Илмнинг фазли ва унга оид масалалар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий илмлар шу мақсадга хизмат қилади. Жумладан, биз баҳс қилиб турган мавзу учун ҳам илм энг муҳим омил эканини яна бир бор таъкидламоқчимиз.

Шу билан бирга, воқелигимиздан келиб чиқиб, минг афсуслар ила таъкидламоқчимизки, кўпчилигимиз илмга керакли масъулият билан қарай олмаймиз. Хусусан, диний таълимотларни ўрганишга бўлган эътиборимиз жуда ҳам ночор ҳолда. Кўпчилигимиз диний тушунчаларни ўзлаштириш учун тайёр турган китобни ўқишга ҳам дангасалик қиламиз.

Шоядки, келгуси сатрларда илм ҳақидаги ёритилажак нарсалар кўпчилик учун илмга туртки бўлар, деган умиддамиз.

Гапни илмнинг луғатдаги маъноси билан танишишдан бошлайлик.

«Илм» сўзи араб тилида «бир нарсанинг бош­қасидан ажратиб турадиган белгиси» маъносини анг­латади. Бинобарин, «таълим» ўрганувчининг кўп такрорлаши сабабли унинг шахсиятига таъсирини ўтказувчи омил эканини билиб оламиз.

Луғат илмининг кўзга кўринган арбобларидан бири бўлган Ибн Манзур: «Илм жоҳилликнинг акси бўлиб, у бир нарсанинг бошқалардан ажралиб турувчи белгисини билиб олишдир», деган.

Илмнинг истилоҳий маъноси қуйидагича:

Журжоний «Таърифот»ида: «Илм воқеликка мувофиқ бўлган жазмли эътиқоддир», деган.

Имом Fаззолий рfҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Илм бир нарсани худди ўзидек идрок қилишдир».

Илм ва унга боғлиқ маъноларни ифода этган ояти карималарнинг сони уч юз етмиш тўққизтадир.

Қуръони Каримнинг илмга оид оятларидан баъзиларинигина келтириб ўтамиз.

Аллоҳ таоло «Фотир» сурасида:

«Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган (28-оят).

Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, махлуқотлардан ибрат олиб, уларнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни топган ва Ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади.

Аллоҳ таоло «Зумар» сурасида:

«Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» деган (9-оят).

Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келти­риб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён қиладилар.

Аллоҳ таоло «Анкабут» сурасида:

«Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнинггина ақли етар», деган (43-оят).

Бу борадаги ҳадиси шарифларнинг адади жуда ҳам кўп. Биз намуна сифатида фақат бир нечтасини келтирамиз.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради.

Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Дин таълимотларини яхши тушуниш банда учун катта бахт-саодат бўлиб, бу ҳолат Аллоҳ таоло унга яхшиликни ирода қилганига далолат қилади. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар.

Яъни мен Аллоҳ таоло берган илмни етказаман, холос. Ҳақиқий илм берувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади», – дедилар.

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади.

Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим.

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Саҳоба ва улуғлардан илм ҳақида ривоят қилинган ҳикматлар жуда ҳам кўп. Улардан баъзиларини эсга оламиз.

1. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас, илм қўрқишнинг кўплигидир», деган экан.

2. Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳу: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб, «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар экан.

3. Ибн Абдулбарр Ҳилол ал-Варроқдан ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди: «Огоҳ бўлинглар! Энг содиқ гап Аллоҳнинг гапи. Энг гўзал ҳидоят Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидояти. Ишларнинг энг ёмони янги пайдо қилинганлари.

Огоҳ бўлинглар! Одамларга илм уларнинг акобирларидан келса, улар яхшиликда бардавом бўлурлар».

4. Имом Аҳмад ва Ибн Абдул Барр Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Илмни таълим олинг­лар ва одамларга таълим беринглар. Унинг учун виқор ва сокинликни ҳам ўрганинглар. Ўзингиз таълим олган кишига ва таълим берган кишига тавозели бўлинг. Уламоларнинг жабборлари бўлманг. Жаҳлингиз илмингиз ила қоим бўлмайди».

5. Абу Нуъайм ва бошқалар Кумайл ибн Зиёддан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қўлимдан тутиб саҳро томонга олиб чиқди. Саҳрога чиққанимиздан кейин ўтириб, нафас ростлади ва қуйидагиларни айтди:

«Эй Кумайл ибн Зиёд! Қалблар идишлардир. Уларнинг яхшиси кўпни ўз ичига оладиганидир. Сенга айтадиган нарсаларимни ёдлаб ол.

Одамлар уч тоифадир: олими роббоний; нажот йўлини ўрганувчи; пасткаш, ғавғочи, ҳар кимга эргашувчи, ҳар шамолга мойил бўлувчи, илм нуридан зиё олмаган кимса.

Илм энг яхши молдир. Илм сени қўриқлайди. Сен молни қўриқлайсан. Илм амал билан зиёда бўлади. Мол нафақа билан ноқис бўлади.

Олимга муҳаббат қилиш лозим тутиладиган дин­дир. Илм олимга ҳаётида тоатни, мамотида яхши эсловни касб қилдиради. Молнинг қолгани эса у билан қўшилиб завол бўлади. Молларнинг хазиначиси ўлди, улар бўлса, тирикдирлар.

Уламолар замон турганича боқийдирлар. Таналари йўқолса ҳам, хотиралари қалбларда мавжуддир.

Албатта, мана бу ерда (қўли билан кўксига ишора қилди) илм бор, уни кўтарадиганларни топсанг эди! Ҳа, топилса ҳам, тез тушунадиган, аммо ишончсизи топилади. У динни дунё учун ишлатади. Ҳужжатларини Аллоҳнинг Китобига қарши, неъматларини бандаларига қарши ишлатади. Ёки аҳли шакқа эргашиб, ҳаётни қалб кўзи билан кўра олмайдигани топилади. Сал шубҳа пайдо бўлиши билан, қалбида шак аланга олади. Ёки лаззатларга берилган, шаҳватларга жиловини тутқазгани топилади. Ёки молу дунё тўплашга ва уларни сақлашга мубтало бўлгани топилади. Улар ҳам дин даъватчилари эмас, кўпроқ далада ўтлаб юрган ҳайвонга ўхшайдилар. Бундай илм уни кўтариб юрувчиларнинг ўлими ила ўлади.

Ё Аллоҳ! Аллоҳнинг ҳужжатлари ва равшан далиллари ботил бўлмаслиги учун ер юзи Аллоҳнинг ҳужжати ила қойим бўлувчидан холи бўлмас. Уларнинг адади оздир. Уларнинг Аллоҳнинг ҳузуридаги қадри улуғдир. Улар ила Аллоҳ ўз ҳужжатларини олға сурур. Улар ўша (ҳужжат)ларни ўз тенг­дошларига етказурлар ва ўзларига ўхшаганларнинг қалбларига экурлар.

Илм уларни ҳақиқатга етказур. Шунда улар бойваччаларга қийин кўринган нарсаларни енгил билурлар, жоҳиллар ўзини олиб қочган нарсага улфат бўлурлар. Улар дунёда баданлари билан бўлсалар ҳам, руҳлари аъло мақомларга боғлиқ бўлур.

Ана ўшалар, Аллоҳнинг юртларидаги ҳалифалари ва динига даъватчилардир.

Эй воҳ! Уларни кўришга шавқим келур! Ўзим ва сен учун Аллоҳга истиғфор айтурман. Хоҳласанг, туриб кетавер!»

6. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу илм билан бирга амал ҳам бўлиши зарурлигини доимо таъкидлар эдилар.

Ибн Абдулбарр ва Дорақутний келтирган ривоятда Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади: «Эй илм ўрганганлар, унга амал қилинглар. Албатта, ҳақиқий олим илмни ўрганиб, кейин амал қилган ва амали илмига мувофиқ келган кишидир. Бир қавмлар бўлурки, улар илмни кўтарсалар ҳам, у бўғизларидан нарига ўтмас. Ичлари ташларига, илмлари амалларига хилофдир. Ҳалқаларни бир-бирларига кўз-кўз қилиш учун қурурлар. Ҳатто бир киши ўзиникини қўйиб, бошқанинг ҳалқасига ўтирганга ғазаб қилур. Уларнинг амаллари ўша мажлисларидан Аллоҳ азза ва жаллага кўтарилмас».

Илм талаб қилишнинг фарзлиги

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир», – дедилар.

Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Демак, ҳар бир мусулмон илм талаб қилишни ўзи учун фарз деб билиши керак. Ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи шахс бўлишга уринмоғи лозим. Исломда илм талаб қилиш бешикдан то қабргача фарз қилинган. Бу маънони кенгроқ тушунишга ҳаракат қилайлик.

Фарз Аллоҳ таолонинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Фарз амални бажармаган одам катта гуноҳ иш қилган бўлади, охиратда иқобга учрайди.

Фарз икки қисмга бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя.

Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни биров учун бошқа адо этгани билан фарз бажарилган бўлмайди. Бунга намозни мисол қилиш мумкин. Балоғатга етган ҳар бир мўмин инсон беш вақт намозни ўқиши – фарзи айн. Ўқимаган одам қаттиқ гуноҳкор бўлади.

Фарзи кифоя эса баъзи бир мусулмонлар адо этса, бошқалар учун кифоя қиладиган ишдир. Бунга мисол жаноза намозидир. Бир мусулмон вафот этса, уни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш ҳамма мусулмонлар учун фарз бўлади. Аммо фарзи кифоя бўлгани учун, баъзи мусулмонлар жанозасини ўқиса, кифоя қилади. Бошқалардан фарз соқит бўлади.

Илм талаб қилиш борасида фарзнинг иккала қисми ҳам иштирок этади.

Ҳар бир мусулмон учун ўзига керак нарсани, ҳаёти учун зарур илмни, дину диёнатни, ҳалол-ҳаромни билиб олишда зарур бўлган ҳар бир нарсани ўрганиши – фарзи айндир. Ҳар бир мусулмон бу ишни қилиши шарт. Қилмаган одам гуноҳкор бўлади.

Мана, илм талаб қилиш Ислом динида фарзлигини тушуниб олдик. Энди бу фарз ҳаётимизда қандай ҳолатда эканини мулоҳаза қилайлик. Кўпимиз ўзимиз учун керак бўлган диний мажбуриятларни билмаймиз. Қуръон ўқиш, намоз ўқиш ва бошқа фарз, вожиб, суннат ишларни ўрганмаймиз. Ҳолбуки, бу ишлар ҳар бир мусулмон учун фарзи айндир. Бу нуқсонни йўқотиш учун курашмоғимиз лозим.

Жумладан, нафсни поклаш ва ахлоқни сайқалаш илми ўрганишимиз ва амал қилишимиз зарур бўлган илмдир.

Илмнинг фойдалари

Илмнинг фойдалари сон-саноқсиз эканини ҳамма яхши билади. Биз диний илмларнинг баъзи фойдаларини қисқача эслаб ўтамиз.

1. Илм орқали Аллоҳ танилади, Унга ибодат қилинади ва тавҳиди асосида яшаш йўлга қўйилади.

2. Илм эътиқодлар ва ибодатларнинг асосидир.

3. Илм талаб қилиш ибодатдир.

4. Илм жаннатга етиш йўлидир.

5. Илм ўз эгасига Аллоҳдан қўрқишни касб қилдиради.

6. Илм ўз эгасига халойиққа нисбатан тавозе қилишни ўргатади.

7. Илмдан, аввало, эгаси, кейин бошқалар ҳам фойда олади.

8. Илмнинг ажри унинг эгасининг ажалидан кейин ҳам боқий қолади.

9. Илм ўз эгасини Пайғамбарлардан кейинги энг юқори мартабага эриштиради.

10. Илм пастни баланд, хорни азиз ва синганни бутун қилади.

11. Илм кишини жаҳолат зулматидан маърифат нурига чиқаради.

12. Илм туфайли силаи раҳм қилинади ва ҳақ-ҳуқуқлар адо этилади.

Илмларнинг турлари

Илмларнинг энг зарурийси банданинг Робби билан муомаласини йўлга қўювчи илмдир. Мазкур муомала учга тақсимланади:

1. Эътиқод

2. Амал

3. Тарк қилиш

Ёш бола балоғатга етганида унинг зиммасига фарз бўладиган биринчи нарса шаҳодат калималарини ўрганиб, маъноларини тушунишдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим кўрмаган араблардан тасдиқни эшитиш билан кифояланганлар. Улардан далил талаб қилмаганлар.

Юқоридаги ҳукм маълум бир вақтнинг фарзи бўлади. Кейин назар солиш ва далилни ўрганиш фарз бўлади.

Эътиқодга оид бошқа нарсаларни ўрганиш ҳам вазиятга қараб фарз бўлиб бораверади. Мисол учун, шаҳодат калималари маъноси ҳақида шак пайдо бўлса, бандага ўша шакни кетказадиган илмни ўрганиш фарз бўлади. Қайта тирилиш, жаннат, дўзах каби ақида масалаларини ўрганиш вожиб бўлади.

Шунингдек, амалга оид ҳукмлар вақти келганда, уларни бажариш учун ўрганиш фарз бўлади. Намоз ўқиш ёшига етганда, тоҳарат ва намозни ўрганиш фарз бўлади. Агар Рамазонга соғ-саломат етиб борадиган бўлса, рўзани таълим олиш фарз бўлади.

Нисобга етган моли бўлса ва бир йил тўлса, закотни ўрганмоғи фарз бўлади. Ҳаж вақти келганда, уни адо этишга шароити бўлса, ҳажни ўрганмоғи фарз бўлади.

Тарк қилиниши лозим бўлган нарсалар ҳолатга қараб ўзгариб туради. Мисол учун, кўзи ожиз кишига назар солиш ҳаром бўлган нарсани ўрганиш фарз бўлмайди. Шунингдек, соқовга гапириш ҳаром бўлган каломни ўрганиш фарз бўлмайди.

Банда хамр ичиш ва ипак кийиш тарқалган диёрда яшайдиган бўлса, унга мазкур нарсаларнинг ҳаромлигини ўрганиш фарз бўлади.

Баъзи илмларни ўрганиш мубоҳ бўлади. Мисол учун, маъноли шеър ва хабарларнинг тарихини ўрганиш.

Баъзи илмлар мазаммат қилинади. Мисол учун, сеҳр ва тилсим илмини ўрганиш.

Шаръий илмларнинг барчаси мақталгандир. Улар усул – асл шаръий илмлар, фуруъ – шахобча шаръий илмлар, муқаддима илмлар ва тўлдирувчи илмларга тақсимланади.

1. Асл шаръий илмлар Қуръони Карим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, умматнинг ижмоси ва саҳобаларнинг асарларидан иборатдир.

2. Шахобча шаръий илмлар мазкур асл илмлардан фаҳмланган ва улардан ақл орқали тушуниб олинган илмлардир. Бошқача қилиб айтадиган бўлсак, фақиҳларнинг қиёс ва бошқа қоидаларни ишга солиб чиқарган ҳукмларига оид илм.

3. Муқаддима илмлар Қуръони Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини билишга хизмат қиладиган наҳв ва луғат илм­ларига ўхшаш илмлардир.

4. Тўлдирувчи илмларга қироатлар илми, тажвид илми, ҳадис ривоятчиларининг исмлари, одиллиги ва таржимаи ҳолларига оид илм ва бошқалар киради.

Мавзуга оид мақолалар
 Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан юртимизда бўлиб ўтаётган Қуръон қироати давоми...

01:19 / 04.02.2018 2874
Фироқ вақтидур, эй кўзлар, энди қон йиғланг, Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз Алишер давоми...

20:11 / 04.02.2017 8413
 Қош қўяман деб, кўз чиқарманг Саҳобалардан бири «Эй Расулуллоҳ, одамларнинг энг қаттиқ балога дучор давоми...

08:43 / 26.01.2017 4124
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ  Муаллиф муқаддимаси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

19:14 / 24.12.2016 8414