Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аёл – Яратганнинг нозик ҳилқати, табиатдаги нафис мавжудоддир. Аёл фитратан бир томондан назокат тимсоли бўлса, иккинчи томондан жамиятга энг таъсирли қудратдир. Оиладаги муҳит, фарзандлар тарбияси ва эркак кишининг матонати оиладаги аёлнинг олиб бораётган сиёсатига боғлиқ.
Тарихда Тўмарис, Бибихоним ва Нодирабегим каби буюк аёл сиймолари борки, уларнинг бири буюк давлат ҳукмдори ва қўмондон бўлса, бошқаси Темурни Темур қилган Сароймулкхонимдир, яна бошқаси адабиёт соҳасининг йирик намоёндаси шоира Нодирабегим бўлган.
Ислом дини Арабистон ярим оролида пайдо бўлгани билан уни илм даражасига олиб чиққан Мовароуннаҳр олимлари ичида аёлларнинг ҳам ўрни беқиёс. Юртимиздан фиқҳ, ҳадис, тафсир ва ақоид йўналишларида бир қатор олималар етишиб чиққан.
Ёрқин мисол ўрнида, Аҳамоний босқинчиларига қарши курашган Тўмарис (Томир хотун) номи тилларда достон бўлган бўлса, орадан минг йилдан ошиқ вақт ўтиб, милодий VII асрда аждодларимиз ташқи душманга қарши курашга отланганларида, уларга Қабаж хотун номи ила машҳур малика бошчилик қилган.
ХI-ХII асрларда Мовароуннаҳр фиқҳ мактабининг йирик вакили, Ўрта Осиёда ҳанафийларнинг буюк имомларидан бири, ақоид, тафсир, усул алфиқҳ, фуруъ алфиқҳ, калом илмлари соҳиби, ўз даврининг етук фақиҳи Алоуддин Муҳаммад ибн Аҳмад Самарқандий (ваф. 1145 й.) нинг қизи "буюк фақиҳа" номи билан машҳур Фотима бинти Муҳаммад ҳақидаги маълумотлар фиқҳ тарихида алоҳида аҳамиятга эга.
Фотима бинти Муҳаммад ҳақида бизгача етиб келган дастлабки маълумотлар асосан Самарқандийнинг шогирдлари — Алоуддин Косоний (ваф. 1191 й.)нинг "Бадоъи" асари муқаддимаси ва Самъоний (ваф. 1167 й.) нинг "Китоб алансоб" асарида учрайди.
Яна бир йирик ибратли тарихдаги аёллардан бири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг панневараси Абу Зафар Муҳийиддин Муҳаммад Аврангзеб (тахтбезаги) Оламгирнинг қизи Зебуннисо бегимдир. Унинг онаси Дилрасбону Шоҳнавозхоннинг қизи бўлиб, Бобурнинг Гулбадан бегим исмли қизига бориб туташади. Зебуннисо бегим (1048 ҳижрий йил шаввол ойи) 1639 йил милодий, февраль ойида Деҳлида туғилиб, умри давомида адабиёт соҳасида жадал ишларни амалга оширган.
Аёл – жамиятда бамисоли уммон. У ҳам она, опа, сингил, фарзанд, келин, иш муассасаларида ишчи, ходим, педагог, доктор, бошқарувчи, депутат, унинг чеки чегараси йўқ. Бирон фаолият мавжуд эмаски, уни аёлсиз тасаввур этса. Ҳар жабҳада ўз меҳнат, матонатини аямай сарфлаб, жонкуяр муҳаббати билан иситади.
Бугунги кунда аёл-қизларнинг билим савияси, тарбияси ва ҳулқ-атворига эътибор бериш долзарб масалаларга айланмоқда. Сабаби келажак авлод тақдири бевосита оналарга боғлиқдир. Фарзандларга тўғри йўл кўрсатиш, ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, илм ва ҳунарга йўналтириш каби ишларга аёллар масъул эканлигини ҳис этишлари лозим.
Барчага маълумки, аёллар жуда катта куч ҳисобланадилар. Ўз ғояларини жамиятга сингдиришни истаётган ҳар қандай куч, албатта, катта эътиборни аёлларга қаратиб, улар орқали гуруҳ ва жамоаларни бошқарадилар.
Афсуски, бугунги кунда диний экстремистик гуруҳлар аёлларни ўйинчоқ каби қўлдан-қўлга ўтказиш орқали хорлаб, бунинг устига қилаётган разил ишларини оқлаш мақсадида“Жаннат ваъдаси” билан уларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирмоқдалар. Соф исломий ақидаларни билмаслик ва қадрламаслик орқали «никоҳ» деб аталмиш муқаддас тушунчага доғ тушурмоқдалар. Бу, албатта, диний савиянинг жуда пастлигидан дарак беради. Бунинг устига Исломда никоҳ - бу муайян вазифаларни юклайдиган, мустаҳкам шартномадир. Абу Ҳанифа мазҳабларида мутъа (вақтинча) никоҳларга изн берилмаган.
Оила психологияси томонидан олиб қаралганда, оилада аёлларнинг вазифаси учта: репродуктив, продуктив ва ижтимоий вазифалардир. Репродуктив вазифа – бола туғиш ва уй-хўжалигини юритиш – иш кучини тиклаш ва сақлаб туриш учун зарур» . Бу ўринда репродуктив вазифа аёллар билан боғлиқ вазифа сифатида тилга олинаётгани бежиз эмас. Шарқда оила ва фарзанд кўриш, бола тарбияси энг аввало аёл билан боғлиқ ҳолда тушунилиб, ушбу вазифа аёлга тааллуқли деб қаралади. Шунинг учун Шарқ адабиётларида «аҳлу аёл» ибораси кенг қўлланилади. «Аҳл» дегани оила, аёл демакдир .
«Жаннат» оналар оёғи остида, деб беҳуда гапирилмаган. Ҳеч ўйлаб кўрганмизми, фарзандларимиз Аллоҳнинг уйи Байтуллоҳга йўл олса, онамиз: «Эй болажоним, мени дуо қил!» – деб айтиши мумкин. Лекин биз оналаримизга борганда «Мени дуо қилинг» демаймиз. Сабаби онажонларимиз айнан бизни дуо қилиш учунгина Байтуллоҳни зиёрат қиладилар. Вақти келса фарзандимиздан бир кунда неча маротаба хабар оламиз-у, лекин онамизга қилган биргина қўнғироғимизда онажондан ҳол-аҳвол сўрасак, «Ўзинг омон бўлсанг, бас болам», дея жавоб оламиз. Бу не зотки?! Ўзиданда фарзандини устун қўйса. Бу не зотки?! Меҳри уммон каби муҳаббатга лиммо-лим бўлса.
Хулоса ўрнида улуғ немис шоири Йоҳанн Вольфганг Гётенинг ҳадис матнига муносиб аёлларга аталган шеърини айтиш мумкин:
Аёлларга зулм ўтказма, бўлма тошбағир,
Улар қийшиқ қовурғадан яралган ахир.
Нетсин, Аллоҳ яратибди уларни шундоқ,
Синиб қолар, тўғрилашга уринганинг чоқ.
Ўз ҳолига қўйсанг баттар қийшаяди ул,
Одам ўғли, ўзинг танла, қай бири маъқул.
Мурувват қил, сенга қарши қилсаларда жанг,
Яхши эмас синиб қолса битта қовурғанг.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртининг
3-курс талабаси Исоқжонова Муҳсина