Ассалому алайкум! Акамни қизчаси бор, 5 ёшда. Кимдир унга жин, шайтонлар ҳақида гапирган. Ҳозир жуда қўрқоқ бўлиб қолди. "Ичимга жин кириб олди" қабилида ҳар хил гаплар гапиради. Уйдагилар ҳам ҳавотирда. Унга бу масалада қандай тушунтириш ишларини олиб бориш керак? Маслаҳатингиз керак.
– Ва алайкум ассалом! Болага бундай нарсалар ҳақида гапирилмаслиги керак. Чунки психикасига салбий таъсир этиб катта бўлгани сари турли фобияларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Эндиликда болани қоронғуда ва ёлғизликда ҳамда бегоналар билан қолдирмасликка ҳаракат қилишингиз керак. Мумкин қадар эътиборингизни болага қаратишингиз керак. Қўрқинчли нарсаларни унинг олдида гапирмасликка, турли ёмон ҳодисаларни айтмасликка, телевизорда ҳам фақат кулгулик мультфилмларни кўрсатишга эътибор қилиб туринг. Кўпроқ бола билан оила аъзолари, асосан ота-онаси копток ўйнаши, арқонда сакраши, велосипед ёки самокат учиши, тоза ҳавода сайр этиши, айниқса кўп расм чизиши керак. Болани ухлатиш олдидан кайфиятини кўтарадиган яхшиликлар билан тугайдиган эртакларни айтиб, бошини силаб ухлатиш керак. Ота-она бағрига тез-тез босиб туриши болани анча хотиржам қилади ва у ўзини бу қўрқувлари билан ёлғиз ҳис этишидан асрайди, далда бўлади. Жинлар ҳақида умуман гапирилмагани маъқул. Оила аъзолари билан дастурхон атрофида хушчақчақлик билан йиғилиб ўтирилиши қўрқинчларини унутишда унга катта куч беради. Валлоҳу аълам!