«Аллоҳ ва унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 بسم الله الرحمن الرحيم الصلاة والسلام عليك يا سيدي يا رسول الله

Доктор Муҳйиддин ибн Муҳаммад Аввома

 

У ЗОТ ТАОЛОНИНГ «АЛЛОҲ ВА УНИНГ ФАРИШТАЛАРИ НАБИЙГА САЛАВОТ АЙТУРЛАР» ДЕГАН ҚАВЛИНИНГ МАЪНОЛАРИ ҲАҚИДА

Оламларнинг Робби, Роҳману Роҳим, Қиёмат кунининг подшоҳи Аллоҳга, шаъни юксак, исми муборак, қадри олий, Ўзидан ўзга илоҳ бўлмаган Зотга ҳамду санолар бўлсин!

Оламларга раҳмат бўлган, мўминларга неъмат бўлган саййидимиз, Набийимиз ва кўз қувончимиз ҳазрати Муҳаммадга ва у Зотнинг оли асҳобларига, Қиёмат кунигача уларга эргашганлар, йўлларини тутганларга салавоту саломлар бўлсин!

Ва баъд:

Аллоҳ табарока ва таоло Ўзининг азиз Китобида: «Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам)Унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деб марҳамат қилган.

ОЯТИ КАРИМАНИНГ УМУМИЙ МАЪНОСИ

Ушбу қисқагина ояти карима икки хабар ва икки амрни ўз ичига олган.

Икки хабар.

Биринчи хабар: Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Олий Зоти ҳақида, Ўзининг ҳабиби мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишини хабар қилмоқда. У Зоти бобарокат учун бундан ортиқ мартаба йўқдир.

Иккинчи хабар: У Зот таоло Ўзининг барча карамли фаришталари ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишларини хабар қилмоқда.

Ояти кариманинг маъноси: Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтади, У Зотнинг карамли фаришталари ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтадилар.

Бу маънонинг сабаби – Аллоҳнинг салавоти ҳамда У Зотнинг фаришталари айтадиган салавотларнинг моҳиятидаги, уларнинг маъноларидаги фарқлардир. Аллоҳнинг Ўз Набийсига айтадиган салавоти фаришталарнинг Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтадиган салавотларидан фарқ қилади. Шунингдек, фаришталарнинг саййидимиз Муҳаммадга айтадиган салавотлари ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга айтадиган салавотига мутлақо ўхшамайди.

Фаришталар айтадиган салавотнинг Аллоҳ таолонинг салавоти ила биргаликда зикр қилиниши эса энг шарафли махлуқотлар инсониятнинг афзали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтадиган салавотнинг татбиқий ва амалий мисоли бўлиши учунгина, холос. Бу, бир томондан, мўминларга буюрилган салавотларнинг даражасини яқинлаштириш бўлса, иккинчи томондан, фаришталарга эргашган ҳолда у Зотга дуруду салавот айтишга тарғибдир.

 Икки амр.

Биринчи амр – У Зот таолонинг «Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга салавот айтинг» деган сўзидир. Бу – Аллоҳ таборака ва таолодан барча мукаллаф оламларга – инсу жинларнинг мўминларига Набийга биринчи ўринда салавот айтишга амрдир.

Унинг ортидан «ва салом йўлланг» деган иккинчи амр келмоқда. Бунинг маъноси «Эй мукаллаф оламлар, бу буюк Набийга салом йўлланглар», деганидир.

Ушбу икки амр ушбу оламлар аҳли учун ҳам шараф, ҳам илоҳий буйруқдир. Зеро, бу амр фаришталар учун фақат шараф бўлса, бандалар учун ҳам шараф, ҳам вазифадир.

Булар малаъул аъло аҳли ҳақидаги икки улуғ ва олиймақом хабар бўлиб, айни пайтда малаъул адно аҳли учун малаъул аъло аҳлига[1] эргашиш ҳақидаги икки муҳим амрдир. Шу билан Набиййимиз ва саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга икки оламдаги – юқори ва қуйи оламлардаги санолар жам бўлади.

Аллоҳ таоло у Зотга ҳам, у Зотнинг аҳллари ва саҳобаларига ҳам салавоту саломлар йўлласин!

ОЯТНИНГ СИЁҚИ ВА ТАЛҚИНИДАН КЎЗЛАНГАН МУРОД ВА МАҚСАД

Бу ояти каримадан мақсад ва мурод «Эй иймон келтирганлар! (Сиз ҳам) унга салавот айтинг» деган улуғ сўзлардир. Ундан олдинги жумлалар эса, шу жумлага замин яратиш ва тайёрлаш учун келган. Чунки Аллоҳ таоло мўминларни Расуллари соллаллоҳу алайҳи васаллам азият етказадиган ҳар бир нарсадан ҳазир бўлишга чақириб, ортидан бу уларнинг Расулларини муомаласидаги энг юқори насибалари эмаслиги, балки бундан ҳам катта ва қимматли, буюк ва олий насибалари, доимо ва абадан у зотга салавот айтиб,  салом йўллашлари эканини баён қилди. Бу уларнинг ўз Набийлари соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳақиқий ҳурмат ва икром кўрсатишларидир. Агар буюрилганларидек давом этишса, қай ҳолда давом этишса ҳам, у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам учун шукр ҳаққини адо қила олмайдилар. Аллоҳдан бизга берилган олдингию кейинги ҳар бир неъмат борки, у фақатгина у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сабабларидангина бизга етгандир. Шу ила у Зотнинг ҳақлари бизга вожиб бўлди. Шунингдек, бизга у Зотдек неъматининг шукрида ҳар бир кириб чиққан нафас ила у Зотга салавот ва салом йўллашда бўшашмаслигимиз вожиб бўлди.

НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ҲОЛАТЛАРИ

Азиз биродарларим, билингки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳолатларини икки хилга ажратиш мумкин:

Биринчи ҳолат – у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг холи қолган ҳолатлари. Аллоҳ таоло бу ҳолатни зикр қилган ва мўминларга уни ҳурмат қилишни вожиб қилган. Бу Ҳақ таолонинг «Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Изн берилганидагина (киринг)»[2] деган қавлидир.

Иккинчи ҳолат – у Зотнинг кўпчиликнинг ичида бўлган ҳолатлари. Бунда кўпчилик деганда малаъул аъло ёки малаъул адно тушунилади. Малаъул аълода у Зот соллалоҳу алайҳи васалламнинг ҳурматлари юксак, қадрлари улуғдир. Шунинг учун Аллоҳ жалла жалолуҳу ва Унинг карамли фаришталари у Зотга салавот айтадилар. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг «Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг» деган қавли ила малаъул адно аҳлига ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиром қилиш ва қадрлашни вожиб қилди.

Шу билан у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам икки тоифа – юқори ва қуйи тоифа ҳузурида ҳурмату қадрли, ҳайбату виқорли, шон-шарафли, олий мақомли бўлдилар, муқаррабликда у Зотга ҳеч ким тенглаша олмайдиган бўлди. Шунинг учун ҳам имом Ибн Фуврак у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Менинг кўз қувончим салотда[3]қилинди» деган сўзларини «салот» — У Зот таолонинг «Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар» деган қавлидаги салавотдир, деб тафсир қилган. Валлоҳу аълам.

У Зотга, у Зотнинг оли ва асҳобларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин!

ОЯТИ КАРИМАДАГИ ЛУҒАВИЙ ТАРКИБ

Бу ояти карима ва ундан аввалги оятлар ўзининг луғавий таркиби ила кўпдан-кўп маъноларга далолат қилади. Бу маъноларнинг очиқ-ойдини ҳам, баъзиларга зоҳир бўлиб, бошқаларига зоҳир бўлмаган махфийлари ҳам бор. Сўзловчининг (яъни Аллоҳ таолонинг) ҳамда сўз юритилган Зотнинг (яъни Набий алайҳиссаломнинг) улуғлиги туфайли бу ерда зоҳир бўлмаган маънолар янада кўпдир. Улардан баъзиларини келтириб ўтамиз:

  • Бу оят Набий мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ҳақидаги ҳукмдан кейин келган. Бинобарин, бунда у Зотнинг улуғ шарафлари ва олий қадрларида покиза жуфти ҳалоллари розияллоҳу анҳунналарнинг ҳам катта насибалари борлигига яширин ишора ҳам бор. Бу насиба мазкура оналаримизнинг у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг наздиларидаги мақомлари ва маконатлари туфайлидир. Аллоҳ азза ва жалла бу покдомон Зотларнинг қадри нақадар улуғ, мақомлари нақадар олий эканини «Улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг» ҳамда «Сизларга Расулуллоҳга озор бериш ва ундан кейин унинг жуфтларига никоҳланиш ҳеч қачон мумкин эмас» каби ояти карималарида баён қилиб, ушбу оятни «Бундай қилмоғингиз Аллоҳнинг наздида катта (гуноҳ)дир», деб якунлади. Буларнинг ҳаммаси уларнинг нафақат у Зотга яқинликлари, балки у Зотнинг буюкликларига ҳам чамбарчас боғлиқ эканидандир. Шундай экан, улар у Зотнинг улуғликлари ила улуғдирлар, юксакликлари ила юксакдирлар, шарафлари ила шарафлидирлар. Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабибига уларни ихтиёр қилган, никоҳлантирган. Зеро, у Зот Аллоҳ яратган барча махлуқотларнинг энг шарафлиси ва маҳбуби, У Зотнинг ҳузурида энг мукаррами ва азизидирлар. Аллоҳ таоло у зотни шараф, покдомонлик ва мақом жиҳатидан муносиб бўлмаган аёлларга уйлантиришдан покдир.

Мазкур оят нозил бўлгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига салавот айтишни ўргата туриб, завжаи мутоҳҳараларининг ўзларига нақадар яқинлиги, мақомлари юқорилигига ишора қилиб, шундай деганлар: «Аллоҳим, Иброҳимнинг аҳлини ёрлақаганингдек, Муҳаммадни, унинг аҳлини ва зурриётини ҳам ёрлақагин. Иброҳимнинг аҳлига баракот берганингдек, Муҳаммадга, унинг аҳлига ва зурриётига ҳам баракот бергин. Албатта, Сен Ҳамидсан, Мажидсан».

  • Бу оят исмий жумла ила бошланган: «Аллоҳ ва Унинг фаришталари» дейди.Исмий жумланинг фойдаларидан бири доимийлик ва давомийликдир. Аллоҳ таоло ва У Зотнинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга доимо, абадий, узлуксиз равишда, бардавом салавот айтиб турадилар.
  • Исмий жумладан сўнг феълий жумла – «Набийга салавот айтадилар» деган қавл келади. Феълий жумланинг ифодаларидан бири янгиланиб туришдир. Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни доимо янгилаб турадилар.

Шунинг билан ушбу ояти карима мазкур икки жумланинг – исмий ва феълий жумлаларнинг маъносини жам қилиб, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга узлуксиз равишда, тинмай янгилаб туриладиган, тугамайдиган салавот айтиб туришини ифода қилади.

Ояти кариманинг аввалида ихтиёр қилинган лафзларда эътибор қилиниши лозим бўлган яна икки нуқта бор.

Биринчиси: «Албатта, Аллоҳ» деган сўз. Ояти каримада лафзи жалола, яъни «Аллоҳ» сўзи келган, «Албатта, Роббингиз» ёки «Албатта, ар-Раҳмон» дейилмаган. Лафзи жалоланинг келтирилиши улуғлик ва ҳайбатнинг камолига далолат қилади. Жумҳурнинг фикрига кўра, бу Ҳақ таолонинг исми аъзамидир. Бу лафзнинг ортидан келадиган амр ёки хабарлар ҳам ўзидан олдинги улуғлик ва ҳайбатнинг камоли ва тугаллигига муносиб бўлади.

Аллоҳ ва Унинг фаришталари салавот айтиши ҳақида хабар бериш, сўнг мўминларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, салом йўллашга буюришнинг очиқ лафзи жалола ила бошланиши бу ишнинг нақадар муҳим ва буюклигига, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари нақадар юксак, шарафли ва улуғлигига далолат қилади.

Иккичиси: «Набийга салавот айтадилар» деган сўз. Аллоҳ таоло Ўзининг аксар ҳолларда исм ила ифода қилиш одатига хилоф равишда нубувват сифатини келтирди. Бу ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хос бўлган улуғлик, карам ва олий қадрнинг зиёдалигини билдириш учундир.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМНИ МУБОЛАҒАСИЗ МАДҲ ҚИЛИШНИНГ МУСТАҲАБЛИГИ

Ушбу раббоний салавот ҳамда айни пайтда фаришталарнинг ҳам салавотидан, ушбу икки давомий ва узлуксиз салавотдан муҳтарам Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни мадҳ қилишнинг мустаҳаблигига ҳам зимдан ишора, ҳам очиқ тарғиб борлигини мушоҳада қиламиз. У Зотга барча шаклу услублар билан, барча лафзу иборалар, насру назм билан сано айтиш мадҳ ва улуғлашнинг чўққисидир.

Подшоҳларнинг Подшоҳи, коинотларнинг Яратувчиси Аллоҳ жалла жалолуҳунинг олий Зоти, У Зотнинг карамли ва аброр фаришталари ўша олий оламларда Набий алайҳиссаломга узлуксиз салавот айтиб, у Зотни мадҳ қилиб, қадрлаб турадилар. Бутун дунё аҳли насрдаю назмда ҳар қанча айтса ҳам, уларга тенглашиш ёки яқинлашишга йўл бўлсин! Қуйидагилар қаерда-ю, юқоридагилар қаерда! Ер қаерда-ю, Сурайё қаерда?!

Фақат бунда илоҳийлаштириш даражасига бориб қолмаслик керак.

Байт:

Насоронинг ўз Пайғамбари ҳақидаги даъволарига эътибор берма,

У Зот ҳақларидаги ҳамду саноларингда бардавом бўлавер!

РОББ СУБҲАНАҲУ ВА ТАОЛОГА КАРАМЛИ ФАРИШТАЛАРНИ ИЗОФА ҚИЛИБ, НАБИЙ  АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҚАДРЛАРИНИ ЯНАДА УЛУҒЛАШ

Бу оятдаги яна бир улкан мулоҳаза шуки, бизга бу карамли Набийнинг улуғлиги, мақоми ва икромининг шарафлилиги ва Робби ҳузуридаги ўрнини баён қилиб, очиқлаб беради. Аллоҳ таоло фаришталарнинг салавотини зикр қилганда, уларнинг қадри улуғ, шарафи зиёдалигига ишора қилиб, уларни Ўз олий Зотига изофа қилиб, «ва Унинг фаришталари» деди, «фаришталар» демади. Бу у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламни улардан келиб турадиган нарса ила улуғлаш учундир. Албатта, улуғлардан фақат улуғ ишлар содир бўлади.

Шунингдек, бу изофа уларнинг кўплигига ишора қилади. Уларнинг қанчалик кўплигини, ададининг мунтаҳосини эса фақат Аллоҳ таологина Ўз илми ила қамраб олади. Бу сон-саноқсиз фаришталар жамоасининг барчаси бу улуғ Набийга салавот айтадилар. Бу салавот у Зотга кун, вақт, замон ва асрлар узра муттасил етиб бориб туради.

Бу ерда яна бир нарса ойдинлашади: У Зот субҳанаҳу ва таоло бу ояти каримада Ўзи ила фаришталарини жам қилиб, барчаларига салавот айтишни нисбат бериб, «Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтадилар» дейди. Аллоҳ таоло «У Зотнинг Ўзи ҳам, фаришталари ҳам сизларга салавот айтади»[4] деган бўлса-да, Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсаю айтмаса, фаришталар у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишда аслдирлар. Бу оятда Аллоҳ азза ва жалла салавот айтишни Ўз Зотига нисбат бериб, сўнг бунга фаришталарини ҳам қўшди. Шундай қилиб, бу ердаги маъно қуйидагича бўлади: Аллоҳ таоло мўминларга раҳим қилади, сўнг Унинг фаришталари мўминлар учун қилган раҳматига мувофиқ бўладилар. Аммо Аллоҳ таоло мўминларга салавот айтмаса, фаришталардан мувофиқлик содир бўлмайди, чунки Ҳақ таолодан фаришталар мувофиқ бўлиши учун ҳеч нарса содир бўлмади.

Демак, ушбу икки оятдаги фаришталарнинг икки салавоти орасидаги катта фарқ бор экан.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўз карамли фаришталари билан бирга салавот айтишидан чиқадиган яна бир нарса ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк мақомларда буюк ва юксаклиги, улуғворлиги, шарафи ва қадрининг олийлиги зоҳир бўлиб, ойдинлашади. Ҳақ субҳанаҳу ва таоло барча фаришталарига Одам алайҳиссаломни шарафлаб, улуғлаб, сажда қилишга буюрди. Аммо табиийки, бунда Аллоҳ жалла жалолуҳу фаришталар билан бирга бўлмади. Бу сажда У Зотнинг буйруғи билан бўлди. Аммо саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлашни Аллоҳ таоло Ўзи бошлаб берди. Аллоҳ таолонинг Ўз фаришталари билан бирга шарафлаши фаришталарнинг ўзлари шарафлашидан кўра таққослаб бўлмас даражада олийроқ, юксакроқ ва етукроқ бўлади. Бу эса улуғ мақом соҳибининг – Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюклигини яна бир бор кўрсатади.

НАБИЙ СОЛЛАЛлОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА АЛЛОҲ ТАОЛО, ФАРИШТАЛАР ҲАМДА БАНДАЛАРДАН АЙТИЛАДИГАН САЛАВОТНИНГ МАЪНОСИ

«Салавот» сўзининг луғавий маъноси дуодир. Аммо дуо маъноси Аллоҳ таолонинг салавот айтиши деган маънога тўғри келмайди. Аллоҳ таоло Набийнинг ҳаққига дуо қилмайди, чунки бир кишининг ҳаққига дуо қилиш — учинчи томондан унга манфаат сўрашдир. Аллоҳ таолога нисбатан эса бунинг имкони йўқдир.

Уламоларимиз Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталаридан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг тафсирида ихтилоф қилишган. Умматнинг олими, саййидимиз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо «Набийга салавот айтадилар» оятини «баракот тилайдилар» деб, яъни барака тилаб, дуо қиладилар, деб изоҳлаганлар. Яна бошқа уламолар «Аллоҳдан бўлган салавот раҳматдир ва бу хос раҳматдир, фаришталарнинг салавоти эса истиғфордир», дейишган.

Шунингдек, Аллоҳ таолонинг салавоти фаришталар ҳузурида у Зотни мақташ ва улуғлашдир. Аллоҳ таолонинг у Зотни улуғлаши бу дунёда Набий алайҳиссаломнинг зикрини олий қилиш, динини зоҳир қилиш, шариатини боқий қилиш бўлса, охиратда умматларига шафоатчи қилиш, ажру савобларини кўпайтириш ва «мақомул маҳмуд»ни ато этиш билан аввалгию охиргиларга у Зотнинг фазлларини  кўрсатиш ва барча муқаррабу шоҳидлардан муқаддам эканларини зоҳир қилишдир.

Фаришталарнинг салавот айтиши у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига дуо маъносида бўлади.

Аллома Олусий баъзи улуғлардан нақл қилиб айтади: «Салот»нинг маъноси салавотни ким айтаётгани ва унинг кимга айтилаётганига қараб, ҳар хил бўлади.

Фазилатли шайх Абдуллоҳ Сирожуддин раҳимаҳуллоҳу таоло шундай деганлар: «Барча салаф уламоларимиздан Аллоҳ таолонинг Ўз Набийсига салавот айтиши маъноси ҳақида келган хабарлар ҳақиқатдир, тўғридир. Бу барча қавлларнинг орасида қарама-қаршилик йўқ. Улардан ҳар бири Аллоҳ таолонинг Ўз ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоти маъносининг бир жиҳати ҳақида сўзлаганлар, чунки Роббул оламиннинг салавоти сано, улуғлаш, икром қилиш, хос шафқат, хос раҳмат, хос мағфират ва шу каби яхшилик, фазл, икром, мадҳ, сано, нур ва зиё маъноларини ўзида жам қилади».

АЛЛОҲ ТАОЛО БАНДАЛАРИНИ НАБИЙ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА САЛАВОТ АЙТИШГА БУЮРГАНИНИНГ ФОЙДАСИ

Аллоҳ жалла шаънуҳу ва Унинг карамли фаришталари Набий алайҳиссаломга салавот айтиши ҳақидаги ушбу олий хабардан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш ва салом йўллаш ҳақида илоҳий буйруқ келди. Аллоҳ таоло:«Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деди. Улуғ Аллоҳ ва Унинг мукаррам фаришталари расулларнинг саййидини шарафлаши, икром қилиши ва улуғлашини эшитган ер аҳли Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш шарафига эришишга иштиёқлари кучайиб, руҳлари шавқланиб кетгандек бўлди. Уларнинг бу ҳолати Аллоҳнинг Ўзи салавот айтган, Унинг фаришталари салавот айтиш шарафига эришган бу мукаррам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш шарафига эришиш учун Холиқ таолодан изн сўрагандек эди, яъни малаъул адно аҳли малаъул аъло аҳли – Аллоҳ ва Унинг фаришталари каби салавот айтишни истади. Бас, бу илтимосга илоҳий изн келиб, Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга салавот айтинг ва салом йўлланг», деди.

Бу буйруқнинг аввалидаги нидони араб тили мутахассислари «нидоут-танбиҳ» — огоҳлантириш нидоси деб атайдилар. Унинг маъноси «Эй мўминлар! Огоҳ бўлинг ва сизга нозил қилинадиган раббоний, муҳим буйруққа қулоқ осинг!» деганидир. Бу буйруқнинг аҳамияти ва шаъни улуғлиги туфайли Робб табарока ва таоло Ўз нидосини огоҳлантириш нидоси ила бошлабгина қолмай, унинг ортидан огоҳлантирувчи «ҳа» ҳарфи бор «йаа айюҳа» (يأيها) сўзини ҳам келтирди. Шу билан Роббул Иззадан бандаларининг эътиборини жалб қилиш, бутун вужуди қулоққа айланиб, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларига мунтазир бўлиши учун икки огоҳлантириш жамланди. Бундай раббоний қизиқтиришдан сўнг уларга «Унга салавот айтинг ва салом йўлланг!» деган завқ бахш этувчи илоҳий амр келади. Аввал қизиқтириб, сўнг завқлантирилса, завқланиш комилроқ ва ширинроқ, яқинроқ ва кучлироқ бўлади. Ушбу илоҳий буйруқда ана шу нарсани кўрамиз.

Аллоҳ таолонинг «Сиз ҳам унга салавот айтинг» деган сўзининг маъноси «Унинг шаънини улуғланг, эй мўминлар», деганидир.

Умуман, бу оят у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг умумийлиги, барча вақт ва замонларни ўз ичига олиши ҳамда инсон хоҳлаган шаклда бўлаверишини билдиради. Бунда салавот муайян бир вақтга, муайян бир лафзга ва аниқ бир ададга боғланмаган ҳолда айтилаверади. Бу оят нозил бўлган пайтда бир гуруҳ саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан у Зотга қандай салавот айтиш ҳақида сўраганлар. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, солли ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа оли Муҳаммад, камаа соллайта ъалаа оли Иброҳим, ва баарик ъалаа Муҳаммадин ва ъалаа оли Муҳаммад, камаа баарокта ъалаа оли Иброҳим фил оламийн, иннака Ҳамийдум Мажийд», деб айтинглар», деганлар.

ЗЕҲНГА КЕЛИШИ МУМКИН БЎЛГАН ИСТИҲОЛА ВА МУЛОҲАЗАЛАР

Шундай савол туғилиши мумкин: «Саҳобаи киромлар розияллоҳу анҳум Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан у Зотга қандай салавот айтиш ҳақида: «Сизга қандай салавот айтамиз?» деб сўрашди. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳумма солли ъалаа Муҳаммадин…», деб айтинглар», деб жавоб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам улар сўраганларидек, саҳобалар номидан у Зотга айтиладиган салавотни ўргатмадилар, балки Аллоҳ таолодан у Зотга салавот айтишни сўрашга буюрдилар. Нима учун?

Жавоб: У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавотнинг мақоми олий, қадри улуғдир. Агар каттаю кичик, эркагу аёл, аввалгию кейинги барча махлуқотлар жам бўлсалар ҳам, у Зотнинг ҳақларини тўлалигича  адо қилишдан ожиздирлар. Шунинг учун у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буни мулк Эгаси, Қодиру Муқтадир Зотга, бу улуғ Набийнинг ҳаққини тўла бера олувчи Зотга ҳавола қилдилар. У Зот жалла жалолуҳунинг салавоти тугал ва комил, салавот айтувчи ва салавот айтилувчининг ҳолига лойиқдир. Шунингдек, бу салавот бардавом бўлиб, маълум чегарада тўхтамайди. Эй банда, ҳар сафар бу улуғ Набийга Аллоҳ таолодан салавот сўрасанг, кўпайиб, зиёда бўлади ва Аллоҳ бардавом қилганлиги туфайли бардавом бўлади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бу улуғлаш ва ушбу улуғлашнинг буюклиги у Зотнинг махлуқотлар зиммасидаги баъзи ҳақларини адо этиш ва мукофотлаш учунгинадир. Зеро, у Зот барча махлуқотларга етган ҳар бир неъматнинг буюк воситасидирлар. Кишига бирор неъмат етса, уни етказганни мукофотлаш унинг бурчидир. Шундай экан, барча махлуқотларнинг айтган салавоти у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларнинг зиммасидаги баъзи ҳақларининг мукофотидир.

Шунингдек, «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг салавотидан кейин фаришталар салавотининг ва биз айтадиган салавотимизнинг нима фойдаси бор?» деган савол ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Жавоб: Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишда Аллоҳ таолога мутлақ эргашганлари учун фаришталар ва мўминларни шарафлашдир.

Яна бир савол берилиши мумкин: «Аллоҳ ва Унинг фаришталари у Зотга салавот айтганидан кейин, бизнинг салавотимизга нима ҳожат бор?»

Жавоб: Бандаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиши у Зотнинг бунга муҳтож бўлганлари учун эмас, чунки Аллоҳнинг салавоти турганда, фаришталарнинг салавотига ҳам ҳожат йўқ. Бу эса у Зотни улуғлашни изҳор қилиш ва бу иш туфайли бизга савоб бериш учун шафқатдир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўн салавот айтади», деганлар.

Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига салавот айтишидек мақомга тенг келадиган мақом йўқдир. Имом Саховий Фокиҳоний раҳимаҳуллоҳу таолонинг шундай деганларини нақл қилади: «Оқил кишига: «Сен учун қайси бири маҳбуброқ: бутун махлуқотларнинг (солиҳ) амали сенинг саҳифангда бўлишими ёки Аллоҳ таолонинг сенга салавот айтишими?» дейилса, Аллоҳ таолонинг салавотидан бошқа нарсани танламайди. Шундай экан, Роббимиз субҳанаҳу ва таоло ва Унинг барча фаришталари доимий, тўхтовсиз салавот айтиб турадиган Зотга салавот айтиш ҳақида нима деб ўйлайсан? Қандай қилиб мўмин киши у Зотга кўп салавот айтмай, бундан ғофил қолиши мумкин?»

Аллоҳ таолонинг бандага салом айтиши ҳақида эса имом Саховий: «Аллоҳ азза ва жалладан келадиган бир салом юз миллион (миллиард) жаннатдан афзалдир. Шунинг ўзи миннат учун кифоядир», деб нақл қилган.

БУЮК НАБИЙИМИЗ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА АЙТИЛАДИГАН САЛАВОТНИНГ РУҲИЙ МАЪНОСИ

У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиладиган салавот Аллоҳ таолога элтувчи зинапоядир, чунки банда Набийга қанчалик кўп салоту салом айтса, Расулуллоҳ уни шунчалик яхши кўрадилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари эса бандага Аллоҳнинг муҳаббатини насиб қилади. Аллоҳнинг муҳаббати эса бандани Роббининг ҳузури ва қурбатига тортади. Бу дунёдаги барча саъй-ҳаракатларимиз фақат Аллоҳга муқарраб бўлиш ва қудсий даргоҳга етишиш учундир.

Аллома Исмоил Ҳаққий раҳимаҳуллоҳу таоло бу маънони гўзал ва мукаммал тафсир қилган: «Ушбу ояти карима Набийимиз алайҳиссаломга салавот айтиш ва салом йўллашнинг вожиблигига далолат қилади, чунки инсон нафси кўпинча еб-ичиш ҳамда мазаммат қилинган сифатлар ва ёмон хулқ-атворлар каби жисмоний эҳтиёжлар ва табиий тўсиқлар билан ўралган бўлади. Поклик ва муқаддасликнинг чўққиси бўлмиш файз соҳиби Аллоҳ таоло билан бундай инсоний нафс орасида ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. У Зот таолодан файз олишнинг биргина воситаси бўлиб, бунинг икки жиҳати бордир: биринчиси тажарруд (ёмон феъл-атвор ва гуноҳлардан четланиш), иккинчиси эса тааллуқ (солиҳ амаллар ва гўзал ахлоқлар касб этиш). Бу икки жиҳат олов ўртасида ётган ҳўл ва қуруқ ёғочга ҳамда гўшт билан суякни боғлаб турадиган пайга ўхшайди (ҳўл ёғоч ўзидаги намликдан халос бўлмаса, оловда ёнмайди, бинобарин, инсон ўзидаги ёмон сифатлардан покланмаса, Аллоҳга етиша олмайди). Ана шу восита – соҳиби рисолат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Банда ана шу воситанинг тажарруд жиҳати ёрдамида файз олади ёки унинг тааллуқ жиҳати туфайли унга файз берилади, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш, салом йўллаш орқали гуноҳкор банданинг мартабаси юксалади».

РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМГА ЙЎЛЛАНАДИГАН САЛОМНИНГ МАЪНОСИ

Мўминлар учун Аллоҳ таолонинг «Салом йўлланглар» деган қавлида яна бир илоҳий амр келди. Бу амр «Эй мўминлар, сизлар «Сизга салом бўлсин, эй Аллоҳнинг Набийси!» деб айтинг» деган фармони олий эди.

«Сизга салом бўлсин!» иборасининг уч хил маъноси бор.

Биринчи. Нуқсон ва офатлардан саломатлик;

Иккинчи. «Ас-Салом». Бу сўз Аллоҳ таолонинг исми бўлиб, «Ас-Салом» доимо сенинг ҳимоячинг, ҳомийинг, бошқарувчинг ва кафилингдир, деганидир.

Учинчи. Таслим ва бўйсуниш маъноси, яъни Аллоҳ таолодан бандаларни у Зот ва шариатларига бўйсунувчи, итоат қилувчи қилиб қўйишини сўраб, қилинадиган дуодир.

Бу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўллаш ҳақидаги амр «мукаммал салом йўлланг» шаклида келган бўлиб, у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламга салом йўллаш билан бу илоҳий амрнинг улуғлиги, таъкидланганлиги ва у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари улуғлигига далолат қилиши учун масдар билан таъкидлаб ифодаланган.

Юқоридагидек, кишиларда шундай савол туғилиши мумкин: «Аллоҳ таолонинг «Сиз ҳам унга салавот айтинг ва мукаммал салом йўлланг!» деган қавлида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш эмас, айнан салом йўллаш ҳақидаги амрни масдар билан таъкидлаб ифодалашнинг ҳикмати нимада?»

Жавоб: Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ зикр қилганларидек, «Бу ерда таъкиднинг жиҳати ҳар хил бўлса-да, салавот айтишга ҳам, салом йўллашга ҳам тааллуқлидир, чунки Аллоҳ таоло оятнинг аввалида у Зотга Ўзи ва фаришталар салавот айтишини хабар қилиб, буни «инна» ҳарфи билан таъкидлади. Фаришталар ҳақида эса Ўзига изофа қилинган жам (кўплик) шаклида хабар қилди. Бу эса умум ва истиғроқни (тўлиқ қамраб олишни) ифодалайди. Инсон у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънлари Аллоҳ таолонинг ҳамда фаришталарининг ҳузурида шу қадар юксаклигини сезса, буюрилмаса ҳам у Зотга салавот айтишга шошилади. Зотан, унга энг кичик бир ишора ҳам кифоя қилади. Унга буюрилганда эса бу буйруқни таъкидлашга ҳожат қолмайди. Аллоҳ таоло ҳам, У Зотнинг фаришталари ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишини эшитгач, дарҳол уларга мувофиқ бўлишга интилади, бинобарин, бу ерда «салавот айтинглар» деган феълни масдар билан таъкидлашга ҳожат йўқ. Салом йўллаш эса бу маънодан холи равишда, мужаррад (алоҳида) буйруқ бўлиб келган, шунинг учун бу маънони таҳқиқ этиш, тасдиқлаш ва собит қилиш мақсадида уни масдар билан таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Салавотдаги ҳам хабар, ҳам талаб (буйруқ) келиб, такрор ҳосил бўлганидек, феълнинг таъкиди ҳам такрор мақомида келади. Шунингдек, саломда феъл ва масдар ила икром қилиш ҳам ҳосил бўлади».

Яна бир савол: «Нима учун саломсиз, салавотнинг ўзигина Аллоҳ ва Унинг фаришталарига изофа қилиш билан чекланилган? Мўминларга эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам салавот айтиш, ҳам салом йўллаш буюрилган?»

Ҳофиз Ибн Ҳажар бунга жавобан шундай деган: «Саломнинг икки маъноси бўлиши мумкин: саломлашиш ва бўйсуниш. Уларнинг ҳар иккиси ҳам мўминларга нисбатан қўлланиши мумкин, шунинг учун улар ҳар иккисига ҳам буюрилдилар. Аллоҳ ва Унинг фаришталарига нисбатан эса бўйсунишга амр қилиш жоиз бўлмагани учун, шунингдек, ҳар хил гумонларнинг олдини олиш учун улар бу амрда мўминлар билан бирга келтирилмаган».

Аллома Совий айтганидек, бу оятнинг хулосаси шундай: «Бу оятда у Зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг раҳматлар етиб борадиган Зот эканликларига ҳамда барча махлуқотларнинг мутлақ энг афзали эканликларига улуғ бир далил бордир. Зеро, Аллоҳнинг Ўз Набийсига салавот айтиши – ҳам улуғлаши, ҳам раҳматидир. У Зотнинг Набийдан бошқаларга айтадиган салавоти эса «У Зотнинг Ўзи ҳам, фаришталари ҳам сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун сизларга салавот айтади» деган қавлига биноан мутлақ раҳматдир. Ушбу икки салавот ва икки мақом орасидаги фарққа бир қара!» деб, сўнг «Бир сўз билан айтганда, Набийга салавот айтиш улуғ амалдир, унинг фазли улкандир ва бу – тоатларнинг энг афзали, қурбатларнинг энг буюгидир», дейди.

ХОТИМА

Мен зикр қилганларим ва зикр қилмаганларим, мендан аввал ўтганларнинг зикр қилганларию кейин келадиганларнинг зикр қилажаги ёки Аллоҳнинг бу оламларда ҳеч кимга билдирмаган яширин илмидаги, албатта, бу ояти каримада ўтган барча маънолар бу оятнинг аввалида тўлиқ таъкидга далолат қилувчи тавқид ҳарфи — ташдидли «инна» ҳарфи ила ўта таъкидлангани муаккаддир.

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламни у Зотга айтадиган салавотлари ила умматларининг миннати остида қолдирмай, у Зотдан уларга бадал қилиб, умматларига салавот айтишни буюрди. Аллоҳ таоло: «Сенинг салавотинг(дуоларинг) улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчи Зотдир», деди.

Хотимамни имом Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳу таолонинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишнинг фойдалари ҳақидаги хулосаси билан якунламоқчиман. У киши шундай деганлар: «Сизга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин! Билиб қўйингларки, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган салавотда ўнта каромат бор:

биринчиси – Маликул Жаббордан салавот;

иккинчиси – Мухтор Набийдан шафоат;

учинчиси – аброр фаришталарга иқтидо;

тўртинчиси – мунофиқ ва кофирларга хилоф қилиш;

бешинчиси – хато ва гуноҳларнинг ўчирилиши;

олтинчиси – ҳожат ва эҳтиёжларнинг раво бўлиши;

еттинчиси – зоҳир ва сирларнинг мунаввар бўлиши;

саккизинчиси – жаҳаннам азобидан нажот;

тўққизинчиси – раҳмат ва истиқрор диёрига етишиш;

ўнинчиси – Маликул Ғаффорнинг саломи».

Аллоҳим! Банданг, Набиййинг, Расулинг — уммий Расул, саййидул мурсалин, имомул муттақин, хотамул набиййин, яхшилик имоми, яхшиликка бошловчи ва раҳмат Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга ва у Зотнинг завжаи мутоҳҳаралари — мўминларнинг оналарига, у Зотнинг зурриётлари, аҳли байтлари, оли асҳоблари, ансорлари, атбоъу ашёълари ва у Зотни севганларга – Иброҳим алайҳиссаломга ва у зотнинг аҳлларига бу оламларда салавоту баракот ва раҳмат юборганингдек, салавоту баракот ва раҳмат юборгин! Албатта, Сен Ҳамидсан, Мажидсан!

Улар қатори бизга ҳам салавоту баракот ва раҳмат юборгин, салавотларингнинг афзалини, баракотларингни манфаатлисини юборгин, зокирлар Сени ҳар зикр қилганида, ғофиллар Сенинг зикрингдан ғофил бўлганида, жуфту тоқлар ададича, муборак, мукаммал калималаринг ададича, яратган мавжудоту махлуқотларинг ададича, Ўзинг рози бўлганинг қадар, Аршинг вазнича, калималаринг мислича ва Ўзингнинг доимийлигинг ила давомли салавот юборгин!

Аллоҳим, Қиёмат кунида у Зотни аввалгилару охиргилар ҳавас қиладиган «мақоми маҳмудда» тирилтиргин! Қиёмат куни ҳузурингда муқарраб маконга нозил қилгин! Улкан шафоатларини қабул қилгин! Олий даражаларини юксалтиргин! Бу дунёю охиратда Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломга берганингдек, у Зотнинг сўраганларини ҳам бергин!

Аллоҳим, у Зотнинг муҳаббатларини танлаганлар, севгиларига яқин бўлганлар, зикрларини олий қилганлар жумласидан қилгин! У Зотни биздан ўзлари аҳл бўлган нарсалар ила, набийларга ўз уммати томонидан берилган энг яхши мукофот ила мукофотлагин!

Азизлик Робби бўлмиш Роббинг улар қилган васфлардан покдир. Юборилган расулларга саломлар бўлсин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

Исмоил Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Қуръон қиёмат кунининг барча борлиқни тутиб кетадиган даҳшатларини баён қилишга ҳам аҳамият берган. Ўша кунда бутун дунёда ўзгариш рўй беради. Қуёшнинг нури давоми...

08:29 / 10.11.2016 2767
  Инсон ҳаёти давомида ўқийди, ўрганади ва уларга амал қилишга ҳаракат қилади. Кимки ўз ўрганганларига амал қилиб бошқаларга ҳам ўргатса, ҳар бир айтган сўзи давоми...

00:47 / 15.03.2017 3573
Қурра ибн Иёс алМузаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор жойга ўтирсалар, саҳобалар у зотнинг олдига ўтиришарди. давоми...

11:30 / 04.03.2023 1980
Яшасангиз бўлмасмиди... Ойлар ўтиб кетди кунларни қувлаб, Наҳот, кўникдика йиғлабйиғлаб. Аҳдим бор ўтарман дуода доимо ёдлаб, Яшасангиз бўлмасмиди,  халқим давоми...

10:11 / 28.02.2017 3436