Рима (Бўлган воқеа)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугун дам олиш куни бўлишига қарамасдан ҳар кунгидек эрта уйқудан турдим... Айтганча... Қизалоғим Рима ҳам шундай... доим барвақт туришга одатланган... Эрта тонгдан туриб олади-да, ўзининг ширин ва меҳрибон тили билан уйга жон киргизади. Уйимиз худди саҳар чоғи сайроқи қушлар хониши билан уйқусидан уйғонган ўрмон каби жонланади... У бизнинг ҳақиқий овунчоғимиз, ёнар чироғимиз, уйимизнинг файзу баракаси...

Ўз хонамда китобларим, ҳужжатларим билан шуғулланиб ўтирган эдим... Қизчам хонага кириб келганини ҳам сезмай қолибман...

— Ойижон... нима ёзяпсиз?– деди баногоҳ қизалоғим.

— Аллоҳга хат ёзяпман, қизим...

— Мен ҳам ўқиб кўрсам майлими, ойи-жооон?!..

— Йўқ, асалим, бу менинг хос мактубларим бўлади. Уларни ўзимдан бошқа биров кўришини хоҳламайман...

Рима хонамдан ранжигансимон ҳолатда хомуш бўлиб чиқиб кетди. Лекин у бунга ўрганиб ҳам қолган... Чунки ҳар сафар хатларимни ўқимоқчи бўлганида унга худди шундай рад жавобини қилардим...

Воқеага бир-неча ҳафта бўлди... Бегим куни эди... Рима негадир узоқ вақт ўз хонасида қолиб кетди... Нима қилаётган экан, дея қизиқсиниб, тўғри унинг хонасига йўналдим. Хонага киришим билан у нима учундир худди саросимага тушгандек ғалати бўлиб қолди... Олдинлари олдига кирганимда ҳеч қачон бунақа ҳаяжонланмасди... Тушунмадим... Нега Рима ўзини бундай тутяпти экан-а? У нима қилаётган экан? Нималарни ёзаётган экан, ажабо?.. Рима ёзув столи олдида ўтириб, қўли билан бир нарсаларни беркитган ҳолда юзлари қизариб, менга қараб турарди...

— Рима!.. Нима ёзяпсан?– дедим… У эса:

— Ҳеч нарса, ойижон, булар менинг ўзимнинг нарсаларим...– деди каловланиб. Тўққиз яшар қиз мен кўриб қолишимдан хавотирга тушадиган қанақа муҳим нарса ёзаётган бўлиши мукин?– деган фикр миямга ўрнашиб қолди. У ёзаётган нарсаларни кўришга бўлган иштиёқим яна ҳам кучайди...

Шу пайт:

— Лекин, ойижон, ёзган ҳамма нарсамиз ҳам амалга ошармикин, деди қизим гапни бошқаёққа буриб юборишни уддалаб. Ҳа-а, мана энди унинг нима учун бу қадар ҳаяжонланаётганининг сабабини тушуниб етдим. У Аллоҳга мактуб ёзаётган экан-да,– ўйладим мен.

- Албатта, амалга ошади, қизалоғим. Ахир Аллоҳ ҳамма нарсани билиб туради-ку...

Шунча ялинмай, у ёзган нарсаларини ўқишга рухсат бермади... Ахири, тарвузим қўлтиғимдан тушган ҳолда унинг хонасидан чиқиб, ногирон эрим Рашид аканинг олдига йўл олдим. Ва одатдагидек, у кишининг қаршисида ўтириб, бугунги жаридаларни ўқиб бера бошладим. Газеталарни ўқирдим-у, лекин хаёлим қизим билан бирга эди. У беркитган қоғозларда нималар ёзилган экан-а… Қизиқ, Рима Аллоҳдан нималарни сўраган бўлиши мумкин, деган ўй-фикрлар ҳамон миямда чарҳ уриб, тинчлик бермасди. Рашид ака хаёлим паришонлигини пайқаб, бунинг сабабини ўзидан деб ўйлабди. Бегим менинг ишим енгиллашиши учун ўзига қарайдиган биронта ҳамшира, ёхуд қаровчи ёллашимни илтимос қилди... Ё Аллоҳ,.. Наҳотки, эрим шунақа фикрга борган бўлса? Бу нарсани хаёлимга ҳам келтирмаган эдим... У кишига табассум қилиб, бошларини бағримга босдим. Мен билан қизим учун йиллар давомида хориб-чарчаб, кўп тер тўккан пешонасидан ўпдим. Юзларини силадим. Эрим бизнинг ҳеч нарсадан кам бўлмасдан яшашимиз учун ҳаётини фидо қилган, соғлигидан айрилган. Энди, озгина вақт унинг хизматини қилганимга ачинаманми-а?!.. Наҳотки, мен шу қадар пасткаш одам бўлсам?!..

Рашид акага хаёлим паришонлигининг асл сабабини тушунтирдим. Гап умуман у кишида эмаслигини айтиб, кўнглини кўтардим...

Рима нонуштасини қилиб, мактабга кетди. Ўқишдан қайтганда эса отасига қарайдиган доктор уйда эди. Қизим ҳеч нарсага қарамай шошилганча ногирон отасининг олдига югуриб келди. Унинг бошини қучиб, пешонасидан ўпиб, сочларини тартиблаб, ўз меҳри ва эркалашлари билан ийдиришга, дардини унуттиришга ҳаракат қила бошлади. Рима отасини ҳадсиз-ҳудудсиз яхши кўрарди.

Доктор эримни кўрикдан ўтказиб бўлгач, менга унинг аҳволи ўта оғир эканини айтиб, хайрлашди. Юрагим эзилиб, беихтиёр кўзларим косасига ёш тўла бошлади. Қизим мени кўриб, дадаси ҳақида хавотирга тушиб, нима бўлганини айтишимни талаб қилиб, туриб олди. Кўз ёшларимни артиб, бери кел, қизим, дея уни бағримга босдим ва ҳали кичкина қиз бўлишига қарамасдан, ҳеч нарсани яширмай, ҳолатни очиқ-ёруғ айтиб бердим. Доктор унинг дадажонисининг буюк юраги, барчамизга, хусусан, жондан азиз бўлган қизалоғи Римага нисбатан беҳисоб севги ва муҳаббатга эга бўлган кучли юраги тобора кучсизланиб бораётганини ва у энди биз билан бирга уч ҳафтадан ортиқ яшай олмаслигини айтдим.

Бу сўзларни эшитиб, Рима додлаб юборди. У тинмай:« Нима учун менинг дадажонимга бунча азоблар бўлади, нима учун менинг дадажоним бунчалик қийналадилар, нега?!» – деган сўзларни такрорлаб, уввос солиб йиғлашга тушди. У ўзини йўқотиб қўйган эди.

Мен эса ўзимни зўрға ушлаб, қизим, бу Аллоҳнинг иши!.. Сен катта қизсан, ақлли қизсан, қизим... Агар бунақа қилсанг, дадажонинг баттар эзиладилар... Ахир сен дадажонингни биттаю битта фарзандисан... Сен сабрли бўлишинг керак... Довюрак бўлишинг керак... Ундан кўра, дадажонингга Аллоҳдан шифо сўрагин. Аллоҳнинг раҳмли эканини унутдингми?! Аллоҳ ҳар ишга қодир-ку... – дея овутишга ҳаракат қилдим.

Рима менга қулоқ солиб, йиғини тўхтатди. Кўз ёшларини артди. Алам ва қайғусини ичига ютиб, ўзини қўлга олди. У маълум вақт бир нуқтага тикилиб, ўйлаб турди-да ажиб бир жасорат ва ўктамлик билан: –Онажон, қўрқманг, Худо хоҳласа, дадажоним ўлмайдилар,– деди. Рима бу сўзларни шундай кучли ишонч ва қатъият билан айтдики, ҳатто бу гап менинг ҳам қалбимга куч ва далда бағишлагандек бўлди...

Рима ҳар куни эрталаб, мактабга кетиш олдидан дадасининг илиқ юзидан ўпиб,«Дадажон, яхши қолинг, мен сизни соғинаман, яхши ўтиринг, хўпми», дея кулиб, табассум ва қувонч билан хайрлашарди. У имкон қадар бемор дадасининг дардини унуттириб, қалбига хурсандчилик олиб киришга ҳаракат қиларди. Лекин бугун у дадасини ўпаётганда узоқ вақт унинг юзига мўлтираб тикилиб қолди. У худди дадасининг дийдорини бошқа кўрмайдигандек, ҳеч хайрлашгиси келмасди. Рима дадасига бамисоли нажот кутаётган одам каби, ёлборувчи нигоҳлар билан назар қиларкан, дадажон, қанийди сиз ҳам худди дугоналаримнинг дадалари каби қачондир мени ўз машинангизда мактабга элтиб қўйсангиз эди, ҳар куни ўртоқларимни дадалари машинада опкелиб, опкетишларини кўриб, мен ҳам сиз билан бирга машинада юргим келади, деди.

Бу гапдан Рашидни чуқур қайғу чулғаб олди. У ўзининг ногиронлиги эрка қизчаси Риманинг хурсандчилиги тўлиқ бўлишига тўғаноқ бўлишини билса ҳам, алам ва қайғусини базўр яшириб, қизим, иншааллоҳ, тузалиб кетсам, бир кун келиб, сени, албатта, ўзим мактабга олиб бораман, дея қизини овутишга ҳаракат қилди.

Римани мактабга мен обориб қўйдим. Уйга қайтганимда негадир унинг мактубларини жудаям ўқигим келди. Ўйлаб туриб, гарчи одобга зид бўлса-да, Риманинг хонасига кириб, мактубларни қидира бошладим. Ёзув столи устини, тортмаларни, ёстиқ тагини, дераза токчасини – хуллас, ҳаммаёқни титкилаб, ағдар-тўнтар қилсам ҳамки, уларни тополмасдим. Ҳатто Риманинг кийим шкафини ҳам қарадим. Лекин самарасиз. Хатлар ҳеч қаерда йўқ эди. Наҳотки, Рима ёзган хатларининг барини йиртиб ташлаган бўлса?!.. Бўлиши мумкин эмас... Ўйла, Нурия, ўйла... Қизинг хатларини қаергадир яширган, қаерга бўлиши мумкин... Шу вақт кийим шкафининг тепасида турган чиройли қутига кўзим тушди. Балки, мактублар шу ердадир... Рима бу қутини жудаям яхши кўрарди. Унда менинг атир-упа ва хушбўйликларим турарди. Рима мендан сўрайвергач, охири ичидагини бўшатиб, қутини унга совға қилган эдим. Шундай қилиб, қутини олдим, унинг ичини очиб, не кўз билан кўрайки, ичи тўла хатлар эди... Уларнинг ҳаммаси Аллоҳга юборилган:

«Эй Аллоҳ, холамнинг ўғли Аҳмад имтиҳонларини яхши баҳога топширсин, чунки мен уни яхши кўраман!»

«Эй Аллоҳ, мушугимиз мош кўп бола туғсин. Чунки унинг болалари ўлиб қолган. Энди у ҳар куни йиғлайди».

«Эй Худо, илтимос, қўшнимиз Саид акани кучуги ўлиб қолсин! Чунки у ҳар куни мактабдан келаётганимда мени тишламоқчи бўлиб, қўрқитади».

«Эй Худо, уйимиздаги гуллар тезроқ очилсин. Ўшанда мен ҳар куни биттадан гул узиб, муаллимамга олиб борардим»...

Қути юқоридагидек болаларча беғуборлик ва мусаффолик билан ёзилган маъсум хатлар билан тўла эди...

Мазкур хатларнинг ичида энг кулгилиси мана буниси эди:

«Эй Худо, илтимос, ходимамизнинг ақлини кўпайтир... Чунки у ҳар доим ойимни чарчатворади...».

Субҳаналлоҳ, кунлар ўтиб, Рима ёзган барча мактублар бирин-сирин ижобат бўлиб, унинг тилаклари рўёбга чиқа бошлади. Бир ҳафта олдин қўшнимизнинг ити ўлиб қолди. Уйимиздаги гуллар тезда катта бўлиб, бирин-кетин очила бошлади. Рима ҳар куни биттадан гул узиб, муаллимасига совға қилиш учун мактабга олиб кетарди. Мушугимиз ҳам тез орада бошқаттан болалади...

Лекин, мени ҳайрон қолдирган нарса бошқа эди. Нима учун шундай ақлли, меҳрибон қизим, дадажонисига шифо сўраб, мактуб ёзмади экан?!.. Балки, дадаси учун ҳам дуо қилса, эҳтимол, у ҳам тузалиб кетармиди?!..

Мана шуларни ўйлаб, узоқ вақт хаёлим паришон бўлиб қолди. Бу паришонликни телефоннинг тўсатдан, важоҳат билан жиринглашигина тарқатиб юборди. Қўнғироққа ходимамиз жавоб берди. Кейин зум ўтмай:

— Хоним, сизни Риманинг муаллимаси чақиряпти, шошилинч экан, дея гўшакни менга узатди.

Негадир кўнглим ғаш тортди. Муаллима?!.. Нега қўнғироқ қилаётганийкин?!.. Ёки бирон корҳол рўй бердимикан-а? Рима бирон иш чиқариб қўймаган бўлсин-да, ишқилиб... Шуларни ўйларканман, ҳайронлик ва хавотир исканжасида гўшакни қулоғимга тутдим.

— Эшитаман…

Муаллима, Риманинг тўртинчи қаватдан йиқилиб тушганини айтганда кўз олдим қоронғулашиб, ўзимни ташлаб юбордим. Бечора қизим Рима қўлида гул тутганча муаллимасининг олдига чопқиллаб кетаётганда зинадан йиқилиб, думалаб кетибди. Ҳатто йиқилганда ҳам муаллима опасига совға қилмоқчи бўлган гули қўлида қолибди. Рима қайтиб келмайдиган бўлиб, бизни ташлаб кетди...

Кутилмаганда бошимизга тушган мусибат зарбаси жуда қаттиқ бўлди. Бу зарбага на мен, на эрим Рашид чидай олдик... Бир кунда тим қора сочларим устига паға-паға қор ёғди. Меҳрибон, суюкли ва жондан азиз, ёлғизгина қизалоғидан айрилганига чидаёлмай, ногирон эрим Рашид ака қаттиқ изтироб, кучли руҳий ларзага дучор бўлди. Зарбанинг зўридан у кишининг тили ҳам фалажланиб, ўша кундан бери гапиролмайдиган бўлиб қолдилар...

Мен эса ҳар куни Риманинг мактабига бориб келардим. Хаёлимда уни худди аввалгидек мактабга олиб бориб қўяётгандек эдим гўё. Рима ҳар куни суғорадиган гулларга сув қуйиб, парваришлардим. У яхши кўрган ўртоқ ва дугоналарини тез-тез уйга чақириб турардим. Хуллас, қизалоққинам қилишни яхши кўрадиган ҳамма ишларни қилиб юрардим. Мана шундай ишлар билан ўзимни ўзим алдаб, овутиб юрардим гўё. Лекин буларнинг бари бефойда. Уйнинг ҳар бир бурчи қизимни эслатиб, гавдалантириб турарди. Ҳар бир бурчакдан унинг уйимизга жон бағишлайдиган, қўнғироқдек кулишлари эшитилиб турарди. Риманинг вафотига гарчи бир неча йил ўтган бўлса-да, мен учун бу мусибат худди бугун содир бўлгандек эди. Унинг орамизда йўқлигига ҳеч кўника олмасдим.

Кунлардан бир куни аниқроғи Жума кунининг тонги эди, ходимамиз ваҳима билан югуриб келди.

— Хоним, Риманинг хонасидан қандайдир товуш чиқяпти... – деди у.

Субҳаналлоҳ... Наҳотки, Рима қайтиб келган бўлса?!.. Йўқ, бу – ақлга сиғмайдиган иш. Бу ғирт савдойилик...

— Нима деётганингни биласанми, ўзи... – дедим унга…– Рима ўлгандан бери, унинг хонасига инсон зоти қадам босмаган ахир...

Лекин эрим Рашид ака Риманинг хонасига бориб, нима бўлганини текшириб кўришимни талаб қилди...

Калитни қизгинамнинг хонаси эшигига тиқиб бураяпман-у, юрак бағрим тасвирлаб бўлмас даражада ҳаприқиб, аламларим ғалаён кўтарарди... Эшикни очиб, қизимдан ёдгорлик ва хотира бўлиб қолган шу хонага қадам босиб кирдим. Лекин ўзимни тута олмай, ўтириб олиб, роса йиғладим... Қизимнинг каравотига ўзимни отдим...  каравот тебраниб, ўзидан ғичирлаган товуш чиқарарди...--

Эсим қурсин... Рима ўлмасидан олдин, менга неча марталаб каравоти чайқалиб, ўзидан товуш чиқараётганини айтган эди. Мен эса ё ҳафсаласизликдан, ёки бошқа сабаблар туфайли дурадгор чақиртириб, унинг ётоғини тузаттириб бериш эсимдан чиқиб кетган эди... Кейин қизимдан жудо бўлгач, бу нарса ўз-ўзидан хаёлимга келмаган... Чунки, барибир, бефойда... Каравотда ётадиган қизимнинг ўзи бўлмагач, тузаттиришдан не наф...

Тўхта, тўхта... Тинч турган каравотдан бундай товуш чиқишига сабаб бўлган нарса нима экан?.. Бу «Оят ал-Курсий» билан зийнатланган тахта рамкали лавҳа эди... У каравот тепасида деворга осиғлиқ турарди. Рима уни ҳар куни ўқийвериб, ёдлаб олганди... Ўша лавҳа каравот устига тушиб кетган экан...

Уни жойига илиб қўяман деб кўтарган эдим, қарасам, лавҳанинг орқа тарафидаги рамкага бир варақ қоғоз қистириб қўйилган эди... Субҳаналлоҳ... Бу нима?!! Шоша-пиша қоғозни ўгириб қарасам, у бир хат эди... Субҳаналлоҳ... Нима учун Рима бу хатни Оятул-Курсий ортига яширган экан...

Юракларим дукиллаб кетди… Чунки бу Риманинг Аллоҳга ёзган мактубларидан бири экан... Унда мана бу сўзлар ёзилган эди:

«Эй Аллоҳ... Эй Аллоҳ... Эй Аллоҳ... Агар уйимиздан кимдир ўлиши керак бўлса, мен ўлай. Менинг ўрнимга дадажоним яшасинлар... Менинг ҳаётимни ҳам дадажонимга бер...».

Тошкент шаҳари «Шайх Зайниддин» жомеъ

масжиди имоми хотиби Одилхон Исмоилов

Мавзуга оид мақолалар
51. Савол Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга биринчи бўлиб иймон келтирган ёш бола ким Жавоб давоми...

18:20 / 15.12.2017 3851
httpsyoutu.beW4uKqzuGQ

12:22 / 23.03.2019 2417
Фарзанд Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғ неъматлардан бири давоми...

22:32 / 25.01.2017 5712
embedhttpswww.youtube.comwatchvEY1F9AoAtD0featureyoutu.beembed

16:23 / 26.11.2018 2361