, унинг юкдан эсон-омон қутулишини ўйлаб, кеча-кундуз парвона эди.

Янги меҳмон туғилиши билан шўр сувга чўмилтириб, баданига ёғ сурдилар. Бу ишларни Сароймулкхонимнинг ўзи бажарди, бировга ишонмади. Чақалоққа бегона қўл тегишидан, ёмон кўздан сақлаш учун шундай қилди.

Малика шу иш билан овора экан, дам: «Вой қўзичоғим, вой кўзлари мунчоғим!» – деб севинар, дам ўз қувончидан қўрқиб, ортиқча қувониш бахтсизликни бошлаб келади, деган гапга ишонганидан:«Ёмон бола, бурни пачоқ бола, оғзи қийшиқ бола!» – деб қўярди.

Аммо бир пасдан кейин яна қувонишга берилиб:«Бобосининг яроғи, бибисининг яруғи!»– дейишга ўтар, «Қилич тутар қўлларинг узун бўлсун!» – деб қўлларини, «Юрганингда толиқма!» – деб оёқларини оҳиста-оҳиста тортиб қўяр, елкаларини силаб:«Тобутимни кўтарадиган болагинам!» – деб ният қиларди. Чақалоқнинг йўлдошини ҳам боғ четидаги дарахт остига ўзи кўмди.

Чақалоқни ювинтириб бўлгач, оппоқ матога ўрашдан аввал, гўдакни оқ ва кўк мато бўлаклари билан сийпалаб:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим!

Менинг қўлим эмас –

Биби Фотима – Биби Заҳронинг қўли, Умай она, Қамбар онанинг қўли.

Тошдай қил,

Темирдай қил,

Илоҳим, золим қилма, олим қил! — дея айтим айтди.

Сароймулкхоним шон-шавкатли эри қулоғига хушхабарни етказишга кўп шошилмади. «Аввал чилласи ўтсин!» – деб ўйлади у. Илло малика янги меҳмон учун Соҳибқирон олдида жавобгар эканини яхши фаҳмларди. Чақалоқнинг заиф туғилганини кўрган малика кўнглидан неча кунгача ваҳима аримади.

Аммо ёш ва соғлом доя хотиннинг сути, бибисининг меҳрибонлиги сабаб бўлдими,янги меҳмон чиллада бирор дардга чалинмади. Роппа-роса бир ой деганда, чақалоқ кучга тўлиб бораётганини кўрган малика Амир Темур ҳузурига чопар жўнатди.

Бу пайтда Амир Темур қўшин билан Мобайнилнаҳр (Икки дарё оралиғи)даги Мордин шаҳрини қамал қилган, аммо баланд тоғ устида жойлашган шаҳарни забт этиш кундан кунга суриларди. Қамалнинг учинчи ойи охирлаб борар, қалъадагилар бўлса таслим бўлишни ўйламай, жанг қилардилар.

Қиш тугаб, баҳор бошланган, теварак-атроф яшилланиб безанган эди. Баҳор жуда иссиқ келди. Эрталабдан оташин ҳарорат ёғилар, унга кун бўйи қизиган ердан кўтарилаётган, тоқат қилиб бўлмайдиган ҳовур қўшиларди. Умри бино бўлиб, Амир Темур баҳорнинг бунчалик иссиқ келишини кўрмаган эди.

Соҳибқирон Форс мулкидан қўшин тортиб кўмакка келаётган Умаршайх мирзони интизорлик билан кутар, аммо кўнгли қандайдир бир фалокатни сезгандек безовта эди. Шундай безовта кунларнинг бирида ёмон туш кўрди.

…Тушида бундан ўн саккиз йил аввал тўсатдан оламдан кўз юмган тўнғич фарзанди Муҳаммад Жаҳонгирни кўрди.

…бирданига унинг ёнида Умаршайх пайдо бўлди.

…иккала ўғли ҳам оппоқ либосда эдилар.

…иккала ўғли ҳам етти-саккиз яшарли пайтларидаги қиёфада эдилар.

…у олисдан туриб нималарнидир гапираётган ўғиллари томон чопа бошлади, аммо у етиб бормасдан ўғиллари оппоқ қушларга айланиб, учиб кетдилар. Ваҳима аралаш уйғонди-ю, кўрган туши нимага ишора эканини сезгандек, юрагида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди.

Бир неча кун ўтар-ўтмас оталик сезгиси уни алдамагани маълум бўлди – тўнғич Жаҳонгир ўлимидан сўнг бош ўғил бўлиб қолган суюкли Умаршайх мирзо Хармату қалъаси яқинида ҳалок бўлгани ҳақида хабар келди. Соҳибқирон бу мудҳиш хабарни эшитгач, ич-ичдан эзилиб йиғлади, аммо кўз ёшлари ичига оқди.

Илло, у душман билан юзма-юз турган амирлари олдида, таслим бўлишни истамай жанг қилаётган душманлари қаршисида кўз ёшларини ошкор этмади. Зеро, боболар: «Душманинг олдида қон тупурма!» деганларини у унутмаган эди.

Кун бўйи ҳузурига ҳеч кимни йўлатмай ёлғиз ўтирди. Бир пасда ранг-рўйи қорайиб кетгандек, кўзлари чўккандек, бутун мадори вужудини тарк этгандек ўтираркан, бутун дунё унга бегона эди. Кўз ўнгидан эса даҳшатли бир манзара такрор-такрор ўтарди.

…Умаршайх икки тарафида баланд тоғлар юксалган тор дарадан ўтиб бормоқда. Ўғлининг нигоҳи тоғ устида ўрнашган қалъага тушди.Шу кичкина қалъани кўришинг шартмиди, Умаршайх?! Уни кўрмасдан ўтиб кетсанг бўлмасмиди, Умаршайх?!

Ана, ўғли отининг жиловини кескин тортиб, тўхтатди-да, ерга сакраб тушди. Сўнг қалъани яқиндан кўрмоқ ниятида тошдан-тошга сакраб, тепага ўрлади. Ана, қалъа девори устида бир шарпа пайдо бўлди. Амир Темур аниқ кўрди: курд башараси қоп-қора, кўзлари совуқ бир кимса эди. У қонсиз лабини қимтиб, кичик кўзларини қалъага яқинлашиб келаётган одамдан узмасди. Қўлида камон. Жун босган бармоқлари камонни маҳкам сиқиб турибди.

Ана, ўғли улкан қоятош устига чиқиб тўхтади, бир муддат қалъага тикилди. Сўнг тор дарадан дарё каби оқиб келаётган аскарларига қарата қўлини кўтарди. Қўшин, тўғонга дуч келган дарёдек, ҳаракатдан тўхтади. Қадди-қомати келишган, қўрқув нималигини билмаган ўғли, кўзининг қораси, юрагининг пораси Умаршайх қоятош четида гуллаб турган дўланага яқинлашиб, унинг гулларини ҳидлай бошлади.

Курд эса пастдаги одам қалъани қўлга киритишга аҳд қилганини англади. У секин бошини кўтариб, орадаги масофани нигоҳи билан ўлчади. Унинг оқи деярли билинмайдиган кўзлари пастдаги одамга маҳкам қадалди. Сўнг камонни кўтарганча, қалъа деворидан ошириб мўлжалга олди. Унинг юраги дукуллаб ура бошлади. Бу безовта дукуллашни Амир Темур эшитгандай бўлди.

Курд пастдаги одамни узоқ нишонда тутди, кейин ўзидан-ўзи чўчиб, камонни пастга туширди. Аммо қоятошдаги одам кафтда турган олмадек яққол кўриниб турганидан завқи келдими, ёки қулай пайтни бой бермаслик учунми, яна девор оша камонни тўғрилади. Ўқ «шув» этиб учди.

Ана, Умаршайх қулоғига таниш товушни эшитди, ялт этиб қалъа томонга қаради. Аммо ўша лаҳза шувиллаб келган ўқ унинг чап қўлтиғининг остига санчилди. Бирдан бутун вужуди сулайиб, пастга оғиб бораркан, оҳиста қайрилиб, иягини сийпалаганча бир дам чайқалиб туриб қолди. Лабидан қон сизиб, хириллаган овозда пастдан шитоб билан кўтарилиб келаётган одамларни ёрдамга чақиргандек бўлди.

Сўнг бирдан ёнидаги қиличини суғуриб олди-ю, қалъа томонга ўқталди. Аммо бутун қуввати бу шиддатга сарф бўлгандек, қўлидан қиличи тушиб кетди. Энгашиб уни олмоқчи бўлди-ю, пастга оғди. Тош устида ётаркан, заиф бармоқлари билан қилич дастасини ушлади, жонҳолатда чираниб турмоқчи бўлди.

Чаккаларидан қуюлиб оққан тердан кўз олди қоронғиллашди. Амаллаб, қиличига таяниб, тиззага турди, лабларидан силқиётган қон кўкрагига, тош устига томаётганини кўриб, қилич тутган қўллари бўшашди, «гурс» этиб ерга қулади…

Мотамзада ота бирдан, худди туш кўраётгандек, йиқилган ўғли томон чопиб бораётгандек бўлди. У аламдан чайқалиб-чайқалиб, товуш чиқармай бўзлар, хаёлида эса оёғи ерга ёпишиб қолгандай, фарзанди қошига ҳеч етиб бўлмайдигандай, худди бўшлиқда қотиб қолгандай сезарди, ўзини.

Бутун вужуди музлагандек бир алфозда йиқилган ўғли устига етиб келди. Дунё ғойиб бўлди, унинг ўрнига фақат қонсиз бир чеҳра қолди. Ота кўзларига ишонмай букчайди ва ердан қонга беланган ўғли жасадини кўтарди, сўнг уни бағрига босганча орқасига тисарилди. Шунда жон бераётган ўғлининг кўзларида суюкли хотини Туркон Ўлжойни кўргандай бўлди.

— Ўғлимни асрай олмадингиз-ку, бегим?! Сиздан умидим шулмиди, султоним?! – дегандек мунгли термиларди Туркон Ўлжой. Бу аламли сўзларни эшитиб, изтиробдан кар бўлиб қолган ота қулоғи очилгандай бўлди ва дунё шовқинга тўлди. Юмилган кўзлари ҳам очилди-ю, кўрган воқеалари рўё эканини англади. Ташқарида Мордин учун бораётган жангу жадал сурони эшитиларди. Ота шаҳид фарзандининг жасади ҳали олисда эканини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, рўёдан айрилгиси келмагандек, яна кўзларини юмди.

Амир Темур ўғлининг ўлимини ғойибдан тасаввур қилар экан, фарзандининг сўнгги лаҳза осмонга армон билан тикилган кўзларини кўриб турарди. Бу кўзларда олис Самарқанд боғлари, Кўҳак чечаклари, Сиёб мавжлари, Кеш тоғлари акс этиб тургандай эди.

Соҳибқирон ортиқ ўзини тўхтатолмади, ўкириб йиғлаб юборди, кўз ёшлари чеккасидан дув-дув оқаркан, изтироб билан бўзлади:

— Ўғлим, Умарим, жигарбандим!..

Эртаси куни унинг ҳузурига чақирилган аркони давлат Соҳибқироннинг сочлари тамом оқарганини кўрдилар.

Содиқ амирлар унга ҳамдардлик билдириб, ўз жойларини эгаллашар, ҳамманинг боши эгик эди. Мавлоно Абдулжаббор Самарқандий шаҳид кетган Умаршайх мирзо руҳига Қуръон тиловат қилди. Бутун маросим давомида сукут сақлаган Амир Темур амирларга рухсат бериш олдидан қатъий овозда буюрди:

— Мордин бугундан қолмай олинсун! Тамом, боринглар!

Ҳам алам, ҳам қаҳру ғазаб билан айтилган бу буйруқни бажариш имконсиз эканини ҳамма, шу жумладан, ҳукмдорнинг ўзи ҳам биларди. Қалъага кун бўйи тирмашган қўшин, барибир, унинг деворларидан ошиб ўтолмади. Эртаси куни ҳам самарасиз ўтди.

Амир Темур одатдагидек, шаҳар этагидаги тепаликда туриб, жанг боришини кузатарди. Тепаликдан чор атрофгина эмас, Мордин шаҳри ўртасидаги қоятош устида юксалиб қопланган ҳовлилар, кимсасиз кўчалар, шаҳар деворларига ҳар икки томондан мўру малахдай ёпишган бесаноқ одамлар кўзга яққол кўринарди. Соҳибқирон шаҳарга яқинлашиб келаётган, раҳматлик фарзанди Форсдан бошлаб чиққан, аммо манзилга йўлбошчисиз етиб келган қўшин оёғи остидан кўтарилган чангу-тўзонни ҳам шу ерда туриб илғади.

У отларнинг туёқлари, навкарлар оёқлари остидан кўтарилган чанг кўкка ўрлаб, сўнг оҳиста майсаларга, яшил япроқларга, қизиган тошларга инишини бир лаҳза кўз ўнгида жонлантирди-да, яна шаҳар томонга ўгирилди.

Бир пасдан кейин Соҳибқирон пастга тушиб, отига минди. У оппоқ тулпорини жануб томонга бошлади. Анча масофадан кейин узоқдан келаётган қўшин бошдан-оёқ кўриниб турган дўнгликка чиқди. Амир Темур арғумоқ жиловини тортиб, бепоён даланинг орқа-олдига, адирлар оралаб жой танлаб, бўлиниб кетаётган қўшиннинг бош-охирига кўз ташлади.

Уйқусизлик ва ғам-ҳасратдан кўзлари қонталаш, ранг-рўйи оқарган, чарчоқдан сийрак ажинлари қуюқлашган чеҳраси сўнгги кунлар ичида биринчи марта ёришди.

Қўшимча куч етиб келгач, уч кунлик хордиқ ва тараддуд тугаб, қалъага ҳужум бошлаш учун қўшинлар охирини кўз илғамас сафга тизилди. Қамалдагилар ҳам ваҳима ичида бу манзарани кузатар эканлар, сўнгги беомон жанг муҳлати яқинлигини англаб, саросимага тушдилар. Бутун шаҳар тўрт томонга ёйилиб тизилган аскарлар билан ўраб олинди.

Амир Темур ҳали чодирида ўтирар, амирлари, фарзанду набираларига сўнгги фармойишлар бериш билан банд эди. Худди шу ҳол устида унга Султониядан чопар келгани ҳақида хабар бердилар. Уст-бошини чанг босган чопар – алп келбатли найман йигит югуриб кирди ва тиз чўкиб, таъзим қилди.

Кейин бошини кўтармай, қўлидаги ўрам қилиб ипак боғич билан боғланган мактубни икки қўллаб боши узра кўтарди. Фармондорлардан бири мактубни олиб, Соҳибқирон қўлига топширди. Темур ипак боғич узра босилган Сароймулкхоним муҳрини таниди.

«Илойим, тинчлик-омонлик бўлсун!» – деган ўй билан муҳрини бузиб, ипак боғични ечди. Сўнг мактубни ёйиб, унга кўз ташлади, сония ўтмай чеҳраси ёришди, кўзларида қувонч жимирлади. Савлатли қоматини тиклаб, хитоб қилди:

— Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!

Ҳузурида ўтирганлар шодлик сабабини билиш мақсадида донг қотдилар. Амир Темур тахтдан орқароқда ўтирган ўғил-набиралари томонга қаради. Кўзи Шоҳруҳ мирзога тушиши билан бош ирғаб уни ёнига чорлади. Ўғлига мактуб бераркан:

— Ўқинг, мирзо! – деди.

Шоҳруҳ мирзо мактубни ўқиб тугатмасданоқ юзига табассум жилваланиб, бош кўтариб отасига қараб қўйди.

Амир Темур озғин, аммо ҳали бақувват қўлини ўғли елкасига қўяр экан:

— Фарзанд муборак бўлсун, ўғлим! – деди, сўнг даврадагиларга хотиржам кўз ташлади ва қувонч сирини очди:

— Аллоҳ таоло инояти ила муҳобий фарзандимиз Шоҳруҳ мирзо фарзандлиғ бўлубдурлар. Аллоҳга шукрлар бўлсун!

Тўрт томондан Аллоҳга ҳамду сано билан муборакбод ёғилди. Соҳибқирон эшик оғасига қараган эди, унинг ҳар бир нигоҳини англайдиган кекса барлос бир пасда сарупо билан бир сипар олтин қўйилган лаълини кўтариб кирди. Салтанатниг бош фармондорларидан бири амир Худойдод сарупони олиб, чопар елкасига ташлади, олтинни устидан сочди.

Тангаларни териб олган чопар қайта-қайта таъзим қиларкан, тисарилиб чиқиб кетаётган Шоҳруҳ мирзонинг завқи жўшиб, ёнидаги бир сиқим олтинни эшик томонга қараб сочди. Ўша лаҳза отасига бу қилиғи ёқмаганини сезиб, нима қилишини билмай, бориб ўрнига ўтирди.

Амирзодалар тўнғич ўғил билан ёш отани қутлай бошладилар. Шоҳруҳ мирзони яна қувонч ўз оғушига олди.

Янги меҳмон шарофати билан амирларга ҳам тортиқлар берилди. Кечагина мотам кайфияти ҳукмрон қароргоҳда шодиёна янгради.

Шоҳруҳ мирзо отасидан ўғлига ном қўйишни сўрагиси келди, аммо нима дейишни билмади.

Ниҳоят:

— Падари бузрукворимдан фарзандимга дуо тилайман, — деб гап бошлади-ю, тили қотди.

— Ўғлим, — деди Амир Темур, — Сизга Аллоҳ таоло фарзанд ато қилғон экан, шунинг ўзи улуғ дуодир!

Сўнг ўғли ундан нимани тилаётганини сезгандек, сўради:

— Мирзо, фарзандинғиз исмини не деб қўюрмиз?

Даврадагилар бирдан жим қолдилар. Соҳибқирон бир дам ўйга ботгач, Шоҳруҳ мирзога кўз тикиб, мамнун товуш билан айтди:

— Мушфиқ Аллоҳ таолога ҳамд бўлсунким, фарзанди аржуманд исмини раҳматли отамиз шарафига Муҳаммад Тарағай деб қўйдук. Ул ҳам жойи жаннатда бўлгур бобонгиздек улуғ бек бўлсун!

Тўрт тарафдан:

— Улуғ бек бўлсин, омин!

— Улуғ бек бўлсин, омин! Аллоҳу акбар! – деган хитоблар янгради.

Набира таваллуди мотамзада бобонинг ғазабини эритди – Мордин устига бошланажак ҳужум тўхтатилди.

Амир Темур ўша куниёқ Мордин устига халқининг молу жонидан кечгани, бироқ кўп навкарларининг нобуд бўлишига сабабчи амир Мажидиддин Исони ҳокимиятдан четлатиб, шаҳар ва вилоят ихтиёрини амирнинг иниси бўлмиш Султон Солиҳга ўтказгани ҳақида ол-тамға босилган ёрлиқ жўнатди.

Кўп ўтмасдан шаҳар дарвозалари очилиб, амир Султон Солиҳ бошлиқ акобиру ашрафлар Турон султонига келиб юкундилар. Улар Соҳибқиронни янги туғилган меҳмон билан қутлаб, Мордин аҳли номидан пешкашлар қилдилар.

Шундан сўнг, қўшин қўнган кўз илғамас ялангликда, қароргоҳда сон-саноқсиз қозонлар остига ўт ёқилиб, катта тўй-томоша бошланди. Мордин аҳолиси ҳам қирғиндан қутулганига ишониб, бу омонлик сабабчиси бўлмиш янги меҳмон исмини тилдан қўймасдилар.

Ҳар бир гулхан атрофида, ҳар бир чодирда, ҳар бир майдонда Муҳаммад Тарағай шарафига тилаклар айтилиб, Соҳибқирон тилидан учган ният қайта-қайта янграрди:

— Илоҳим, улуғ бек бўлсин! Омин! Аллоҳу акбар!

— Илоҳим, улуғ бек бўлсин! Омин! Аллоҳу акбар!

Мавзуга оид мақолалар
  gallery linkfile sizemedium ids8086,6057,5915,5809,5808,5807,5806,5804,5571,6241,6256,6193,6100,6171 Ҳазратсиз Рамазон Бисмиллаҳир давоми...

10:33 / 07.02.2017 7889
Аллоҳ таоло  «Уларни ўз оталари номи билан чақиринглар. Ана шу Аллоҳнинг наздида тўғридир. Агар давоми...

20:42 / 17.11.2016 4571
Мактуб Тун зорланган ҳолда менга нидо қилаётган эди гўё Унинг бу ноласи ҳаёт устунингнинг бир ғишти кўчди, давоми...

11:10 / 07.12.2017 3687
Биргина зилзила бизнинг қаршимизда ҳайҳотдек қад ростлаган юзлаб биноларни сонияларда ер билан яксон давоми...

03:33 / 11.02.2023 2172