– Ва алайкум ассалом!
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мустолиқда ғазот қилдик. Шунда арабларнинг карималарини асирга олдик. Бўйдоқлигимиз чўзилиб кетган эди. Шу билан бирга, тўлов пули олишга рағбат қилар эдик. Бас, ҳузур қилганда «азл» қилмоқчи бўлдик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичимизда туриб, бу ишни сўрамасдан қиламизми, деб у зотдан бу ҳақда сўрадик. Шунда у зот:
«Йўқ! Ундай қилмаслигингиз лозим. Аллоҳ қиёмат кунигача яратилишини ёзиб қўйган аҳоли албатта бўлгусидир», дедилар».
Бешовлари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Бани Мусталиқ ғазоти Ислом тарихидаги энг машҳур ғазотлардан биридир. У, иншааллоҳ, кези келганда ўрганилади. Бани Мусталиқ арабларнинг Ҳузоъа қабиласига мансуб уруғлардан эди. Ана шу ғазотда аслзода араб аёллари ҳам асир тушдилар. Ўша вақтнинг одатига кўра, улар чўри сифатида тақсимланди.
Саҳобалар ғазотда юриб, аёлларидан узоқ бўлганларига анча бўлган эди. Ўша чўри бўлган аёллар билан, ҳар ким ўз чўриси билан бирга бўлгиси келди. Шу билан бирга, чўриларни озод қилиш учун тўлов пули олиш мақсадлари бор эди. Бунинг учун эса аёллар ҳомиладор бўлиб қолмасликлари шарт эди. Агар ҳомиладор бўлиб қолсалар, тўлов пули олиб бўлмас эди.
Шунинг учун ҳам саҳобалар чўриларга яқинлик қилганларида бола бўлиб қолмаслиги учун «азл» қилиш, яъни уруғликни ташқарига тўкишни ўйладилар. Шу билан бирга, хаёлларига ичимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ўзимизча бу ишни қилавермайлик, олдин у зотдан рухсат сўрайлик, изн берсалар, қилайлик, бўлмаса йўқ, деган фикр келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган эди, у зот:
«Йўқ! Ундай қилмаслигингиз лозим. Аллоҳ қиёмат кунигача яратилишини ёзиб қўйган аҳоли албатта бўлгусидир».
Бу гап билан ақида масаласи муолажа қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Агар азл қилсак, бола бўлмайди», деган фикрни йўқотиш учун «Аллоҳнинг иродаси кетган бўлса, «азл» қилсангиз ҳам бола бўлиб қолиши мумкин», деган маънодаги гапни айтганлар.
Валлоҳу аълам!