Ғайридин ота-она

10:09 / 28.05.2020 | Robia Bintu Qobil | 388
Ассалому алайкум! Агар ота-она ғайридин, фарзанд мусулмон бўлса, мусулмон фарзанд ғайридин ота-онасини рози қилиши керакми?
Одинахон Муҳаммад Юсуф:

– Ва алайкум ассалом! Уларни рози қилиш шарт эмас. Лекин уларга яхшилик қилиш керак.

 Фарзанднинг ота‑онага яхшилик қилиши турларидан яна бири – фарзанд ота‑она хизматида доимо шай туриши, ҳатто мушрик бўлсалар ҳам, уларнинг розилигини топиши лозимлиги.

عَنْ أَسْمَاءَ بِنْتِ أَبِي بَكْرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَتَتْنِي أُمِّي رَاغِبَةً فِي عَهْدِ النَّبِيِّ r، فَسَأَلْتُ النَّبِيَّ r أَفَأَصِلُهَا؟ قَالَ: نَعَمْ. قَالَ ابْنُ عُيَيْنَةَ: فَأُنْزِلَ فِيهَا ﮋ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁﮊ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ فِي الْأَدَبِ.

Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Онам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида рағбат қилган ҳолида ҳузуримга келди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Унга силаи раҳм қилайми?» – деб сўрадим.

«Ҳа», – дедилар».

Ибн Уяйна:

«Бас, бу ҳақда Аллоҳ азза ва жалла «Аллоҳ сизларга дин борасида уруш қилмаганларга... (яхшилик ва адолат қилишдан) сизларни қайтармас», оятини нозил қилди», – деган».

Бухорий «Адаб»да ривоят қилган.

Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг катта қизлари Асмо розияллоҳу анҳо мусулмон бўлиб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб кетган, мушрика оналари Маккада қолган эди. Мазкура онанинг номи Қийла бинти Абдулъуззо бўлган.

Замон ўтиб, ҳалиги мушрика она – Қийла бинти Абдулъуззо, қизимни кўрай, деб, унинг яхшилигидан умидвор бўлиб келган. Шунда Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо мушрика она билан муслима қиз ўртасида муносабат қандай бўлиши кераклигини сўраб билиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган. «Мушрика онамга силаи раҳм қилаверайми?» деб сўраганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, қилавер», деганлар.

Демак, ота‑она мушрик бўлса ҳам, фарзанд унга силаи раҳм қилиши, дунёвий ишларда яхшилик қилиб, иқтисодий ёрдам бериб, яхши гапириб, ҳурмат-эҳтиромини жойига қўйиши керак.

("Бахтиёр оила" китобидан)

 Валлоҳу аълам!