– Ва алайкум ассалом! Билмаган бўлса бир кун қазо тутилади. Агар рўзадор ҳолида беморлик келиб қолса ёки зиёда бўлса, ёнбошга укол олса ҳам рўзаси, ҳам соғлиги омонда бўлади ин шаа Аллоҳ. Валлоҳу аълам!
Рўза тутишга ожиз бўлиш
Биз рўза тутишдан ожиз бўлишини иккига бўлиб ўрганамиз.
1 – Тоифа рўзани Рамазонда очиб, кейин қазосини тутиб беради. Булар тузалиши умид қилинадиган бемор ва мусофирдир. Бу ҳақда Аллоҳ, Бақара сураси, 185–оятида шундай марҳамат қилган:
فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ
“Сиздан ким шу ойда ҳозир бўлса, бас, унинг рўзасини тутсин.
Ким бемор бўлса ёки сафарда бўлса, бас (ўша тутилмаган кунлар) ададича бошқа кунлар(тутур). Аллоҳ сизга енгилликни ирода қилур. Аллоҳ сизга оғирликни ирода қилмас” деган.
Тузалиши умид қилинадиган бемор Рамазон ойида бемор бўлса ё беморлиги зиёда бўлишидан қўрқса, ёки бир киши Рамазон ойида сафарга чиқса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган куни миқдорича қазо қилишига юқоридаги оят далил бўлади. Биз бемор рўза тутса беморлиги зиёда бўлишидан қўрқса бемалол оғзини очиб юриб, кейин қазосини тутиб беради, дедик. Бунга Имом Шофиий (р.а) хилоф қилиб, беморлар рўзасини очмайди, дедилар. У киши таяммумда эътибор қилганидек, рўзада ҳам бир бўлак аъзо йўқолиб ёки хастанинг вафот этиб қолиш хавфини эътиборга оладилар. Биз, касалнинг зиёдалашиб кетиши ва унинг чўзилиб кетиши гоҳида ҳалокатга олиб боради, шунинг учун унинг олдини олиш вожибдир, деймиз.
Агар киши Рамазон ойида мусофир бўлиб рўза тутса, ўзига зарар етмаса, рўза тутиши афзалдир. Имом Шофиий (р.а): Сафарда рўза тутмаслик афзал, деб ушбу ҳадисни далил қиладилар:
ليس من البر الصيام فى السفر
“Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас”.
Биз бу ҳадисни сафарда қийинчилик бўлганга тегишли деймиз.
Энди ушбу мавзуларга тегишли бир неча ҳадисларни келтириб ўтамиз:
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазонда Маккага (йўлга) чиқдилар. Шунда Кадидга етгунларича рўза тутиб бордилар. Сўнгра рўзани очдилар, одамлар ҳам очдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг саҳобалари у зотнинг амалидан энг янгисига эргашар эдилар.”
Шу зотдан қилинган бошқа бир ривоятда: “Набий (с.а.в) (сафарда) рўза ҳам тутганлар, оғизлари очиқ ҳам бўлган. Бас, ким хоҳласа рўза тутсин, ким хоҳласа оғзи очиқ юрсин” дер эдилар. Ушбу ҳадисдаги воқеалар Макка фатҳ қилинишида бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в) Рамазонда йўлга чиққан эдилар. Аввал рўза тутганлар. Кадид деган жой Мадинадан икки кунлик масофада эди. Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ (с.а.в) ушбу сафарда сув чақиртириб оғзини очдилар, шунда баъзи саҳобалар ҳам оғзини очишди. Баъзилар эса оғзини очмай рўзасини давом эттирдилар.
“Расулуллоҳ (с.а.в) билан Рамазонда сафарга чиқдик. Шунда рўзадор оғзи очиқни, оғзи очиқ рўзадорни айбламади.” Бошқа ривоятда саҳобалар: “Бас, ким қуввати етиб рўза тутса яхши, ким заифлик сезиб оғзи очиқ бўлса, у ҳам яхши, деб билишар эди” дейилган.
عن جابر رضى الله عنه كان النبىّ صلى ﺍﷲ ﻋﻟﻴﻪ ﻭ ﺴﻟﻡ فى سفر
فرأى زحاما و رجلا قد ظلل عليه فقال ماهذا قالوا صائم فقالوا ليس من البر الصوم فى السفر
Жобир (р.а) дан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в) сафарда эдилар. Бас, тўрланган кишиларни, ҳамда устига соя қилиб қўйилган одамни кўрдилар ва: “Бу нима?” деб сўрадилар. “Рўзадор” дейишди. “Сафарда рўза тутиш яхшиликдан эмас” дедилар.” Ушбу ривоятдаги киши Абу Исроил лақабли Қайс ал Омирий бўлиб, у сафарда иссиқ кунда рўза тутганидан чарчаб қийналиб ҳушидан кетди. Шунда кишилар унинг устига соя қилиб қўйишди.
Биз юқорида сафарда рўза тутиш яхши, дедик. Чунки Аллоҳ, Қуръони Каримда ушбу масала баёнида: “рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир” деган. Яна Рамазон кунларининг ўзига яраша файз ва баракаси бор ва инсон ўз зиммасидаги бурчни тезроқ бажарса яхши.
Агар касал киши хасталик чоғида ёки мусофир сафардалик чоғида вафот этиб қолса, унга қазо рўза вожиб бўлмайди. Чунки улар Рамазондан кейинги бир неча кунни кўрганлари йўқ. Агар касал тузалиб ва мусофир юртига келиб (муқим бўлиб) сўнгра вафот этишса, уларга сиҳатлари ва ватанларида яшаган кунлари миқдорида қазо рўза лозим бўлади. Агар шу кунлар давомида рўза тутмай ўлса, шу кунлар учун ворислари фидя беришади, агар у васият қилиб ўлган бўлса. Имом Шофиий (р.а) эса васият қилмаса ҳам меросхўрлар фидя беради, дейди.
“Фидя” сўзининг луғавий маъноси “фидо қилиш” бўлиб, шариатда маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш фидя бериш дейилади. Масалан, бир киши Рамазонда беш кун касал бўлгани учун рўзасини очди ва рўзадан кейин беш кун яшаб, рўза тутмасдан ўлса ва васият қилган бўлса, ворислари беш кун учун фидя беришади. Агар бу киши беш кун яшамасдан уч кун яшаб ўлса, уч кун учун фидя беришади. Бир кунлик рўзанинг фидяси ярим соъ буғдойдир.
Васият маййитнинг молининг учдан биридан амалга оширилади, агарчи бу мол маййитнинг фидясига етмаса ҳам. Маййитнинг ўрнига валийси намоз ўқиб, рўза тутиб бермайди. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в):
لا يصوم أحد عن أحد و لا يصلى أحد عن أحد
“Ҳеч ким бошқа бир кимсанинг ўрнига рўза тутмайди ва ҳеч ким бошқа бир кимсанинг ўрнига намоз ўқимайди” деганлар.
2 – Тоифа ёши улуғ кишилар, ҳомиладор ва эмизувчи аёллар, сурункали беморлар.
Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Ва у рўзани қийналиб тутадиганларга бир мискин таомини бериш” ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдирдеганлар. Икковлари рўзани қийналиб тутурлар. Улар оғзини очиб, ҳар бир кун учун бир мискинга таом берурлар.
Ҳомиладор ва эмизикли аёллар қачонки қўрқсалар оғизларини очурлар ва таом берурлар. Бухорийнинг ривоятида: “Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирур” дейилган. Мазкур оятга кўра, ўта қари чол – кампирларга рўза тутмасликка рухсат ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом бериши мумкин. Баъзилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли рўза тутишга қийналадиган бўладилар. Уларга ҳам рухсат. Аммо ҳомиладор ва эмизикли аёлларни кейинчалик қазо тутишлари Ҳанафий мазҳаби бўйича шарт ва булар фидя бериши дуруст эмас. Бу ривоятдаги маънони эса ҳазрати Ибн Аббос (р.а) нинг шахсий фикри, деб қабул қиламиз. Худди Ибн Аббос (р.а) нинг ўзларидан қилинган бошқа бир ривоятда, бу ояти кариманинг тафсирида ҳомиладор ва эмизикли аёллар зикр қилинмагани ҳам шуни кўрсатади. Энди ўша ривоятни ўрганамиз.
و عنه فى هذه الأية لا يرخص فى هذا إلا للذى لا يطيق الصيام أو مريض لا يشفى
Яна Ибн Аббос (р.а) дан ривоят қилинади: “Бу рухсат фақат рўзани кўтара олмайдиган ва шифосиз беморгагина берилади.” Кўриниб турибдики, мазкур ояти каримада кўзда тутилганлар умуман рўза тутишга ярамайдиган ўта қари чолу кампирлар ва тузалишидан умид йўқ беморлардир.