Илмга қизиқтириш

01:08 / 31.05.2020 | Ali | 4381
Ассалому алайкум! Мени уч нафар фарзандим бор, улар 23, 20, 17 ёшда. Иккитаси Қуръони каримни тамомлаган. Лекин Қуръони каримдан бошқа китобларни ўқимаган. Уларни суннатга, ҳадисга қизиқтириш учун яна қайси китобларни ўқишларини маслаҳат берасиз? Намозга, Қуръонга сал бепарво бўлиб қолишмоқда. Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг барча китобларини секин-секин ўқиб чиқишни маслаҳат берган бўлардим. Чунки бу китоблар жуда тушунарли, ҳалқ тилида ифода этилган. Болаларингизнинг Қуръон ёдлаганлиги жуда аъло иш бўлибди. Энди бу ояти карималарнинг маъноларини ҳам ўрганишга даъват этиб туринг. Маъноларини тушунгандан сўнг уларга амал қилиш жуда муҳим эканлигини уқтиринг. Бунда саҳобаларнинг ҳаётларини мисол қилишингиз мумкин. Улар ҳар бир оятга амал қилгувчилардан бўлганликлари ҳақида ўзингиз ривоятлардан гапириб беришингиз керак. Болаларингизни шунчалик мақомга эриштирибсиз энди бу ёғига ҳам уларни бўшаштирманг. Қуръонни ёдлаш у ёқда турсин Қуръонга туширишнинг ўзи қанчалар мушкул. Аллоҳ шундай кунларга етказибди сизларни. Инсон олдига бир мақсад қўяр экан унга эришишига озгина қолганида кейинги мақсадини қўйиб олиши керак. Негаки мақсадига эришгач бўшашиб бир оз тушкунликка туша бошлайди. Ҳеч нимага мадори бўлмай қолади. Шу сабаб биринчи мақсад кетидан иккинчиси турса бўшашмайди, ўзини қўлида ушлаб туради ва иккинчи мақсади томон интилаверади. Шунинг учун болаларингизга “Сизлар катта иш қилдингиз. Бу мақомга эришиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Аллоҳ насиб этганларгина етади. Шунинг учун бошлаган ишингизни охиригача етказинг. Маънолар таржималари ўқинг. Ёд олган каломингизни маъносини тушунишингиз керак” каби гаплар билан мақсад қўйишга интилишларига ёрдам беринг.  Валлоҳу аълам!