Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Аллоҳ шундай дейди: «Агар ҳақ уларнинг ҳавойи нафсларига эргашса, албатта, осмонлару ер ва улардаги кимсалар фасодга учрар эди». (Мўминун, 71)
Ҳавойи нафснинг энг катта зарари ҳукмдорлар тарафидан келади. Аслида уларнинг вазифаси ер юзида адолат ўрнатишдир. Агар улар ҳавойи нафсларига берилсалар, кучлиларга хушомад қилиб, кучсизларга жабр ўтказсалар, ер юзида фасод пайдо бўлади. Тарихда кўп марта содир бўлганидек, бахтсизлик ва харобаликка сабаб бўлувчи қўзғолонлар келиб чиқади.
Қуръони Каримда бизга таълим бериш мақсадида Аллоҳнинг ўз пайғамбари Довуд алайҳиссаломга айтган гапи келтирилади:
«Эй Довуд, албатта, Биз сени ер юзида халифа қилдик. Бас, одамлар орасида ҳақ ила ҳукм юрит. Ҳавойи нафсга эргашма! Яна у сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирмасин. Албатта, Аллоҳнинг йўлидан адашадиганларга унутганлари учун ҳисоб кунида шиддатли азоб бордир» («Сод» сураси, 26-оят).
Ҳавойи нафсга эргашиш бизни ҳаётдаги ҳақиқатлардан узоқлаштиради. Ҳозирги замон фалсафасининг отаси ҳисобланмиш Фрэнсис Бэкон фикрича, ҳақиқатга эришиш учун унинг йўлини тўсиб турган тўрт нарсадан халос бўлиш зарур ва шу тўрт нарсанинг ичидан кўплаб хатолар келиб чиқади. Шулардан бири ўзидан олдин ўтганларга кўр-кўрона эргашишдир. Қуръон яҳудийларга Муҳаммад алайҳиссаломга эргашишлари зарурлигини тушунтириш жараёнида, уларнинг бу нарсани қабул қилмасликларининг сабабини ҳам эслатиб ўтган. У ҳам бўлса, ҳавойи нафслари бўлиб, ўзларидан олдин ўтганларга кўр-кўрона эргашишларидир.
Аллоҳ шундай дейди:
«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас» («Қасас» сураси, 50-оят).
Ҳаётда ҳавойи нафсга берилишнинг энг асосий сабаби, киши иродасининг заифлиги ва илмининг озлигидадир. Ҳавойи нафс инсон ақлини ўзига бўйсундириб олса, у бошқалар каби идрок қилиш, эслаш, ўйлашга қодир бўлмай, балки фақат бир нарса атрофида ўралашиб қолади. Инсон бир нарсани яхши кўрса, унга кўп эътибор беради ва ундан бошқа нарсани ўйламай қўяди. Шунинг учун ҳам ҳавойи нафс билан ақл ўртасида катта фарқ бор. Ақл ишлатилганда улкан натижаларга эришилади. Ҳавойи нафсга берилиш эса инсонни тўғри йўлдан адаштиради.
Қуръон шундай дейди:
«Албатта, кўпчилик илмсиз равишда, ҳавойи нафслари ила адаштирадилар» («Анъом» сураси, 119-оят).
«Йўқ!!! Зулм қилганлар илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашдилар, холос» («Рум» сураси, 29-оят).
Қуръон ҳавойи нафсни тузатиш йўлини ҳам кўрсатган. Бу эса бутун вужуд билан Аллоҳга юзланиш ва унинг буйруқларидан чиқмаслик билан бўлади.
«Ва аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир» («Анназиат» сураси, 40, 41-оятлар).
Мана шу, Аллоҳ ҳар нарсани кузатиб туришига ишониш ва ҳавойи нафсга қарши курашиш тўғри йўлда собит қадам бўлиб, нотўғри йўлга кирмаслигимизнинг кафолатидир.