Қандай қилиб Рамазон ойида вақтни фойдали ўтказамиз?
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Рамазон ойи ҳижрий ойларнинг энг улуғи ва энг аҳамиятлисидир. Аллоҳ таоло унда рўза тутишга амр қилган. Аллоҳ рамазон ойи рўзасини чиройли тутган ва ибодатларни ўз ўрнида бажарган бандаларга буюк ажр ва савобларни ваъда қилган. Рамазонда ажойиб раббоний руҳият бўлади. Шунинг учун унинг ҳар лаҳзасини фойдали ўтказмоғимиз лозимдир.
Биз сизларга рамазонда вақтингизни фойдали ўтказишингиз учун баъзи йўлларни ҳавола қиламиз. Улар сизларга фойда беради деган умиддамиз.
Биринчи йўл: Рамазондан олдин
- Нафсни чиниқтириш. Рамазондан олдин нафсни рўза тутишга ўргатиб туриш лозим. Душанба ва пайшанба кунлари ёки ҳижрий ойларнинг 13,14, 15 кунлари рўза тутиш. Фажрдан олдин туришга нафсни ўргатиш ва бомдод намозидан кейин қуёш чиққунича Қуръонни тиловат қилиш ва зикр қилишга ўргатиш керак.
- Жисмни зарарли моддалардан тозалаш. Зарарли овқатланишни тарк қилиш. Чой, қаҳва ва турли хил сунъий шарбатларни ичишни камайтириб, сув ичишни кўпайтириш лозим. Ёғли, ширин ёки шўр таомлардан тийилиш. Мевалар ва кўкатларнинг истеъмолини кўпайтириш.
- Зеҳнни тиниқлаштириш. Мияни чалғитадиган, шовқинли товушлардан, мусиқалардан, ҳар хил ўтириш ва меҳмондорчиликлардан, оммавий ахборот воситаларидаги ёмон хабарлардан узоқлашиш. Буларнинг ўрнига исломий китобларни мутолааси билан машғул бўлиш афзал.
- Рамазондан олдин керакли маҳсулотларни сотиб олиш. Рамазонда зарур бўладиган озиқаларни, мисол учун, гўшт, балиқ ёки сабзавот ва меваларни олдиндан сотиб олиб қўйиш афзал. Шунда рўзада озиқ-овқатларни сотиб олишга вақт кетмайди. Фақатгина кундалик зарурий озиқаларгина олинади.
Иккинчи йўл: Рамазонда
- Саҳарлик қилиб бўлгач,намоздан олдин ва кейин бир пора Қуръонни қироат қилиш.
- Эрталаб енгил ухлаб олиш. Чунки эрталабки уйқу кун давомида тетик юришга ва мудрамасликка ёрдам беради.
- Бошқалар билан карамли ахлоқда бўлиш.
- Саховатли бўлиш. Рамазон яхшилик ва садақа қилиш ойидир. Фақирларнинг юзига қараб табассум ила садақа қилиш, унга ва оиласидагиларга сурур бағишлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Одамларнинг энг сахийси, рамазонда очиқ қўл бўлганидир».
- Ифторда кўп емаслик. Оғизни очишни хурмо, сув ёки шарбат ёхуд сут ичиш билан бошлаш. Асосий таомни бир оз вақтдан кейин ейиш яхшидир. Рўзада қовурилган овқатларни ўрнига қайнатилганларни ейиш тавсия қилинади.
- Саҳарлик ва ифторликда мумкин қадар кўп сув ичиш керак. Бу чанқоқни қондириш учун эмас, балки бундан мақсад танани қуриб қолишдан ҳимоя қилишдир.
- Таровеҳ намозини ўқиш. Уни жамоат билан масжидда ўқиш пайтида инсон қалбини раббоний руҳият чулғаб олади.
- Рамазонда Аллоҳ азза ва жалла билан муножотни кўпайтириш лозим. Дуоларни кўпайтириш, Қуръон қироатини кўпайтириш. Рамазонда дунё ишларидан четланиб, Холиққа яқинлашишга уриниш.
- Лайлатул қадрни кутиш. Аллоҳ таоло зикр қилганидек у кеча минг ойдан яхшидир. У кечада Қуръон саййидимиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлгандир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кечани рамазоннинг охирга ўн кунлигидан топишни айтганлар.
- Фитр садақасини бериш.
Учинчи йўл: Рамазондан кейин
- Рамазондан кейин, у ўтди деб унда қилинган амалларингизни ташлаб кўйманг. У келаси йил яна қайтади. Балки уни ҳаётингизни тартиблаган ўқитувчи деб билинг. Ҳаётингнинг ҳар бир кунини рамазон кунларидан бир кун деб билгин.
- Рамазондан кейин ҳам рўза тутишни тарк қилмаслик керак. Доим рўзада бардавом бўлиш ва яхши хулқларда бардавом бўлиш лозим.
Рўзага ва рамазонга ҳарис бўлиш, унинг фазлидан, яхшилигидан ва баракасидан баҳраманд бўлишдир.
Араб тилидан Назокат таржимаси