Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Одамлар орасида йўллар очилиб Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш учун юзланган кишилар бор. Ҳозир бу ерда ҳажга бориш учун қодир бўлиш йўллари қандай экани ҳақида гапириб ўтирмаймиз. Одамлар орасида йўл берклиги сабабли ёки бундан ҳам зарурроқ ва муҳимроқ ишни танлаганлари сабабли бу ибодатга тайёр бўлмаган кишилар ҳам бор. Улар ўзларига топширилган вазифалар орасида ўзлари учун афзалроқ бўлган ишни танлаганлар. Улар ўзларини Аллоҳ турғазиб қўйган вазифаларини ташлаб кетиш мумкин эмас, бунинг чораси ҳам йўқ, деб биладилар. Шунингдек, уларга топширилган муҳим ишни агар улар қолдириб кетсалар, улардан кейин уддалай оладиган одам йўқ, деб биладилар. Бу одамлар Аллоҳ таолонинг байтига бориш учун узурли кишилар ҳисобланади. Эҳтимол, улар бу кунларда Аллоҳнинг муқаддас уйига бўлган шавқ алангасини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёратига бўлган иштиёқ аламини ҳис қилаётгандирлар. Эҳтимол, улар Аллоҳ субханаҳу ва таоло Ўзининг уйини ҳаж қилувчи ҳожиларга тайёрлаб қўйган ажр савоблардан маҳрум бўлдик, деб ўйлаётгандирлар. Эй Аллоҳнинг бандалари, аслида иш ундай эмас. Аллоҳнинг ҳурмат дастурхони очилган ва У бундан маҳрум бўлган бошқа бандаларига ҳам доимо меҳрибондир. Роббимиз субханаҳу ва таоло раҳмат эгасидир. Унинг марҳамати, инсонлар учун қаерда бўлсалар ҳам, барчага умумийдир. Аллоҳнинг уйига ҳаж ибодати учун бориш насиб этган одам бўлсин ёки узрлар сабабидан боришдан тўхталган бўлсин, барибир, Аллоҳнинг раҳмати ҳаммани кенг қамраб олган. Агар тавоф қилувчиларга, ибодат билан машғул бўлганлар ва Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилувчиларга ажр ҳозирланиб, берилажак ушбу ажрлари улар юзланган муқаддас маконларга боғлиқ бўлса, ушбу ерда бу ибодатлардан маҳрум бўлган бандаларига муносиб бўлган бошқа ажрлар ҳам мавжуддир. Бу савоблар улар қаерда бўлсалар ҳам, ҳатто ўзлари яшаётган шаҳарларида бўлсин ёки кўчиб ўтган бошқа масканларида бўлсин, уларга етиб бораверади. Эй Аллоҳнинг бандалари, айтилаётган бу ажрнинг масдари қаерда? Бунинг масдари Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўзининг китобида қасам ичган ушбу Зулҳижжа ойининг дастлабки кеча ва кунларидадир. Аллоҳ таоло бу кечаларга қасам ичиб айтади: «Фажр билан қасам.Ва ўн кеча билан қасам. (Уламоларимиз, ушбу оятдаги ўн кечадан мурод Рамазон ойининг охирги ўн кечаси, уларда Лайлатул қадр кечаси ҳам бор, деганлар.) Жуфту тоқ билан қасам. Ва юрилган тун билан қасам. Мана шуларда ақл эгаси учун (қаноатлантирувчи) қасам бордир?!» Фажр сураси,1-5-оятлар.
Аллоҳ азза ва жалла Зулҳижжа ойининг аввалги кечаларига қасам ичди. Сиз билганингиздек, унинг кунлари ҳам кечаларга эргашади. Аллоҳ таоло бу кечаларнинг муқаддас эканига ва бу кунларда қайси жойда яшашларидан қати назар, кишилар эришадиган марҳаматга боғлиқ бўлган бу кунларнинг улуғ моҳиятига эътиборимизни қаратишимиз учун қасам ичгандир. Шунинг учун гарчи айрим одамлар Аллоҳнинг уйига боришдан махрум бўлсалар-да, улар ана шу тўлиқ ажрни олишдан маҳрум қилинмаган. Ажр олишнинг масдарлари ҳар хил. У одамларнинг ажр олиш масдари уларнинг тавофлари, саъйлари ва Арафот водийсида туришларидир. Аммо ўз шаҳар ва қишлоқларида қолган бошқа кишилар ажрининг масдари уйларида бўлсалар ҳам, уларга етиб боради. Гўёки Аллоҳ таоло, гарчи иззат-икром ҳамда қабул дастурхони Ҳожилар учун ёзилган бўлса-да, Аллоҳ қасам ичган бу кечаларда қаерда бўлсангиз, сизларга ҳам ажр етиб боради, деб айтади. Имом Бухорий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсани асослаб тушунтириб берган: «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал бу кунларда (қилинган амалчалик) яхши эмас», дедилар. Шунда саҳобалардан бири, «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам-а?» – деб сўради. «Аллоҳнинг йўлидаги жиҳод ҳам. Магар бир одам жони ва моли ила чиқса-ю, ундан бирор нарса қайтмаса, мустасно»,– дедилар. Муҳтарам жамоат, келинглар, Аллоҳ субханаҳу ва таоло ичган қасамдан кейин Расулуллоҳ айтган ушбу сўз олдида тўхталиб ўтайлик. Аллоҳнинг муқаддас уйини ҳаж қилишдан ҳозирча тўсилган эканмиз, келинглар, мана шу кунларда эришишимиз мумкин бўлган тўлиқ савобларни аниқлаб оламиз. Эҳтимол, уйда қолган одамларга ҳожилар учун бериладиган савоб баробарида ажр берилар, балки, ундан ҳам зиёдаси насиб этар. Мана шу ҳақиқатлар ҳақида ҳужжатга эга бўлишимиз лозим. Мана шу муборак кеча ва кунларни бандани Аллоҳ субханаҳу ва таолога яқинлаштирадиган амаллар билан тўлдиришга тайёргарлик кўришимиз лозим бўлади. У киши сўзининг нозик нуқтасига эътибор беринглар; «Ҳеч бир кундаги солиҳ амал бу кунларда (қилинган амалчалик) яхши эмас». «Ҳеч бир кун бу ибодат кунларичалик яхши эмас», демадилар. «Солиҳ амалчалик эмас»,– дедилар. Солиҳ амал, бу ҳамма инсонлар манфаатини ўз ичига олган сўздир. Ундаги ҳар бир нарса мазҳаблар ва миллатлар орасини ажратмаган ҳолда шахс ва жамиятга берилган манфаатдир. Солиҳ амал инсон фитратига ва унинг эҳтиёжига хос ва мос бўлган кийимдир. Инсоният учун таклиф этилган ҳар бир солиҳ амал кишини Аллоҳ азза ва жаллага яқин қилади. Солиҳ амал ортидан кишининг қилаётган мақсади Аллоҳнинг розилигига етиш ва унинг марҳаматига эришиш бўлса, Аллоҳнинг уйини тавоф қилиш учун йўл олган ҳожиларнинг ажридан кам бўлмаган Аллоҳнинг эҳтиромига сазовар бўлади. Бу эҳтиром бизни иштирокимизсиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам равзасида туриб у Зотга салом бераётган кишиларнинг ажридан ҳам кам бўлмайди. Лекин солиҳ амал деган сўзни яна бир бор аниқлаб олинглар. Солиҳ амал билганингиздек Аллоҳ азза ва жалланинг ҳақларини бажаришдан бошланади. Балки Аллоҳнинг ҳақлари бўлмиш ибодатлар, солиҳ амаллар қаторига киради, десам муболаға қилмаган бўламан. Бундан ташқари, инсон уммат хизматига боғлиқ бўлган вазифани бажариши солиҳ амаллардан бўлган ишдир. Бу ишни қилаётганида у ҳол тили билан, «Эй Роббим, мен бандаларинг ҳизматини қилиб сенга яқинлашмоқдаман»,– деб айтади. Албатта, кишининг ишдан уйига қайтган чоғида аҳли аёли ва болалари олдига очиқ чеҳра ва чиройли муомала билан кириб келиши ҳам инсонни Аллоҳга яқинлаштирадиган солиҳ амаллардандир. Шубҳа йўқки, очиқ чехра ва муомаладаги бу лутфнинг савоби шу кунларда Сафо ва Марва орасида саъй қилаётганларнинг ажридан кам эмас. Тонг саҳардан билган илмига амал қилиб аҳлига ризқ олиб келиш учун ҳалол касбига йўл олган кишининг у ерда меҳнат қилиши ҳам солиҳ амаллардандир. Балки Аллоҳ субханаҳу ва таоло бу ишни жиҳод, бажарувчисини эса мужоҳид деб васф қилгандир. Масжидда ва ибодат маконида унга ишониб топширилган вазифани бажараётган инсон ёки шу жойда мен сизларни олдингизда туриб адо этилаётгани каби ўзига юклатилган дарсликни бажараётган инсон, албатта, Аллоҳ розилигини ва Унга яқинлашишни истаб қилади. Бунинг савоби ҳам Аллоҳнинг уйини тавоф қилувчилар ажридан кам бўлмайди. Лекин ҳой Аллоҳнинг бандалари шуни билингларки, солих амаллар ёмон хулқ ва ман этилган нарсалардан нафсни тозалаш билан бошланади. Мана шу бу йўлдаги биринчи қадамдир. «Безанишдан олдин тозаланиш лозим», деган одам рост айтган. Идишингизни таом ва ширинликлар билан тўлдиришни истасангиз, биринчи навбатда ана шу идишни тозалашдан бошланг, акс ҳолда идишдаги нопоклик ундаги ширин таомни бузади. Ҳа шундай, безанишдан олдин тозаланиш лозим. Инсон билан шайтон ўртасидаги иттифоқчилик давом этиб турса, гунохларини тўхтатмаса ва бузуқ хулқи мақталган инсоний хулқларидан устун бўлса, бундай кишининг тоат-ибодатлари унга фойда келтира олмаслиги мумкин. Эҳтимол, бу киши кечалари бедор бўлиб, кундузи рўза тутар, лекин рўзаси уни Аллоҳ таолога заррача яқинлаштира олмайди. Эй Аллоҳнинг бандалари, барча турдаги солиҳ амаллар ягона бир ўқ атрофида айланади. Билингки, у гўзал ва фазилатли хулқдир. Расулуллоҳ ўз сўзини рост айтган: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳдан қўрқ. Ёмонлик орқасидан яхшилик қил, у ёмонликни ўчиради. Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар. Мўмин-мусулмонларга, қўшниларга ва қариндошларга чиройли хулқ билан муомалада бўл, демадилар. Балки «Инсонларга чиройли хулқ билан муомалада бўл», дедилар. Мени кўраётган ва эшитаётган кишиларга айтаман, сизларнинг орангизда кўп хато ва гунохларни оғирлигини кўтариб юрадиган кишилар бор. Бу гуноҳлар Аллоҳнинг ҳаққини зое қилишга ўхшаш гуноҳлар эмас Аллоҳ хоҳласа, буларни кечиб юбориши мумкин. Лекин бу, бандалар ҳаққини поймол қилишда ва уларга зулм қилишда намоён бўладиган хато ва гуноҳлар оғирлигидир. Айрим кишилар кечаси ҳизматдан уйга қайтиб келганларида уйда уруш-жанжал ва зулмни келтириб чиқарадилар. Эрининг келишини интзорлик билан кутиб ўтирган уй-жойини тартибга келтириш хизматида бепарволик қилмаган бечора аёлга бўлмаган айбни тўнкаб унга зулм қиладилар. Эркакларнинг зулми сабабидан аъзолари кўкарган суяклари синдирилган аёлларнинг кўпларини эшитдим ва ўз кўзим билан кўрдим. Бу инсонларни Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлигида Аллоҳга яқинлашиши нима фойда бериши мумкин. Уларга Аллоҳ таоло ҳол тили билан «Тайёрланган бу дастурхондан ажр олмаган ҳолингизда узоқ бўлинглар», деб айтади. Уларни кутиб турган оғир фалокат эса қиёмат куни бўлади. Кўп одамлар бошқалар ҳаққини еб бойлик орттирадилар, шу каби турли макру ҳийлалар, ҳар хил алдовлар билан бошқалар ҳаққини тортиб олиб бунинг мастлигида ҳузур-ҳаловатда яшайдилар. Уларни бу ҳолатларидан ушбу улуғ кунлар ҳам, Аллоҳ қасам ичган кечалар ҳам уйғотмайди. Аллоҳ бундай инсонларнинг ибодатига муҳтож эмас. Агарда Аллоҳ бизни намозга ёки бирор ибодатга буюрса, мана шу ибодат билан қалбларимизни юмшатиб инсонларга ҳушмуомалада бўлишимиз учун буюрган. Мен бу гапни сизларга айтаётган бўлсам-да, эркак ва аёл – ҳаммаси бу мезонда баробардирлар Ҳеч ким бошқа бировнинг ҳаққини поймол қилмаслиги керак. Мен кеча сизларга айтганимдек, Аллоҳнинг ҳақлари кечириш, илтифот устига бино қилинган. Аммо бандаларнинг ҳақлари даъволашув устига бино қилингандир. Аллоҳ азза ва жалла қасам ичган шарафли ушбу ўн кунда мана шу жойдан туриб айтаман, эй аҳлига зулм қилувчилар, эй яқинларига зулм қилувчилар, эй биродарларининг ҳақларини егувчилар агар Аллоҳ субханаҳу ва таолога тавба қилмасангиз, устингизга ер билан яксон қилувчи ҳалокатли бало келишини кутаверинг. Аллоҳ ўз сўзини рост айтган:
لَّيۡسَ بِأَمَانِيِّكُمۡ وَلَآ أَمَانِىِّ أَهۡلِ ٱلۡڪِتَـٰبِۗ مَن يَعۡمَلۡ سُوٓءً۬ا يُجۡزَ بِهِۦ
«Сизларнинг хомхаёлингизча ҳам эмас, аҳли китобларнинг хомхаёлича ҳам эмас. Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир». Нисо,123.
Бу дунёдами ёки қиёмат куними, барибир, қилган ёмонлигининг жазосини олади. Ўзимга ва ана шу одамларнинг барчасига қарата айтаман, ўлим уйқуси ва қиёмат яқин эмасми?! إِنَّہُمۡ يَرَوۡنَهُ ۥ بَعِيدً۬اوَنَرَٮٰهُ قَرِيبً۬ا «Албатта, улар у(қиёмат)ни узоқ деб билурлар. Ва Биз уни жуда яқин деб билурмиз». Маориж, 6-7.
Тез орада ўлим фариштаси бизга овозини кўтарганида ўлим тўшагида чўзиламиз. Ҳой, бугунги ҳаётингда аҳлинг, болаларинг ва ака укаларинг билан бўлган муносабатда зулмни давом эттираётган! Мана кўрасан, албатта, қалбинг надоматдан эзилади. Нима учун ўзингни бу надомат оловига ҳозирлайсан. Сенга надомат фойда бермайдиган қиёмат кунида унинг қайноқ ҳароратида ағдарилишинг учун унинг алангасини нимага бугун қиздирасан. Хали бу дунёга қайтиб мазлумларга илтифот қилишни истаб қоласан. Агар қайтсанг, уриб ранжитган аёлинг оёғини ўпишни хоҳлаб қоласан.
Азиз биродарлар, шундай экан, фурсат борлигида, бугунги кунда Аллоҳнинг чақириғи «Огоҳ бўлинг, ҳозир ҳаққа қайтиш вақти», деб турганида нима учун хатолардан тўғриланиб пушаймон бўлмаймиз. Бу улуғ кечалар биринчи навбатда бизни тозаланишимизга чақиради. Гунох ва зулмлардан ҳамда бирор кишига ёмонлик қилишдан сақланишимизга ундайди. Тозаланганимиздан кейин безанишни бошлаймиз. Аллоҳ таолога тоат-ибодатлар ва барча солиҳ амалларни бажариш билан яқинлашамиз.
Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман. Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутий.Жума хутбаси. 20 ноябрь 2009 йил.
Шайхонтоҳур туман Эшонгузар жомеъ масжиди имом хатиби: Ғуломов Абдуллажон таржимаси. 20 август 2015 йил.