Ассалому алайкум! Мен 28 ёшдаман, 2 қизим бор. Оилада 2 овсинмиз. Мен кенжа келинман. Овсиним келин бўлиб тушганимдан бери мени ҳаммага ёмонлаб юраркан. Менга қайнонам сени ундай деди, опам бундай деди, қилиб орани совутди. Аҳвол шу даражага бордики, ҳозир уйда 2 хонага алоҳида қилишган. Лекин овсиним шунда ҳам тинч ўтирмайди. Болаларим бобо, бувисини кўриш учун уйга кирмоқчи бўлишса ёқмайди. Мени бир тарафга суриб ташлади. Ёш бошимга шунча азоб. Мен нима қилай? Илтимос, маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Қалбингизда хотиржамлик бўлиши, овсинингиз ва оилангиздаги сизни хафа қилувчи инсонларнинг феълига эътибор қилмаслигингиз учун Осиё онамизнинг ҳаётини эсланг. Ҳақиқий тақво, иймон эгаси, дунёга келган аёлларнинг ичида саййида аёлларидан бири бўлган Осиё онамиз Фиръавннинг аъзобларига, зулмларига қолиб кетган. Ҳар бир мўмин мусулмон умри давомида турли синовларга, “Фиръавнлар”ларга дуч келади. Сизнинг синовингиз эҳтимол ҳозирги ҳолатингиздир? Сиз ўз эмоцияларингизнинг, нафратларингизнинг, аламларингизнинг устида ишлаб уларни бартараф этишга ҳаракат қилинг. “Амаллар ниятга боғлиқдир” маъносидаги ҳадисга мувофиқ ниятларингизга эътибор қилишга ҳаракат қилинг. Шунда аламларингиз ҳам йўқ бўлиб кетади, ин шаа Аллоҳ. Шу аламларингиз ўрнини Аллоҳга бўлган муҳаббатингизни кучайтириш устида ҳаракат қилаверинг. Инсон ибодатларида, зикрларида маҳкам бўлса қалбан Аллоҳга яқинлашаётганини ҳис эта боради. Ҳадисга биноан дуоларда инсон оёқ кийимини боғлайдиган ипигача сўраши керак. Бандалар ҳар қачон, доимо Аллоҳга муҳтож. Шунинг учун дуоларингизда ўзингизга офият сўраб туринг. Валлоҳу аълам!