Истиғфор

22:44 / 28.05.2020 | Jamila | 537
Ассалому алайкум! Мен истиғфор айтсам қалбимдаги нохуш туйғуларни тўзғитаётгандай туюламан ўзимга. Нима қилсам нохушлик йўқолиб, ёришаман? Истиғфорни тайинланган хос саноғи борми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! «Истиғфор»нинг луғавий маъноси «мағфиратни (гуноҳнинг кечирилишини) сўраш»дир. Амалда банданинг тилида «астағфируллоҳ» ва шу маънодаги калималарни айтиб, дил билан тасдиқлашидир. Умумий маънода эса истиғфор диндорликни ифода этади.

 «Эй қавмим, Роббингизга истиғфор айтинг, сўнгра Унга тавба қилинг, (шунда У) устингизга ёмғирни мўл-кўл қилиб юборади ва қувватингизга қувват зиёда қилади. Жиноятчи бўлган ҳолингизда юз ўгириб кетманг», деди («Ҳуд» сураси, 52-оят).

Мўмин-мусулмон инсон доимо истиғфор айтиб, Аллоҳ таолодан гуноҳларини мағфират қилишини сўраб ва қилган гуноҳларидан тавба қилиб туриши зарурлигини ҳамма пайғамбарлар таъкидлаганлар.

Ҳар бир инсон бўлажак аламли азобдан тириклик пайтида қутулиб олиши мумкин. Бунинг учун:

«Аллоҳга тавба қилиб, Ундан мағфират сўрамайдиларми?! Аллоҳ Ғофур ва Роҳиймдир» (Моида сураси, 74-оят).

У Зот тавба қилганларнинг тавбасини қабул этади. У Зот истиғфор айтганларнинг гуноҳини кечиради.

Фурсат ўтмасдан аввал бузуқ ақидаларидан қайтиб, тавба қилсинлар, тўғри ақида бўлмиш Ислом ақидасига ишонсинлар ва ўтган гуноҳларини кечишини сўраб, Аллоҳга истиғфор айтсинлар.

(“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан)

 Валлоҳу аълам!