Келинлар...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Келинлар … Совчиликка боришдан олдин биз обдон суриштириб, минг чиғириқдан ўтказган, етти маҳалладан суриштириб, охири «яроқли» деб топилгач, дабдабали тўю томоша билан уйимизга олиб келган, ушалган орзуларимиз улар...

Келинлар… Куёвникига боргач, ҳамма сири очилиб, «кимлиги билиниб» қолган, шўрлик қайнонанинг юзига чопиб, юрак ўйноғига дучор қилган, заҳарли тили билан ҳамманинг қалбига ниш санчадиган табиатнинг энг ёмон махлуқлари …

Келинлар… Ўғилларимизга тегиб олгач, уларнинг бош-кўзини айлантириб, ота-она, қавм - қариндошдан ажратувчи, куёвнинг топган -тутганини «уйига ташиб», оиланинг баракасини учирувчи бебаракалар…

Келинлар… Уйдаги ҳамма гапни кўчага ташиб, оиласининг ички сирларини ёядиган, бўлар-бўлмас майда гапларни ота-онасига айтиб, гапни кўпайтирувчи «магнитофонлар» улар…

Келинлар… Қайнонаю овсинлар, муллакалару қайнона-холажонларни норози этиб, ҳаддан зиёд зулм қилган, уларга иссиқ-совуқ, сеҳр-жоду қилиб касалликка йўлиқтирувчи, баъзан эса уларни ўлдиришгача ҳам борувчи қотилалар…

Келинлар… Биз келинларга мана шу фикр билан, шундоқ бадназар билан қараймизми ёки улар аслида ҳам шундоқми?

Келинлар аслида ким?

Келинлар … Ота уйини, уни жондан севувчи, ҳамиша ардоқлаб кафтида тутгувчи, қаттиқроқ эсган шамолдан ҳам қизғаниб ўстирган меҳрибон ота-онаси, ҳар қанча уришиб талашса-да, тезда иноқлашиб кетаверадиган ака-ука, опа-синглисини ташлаб, қалбидаги энг эзгу ниятлари ила ёр остонасини босиб ўтган малаклар…

Қалбида ҳаяжон, аллақандай сирли қувонч, чексиз орзулар, энг асосийси, бахтли бўлишига ишонч билан, аллақачон қалбига ажралмас бўлиб жойлашган масканидан учиб кетган қалдирғочлар…

Уларнинг бу муборак остонани ташлаб кетишлари, боз устига қандай жойга, қанақа экани номаълум кишилар орасига киришлари осонми? Улар ҳеч бир нарсадан хабарсиз, ҳар қандоқ шароитда ҳам энг яхши келин, энг мақтовли бека бўлиш иштиёқида ухлолмай тонг орттирган, хаёли паришон бўлиб қолган маъсумалар...

Келинлар … Аллоҳ таоло куёвга, қайнона-қайнотага омонат ўлароқ берган, албатта, унинг ҳақида Қиёмат куни сўрайдиган заифалар…

Келинлар… авлодимиз давомийлига сабаб бўлувчи, ота-онамизнинг наслини улғайтириб, уруғимиз йўқолиб кетмаслиги учун жонини тиккан, бизни ота, бобо, бувижон бўлиш бахтига эриштирган фидокорлар эмасми аслида?

Биз уларга мана шу назар билан боқсак, мақсадга мувофиқ бўлар балки…

Ҳеч тушунмайман, нима учун биз келин танлаётганда қизлар орасида чертиб-чертиб биттасини оламиз, ялиниб-ёлвориб ота-онасини рози қиламиз, юрган йўлимизда мақтаниб, салгина амалдорроқнинг қизи бўлса, фахрланамиз-у, уйимизга олиб келгач, умуман тескари муомалада бўламиз? Агар келинлар юқоридаги таърифларда келгандек «ялмоғиз» бўлса, нима учун уни ўғлимиз, укамиз ёки жиянимизга раво кўрдик? Нима учун аввалроқ чуқур ўйлаб суриштирмадик?

Нима, онасининг бағрида итоатли, Аллоҳнинг буйруқларини имкон қадар бажариб юрган, юриш-туриши, ўзини тутишда кўпчиликка ўрнак бўлган, ҳатто фазилатлари сабаб бўлажак қайнона-ойижонининг ҳам назарига тушган қиз, бирдан 360 градусга ўзгариши мумкинми?

Ҳеч эшитганмисиз бир инсоннинг бир йилга қолмай бутунлай ўзгариб кетишини? Буни тасаввур қила оласизми? Мен бунақа нарсани реалликдан узоқ, бўлмаган ҳолат деб ҳисоблайман.

Халқимизда «Тоғ жойидан кўчибди, деса ишонгин, аммо одам ўзгарибди, дейилса, асло ишонма», деган нақл бор. Бу бекорга тўқилган эмас.

Тўғри, инсон мукаммал эмас, аммо ҳамма гап – унга қандоқ назар билан боқишда! Ҳадеб сен ёмонсан, деяверса, ҳатто гул ҳам сўлади, инсон нега айнимасин?! Тўғри, ҳамма келинлар ҳам биз мақтаган, таърифини келтирган қизларга ўхшамайди, бир яхшига бир ёмон ҳар қайда бор, лекин уларни ҳам йўлга солишнинг, ҳеч бўлмаса жанжал қилиб, элга шарманда бўлмасликнинг имкони бор-ку. Бунинг оти – муроса!

Эътибор қилганмисиз, ҳамма келинлар ҳаётининг дастлабки вақтларида жуда ҳам яхши, итоатли, иффат ва андишали бўлишади. Орадан сал фурсат ўтгач эса «кимлиги» ошкор бўлади. Нега? Чунки у яхши келин бўлишга, тушган жойидагилар билан яқин бўлишга интилиб, ўзидаги ҳамма фазилатларни пайдар-пай кўрсатишга ҳаракат қилади. Мана шу муомалага ўрганиб қолган куёв томон, вақти келиб келиндан бирон хато содир бўлса, уни кечирмайди, игнадек гапни туядек қилиб кўпайтиришади.

Сиз келинни кимгадир ёмонлаганмисиз? Йўқми? Демак, сиз ҳали қайнона, қайинсингил ёки овсинлик мартабасига етмагансиз. Агар ёмонлаган бўлсангиз – аниқки, буни тан олмайсиз – суҳбатдошингиз кўринишда сизга ачиниши, келинни айбдор қилиши мумкин, аммо шуни унутмангки, орқангиздан «Баттар бўл, ўзинг ким эдинг, қайтар дунё бу», демаслигига кафолатингиз борми?

Унутманг, сиз бировнинг қизига қилган ушбу ноҳақ муносабат, кун келиб шамолдан ҳам асраб улғайтирган арзанда қизингизнинг чекига тушиши, ҳатто,  сиз келинга қилган зулм ўн чандон ортиғи билан қайтиши ҳеч гап эмас!

Зебуннисо Қутбиддинхон қизи

Мавзуга оид мақолалар
Ғийбатнинг луғавий маъноси, бир нарсанинг кўздан тўсилишидир. Уламолар ғийбатни қуйидагича давоми...

06:31 / 29.11.2016 3361
Ер юзида денгизлар кўп. Уларнинг номлари ҳам хилмахил. Денгиз номларининг кўпи уларнинг кўринишига мос давоми...

21:00 / 16.07.2019 3271
Исми Шифа бинти Абдуллоҳ бин Абд Шамс бин Халаф бин Шадад алҚурашияҳ алАдавияҳ маккалик бўлган. Ривоят давоми...

06:43 / 28.12.2016 3126
Интернетдаги баҳслар ҳақида... Инсон янги нарсани ўрганар экан, уни атрофидагиларга етказгиси келади. давоми...

11:53 / 26.10.2018 3408