«Қуръони Карим маънолари таржимаси» ҳамда «Зуҳд ва ҳаё» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
[gallery columns="4" link="file" size="medium" ids="9449,9450,9451,9452,9453,9454,9455,9456,9457,9458,9459,9460,9461,9463,9465,9466,9467,9468,9469,9470,9471,9472,9473,9475"]
«Қуръони Карим маънолари таржимаси» ҳамда
«Зуҳд ва ҳаё» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси томонидан чоп этилган, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Қуръони Карим маъноларининг ўзбек тилидаги таржимаси» асарининг қайта нашри ҳамда «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркумига оид «Зуҳд ва ҳаё» китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимига «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси ижодий гуруҳи, босмахона раҳбарияти, «Ислом.уз» портали ходимлари, Абдуллоҳ ҳожи Исмоилов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов, Тошкент вилояти имом-хатиби Хайруллоҳ ҳожи Турматов, «Тинчлик» жомеъ масжиди имом-хатиби Алишер ҳожи Дўнгбоев ва бошқа кўплаб азиз меҳмонлар ташриф буюрдилар.
«Хўжа Аламбардор» жомеъ масжиди имомининг ноиби Ҳусайнхон Яҳё тақдимот маросимини Қуръони Карим тиловати билан бошлаб бергач, бошловчи Нодирбек Хидиров муқаддима учун сўзни бош имом-хатибимиз Анвар қори Турсуновга берди.
Анвар қори Турсунов навбатдаги нашриёт, матбаа ходимларини ва бутун ўзбек халқини ушбу тақдимот билан муборакбод қилдилар. Шайх ҳазратларининг илм-маърифат таратиш йўлидаги улкан хизматларини эслаб, бугунги тадбирнинг, хусусан, бугун халқимизга тақдим қилинаётган «Зуҳд ва ҳаё» китобининг улкан аҳамияти, ғоятда долзарблиги ҳақида сўзладилар, бу китобни «Руҳий тарбия» китобининг мухтасарига ташбеҳ қилдилар. Истиқлол байрами арафасида пойтахтимиздаги «Шаҳидлар хотираси» хиёбонида юртбошимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти ва дин арбоблари билан бўлган суҳбатида ҳам айнан шу мавзулар кўтарилганини айтиб ўтдилар:
«Юртбошимиз бугунги кунда мусулмон дунёсида юз бераётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчани ташвиш ва хавотирга солаётганини таъкидлаб, «Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиш сабабларини, уларнинг фожиали оқибатларини чуқур тушуниб, англаб олиш, кенг жамоатчилигимизга, айниқса, ёшларга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир», дедилар. Шайх ҳазратлари айнан ана шу буюк мақсад йўлида баракали илмий фаолият олиб бордилар. «Ҳилол-нашр» нашриёти халқимизга тақдим қилиб келаётган, хоссатан, бугун тақдим қилинаётган китоблар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда».
Анвар қори Турсунов нашриёт раҳбариятини, барча ходимларни янги китоблар билан муборакбод этдилар, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳақларига ҳамда ушбу китобларни ўқувчиларга етказишда хизмат қилаётган барча мухлисларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.
Шундан сўнг «Қуръони Карим маъноларининг ўзбек тилидаги таржимаси» асари ҳақида «Чимир ота» жoмеъ масжиди имомининг ноиби Абдулбосит қори Абдуллажонов сўзга чиқиб, ҳамду сано ва салавотлардан сўнг ушбу китобнинг таълифи ҳамда чоп этилиш тарихи ҳақида сўзлаб, унинг янги қайта нашрини халқимизга тақдим қилдилар, ушбу китобнинг яратилиш сабаблари, муаллифнинг уни тайёрлашдан кўзда тутган мақсадлари борасида тўхталиб ўтдилар.
Тақдим қилинаётган навбатдаги, янги китобимиз – «Исломнинг мадори бўлган ҳадислар» туркумига оид «Зуҳд ва ҳаё» китоби ҳақида Тошкент вилояти имом-хатиби Хайруллоҳ ҳожи Турматов сўзга чиқдилар.
Хайруллоҳ ҳожи аввало юртимиздан етишиб чиққан буюк Ислом уламоларига авлод қилиб, уларга ватандош қилиб яратгани учун, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидек улкан аллома билан замондош, ҳамнафас, ҳамсуҳбат, сафдош бўлиш, шогирд бўлиш бахтини насиб этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтдилар, шукроналар қилдилар.
«Мен у зот асос солган ушбу нашриётга, ушбу маросим ўтказилаётган табаррук масканга таклиф қилиниб, устозимиз адо этган буюк хизматларнинг давомчиси сифатида, у зотнинг китобларини халқимизга тақдим этаётганимдан бахтиёрман, – дедилар Хайруллоҳ ҳожи. – Бугун тақдим қилинаётган «Зуҳд ва ҳаё» китобида устозимиз қисқагина, лўндаги қилиб айтилган икки набавий ҳадисни ўз услубларига кўра содда, равон ва оммабоп шаклда мукаммал шарҳлаб, мўъжаз, аммо олам-олам маъноларни ўзида мужассам этган китоб ёзибдилар. Бу ҳадислардаги улкан маънолар тадриж билан, теран тадаббур билан баён қилинган, ҳар қандай ўқувчига тушунарли қилиб изоҳланган. Китобнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, шайх ҳазратлари ҳар бир ҳадисни шарҳлашдан аввал китобхонни унинг ровийси билан, ровийнинг қисқача таржимаи ҳоли билан таништириб борганлар. Бу эса ўқувчида ушбу саҳоба ёки тобеинга нисбатан муҳаббат, ҳурмат уйғотади, натижада ҳадиснинг ҳикматларини янада эҳтимом билан, диққат билан сингдиришга интилади. Китобнинг зуҳд ва ҳаёдек муҳим мавзуларга бағишланганлиги, унинг айнан бугунги кундаги долзарблигини янада оширади. Бугунги кунда бутун дунёда юз бераётган аянчли ҳолатлар, қонли урушларнинг сабаби дунёпарастлик, ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилиш бўлса, маънавий таназзулнинг сабаби шарму ҳаё, иффат ва ибонинг йўқолиб бораётганлигидир. Хусусан, мусулмонлар орасида бу каби иллатларнинг пайдо бўлиб бораётгани нақадар аянчлидир. Бинобарин, мусулмон кишининг мол-дунёга, шаҳватларга қандай муносабатда бўлиши кераклигини билиш энг долзарб, энг муҳим масала бўлиб турибди. Бугун тақдим қилинаётган «Зуҳд ва ҳаё» китоби эса мусулмон умматининг ана шу дардига малҳам бўлади».
Хайруллоҳ ҳожи Турматов ушбу китобнинг мазмуни, унга киритилган ҳадислар ҳақида тўлқинланиб сўзладилар, хусусан, унинг муқаддима ва хулоса қисмида муаллиф томонидан баён этилган ғоятда муҳим масалаларга эътибор қаратдилар, қисқа умрлари мобайнида бу қадар улкан илмий мерос қолдирган шайх ҳазратларининг ҳақларига дуолар қилиб, халқимизни янги китоблар билан муборакбод қилиб, сўзларини якунладилар.
Тадбирга ташриф буюрган Алишер ҳожи Дўнгбоев шайх ҳазратларининг халқимизга, динимизга қилган улкан хизматларини эътироф қилиб, у кишининг кўп йиллик меҳнатларини зикр қилдилар, бугун тақдим қилинаётган китобларга оид қимматли фикрларини билдирдилар.
Шундан сўнг «Тўхтабой» жомеъ масжиди имомининг ноиби Ҳасанхон Яҳё ушбу тадбир муносабати билан бошланган Қуръони Карим хатмини ниҳоясига етказиб бердилар, Абдуллоҳ ҳожи Саттиев хатми Қуръон дуосига қўл очиб, Аллоҳ таолодан шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини ушбу садақаи жориялар, манфаатли илмлардан ҳосил бўладиган савоблардан баҳраманд қилишни, ортларида қолган аҳли оилалари, яқинлари, шогирдлари, издошлари ва мухлисларига у зотнинг илмий меросларини ўрганиб, халқимизга етказишда бардавом қилишни сўраб, хайрли дуолар қилдилар.
Навбатдаги тақдимот маросими шу тариқа ниҳоясига етди. Аллоҳ таолодан ўтиниб сўраймизки, юртимизда Ислом уламолари кўпайсин, уларнинг асарлари кўплаб чоп этилиб, халқимизга тақдим қилинсин. Бутун дунёга мударрис бўлган улуғ аллома аждодларимизнинг олтин силсиласи то қиёматга қадар узилмасин. Ана шу улуғ олимларнинг ёрқин намояндаси бўлмиш устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг илмий меросларини ўрганиш ва халқимизга етказишда Яратганнинг Ўзи мададкоримиз бўлсин!
islom.uz