Хоҳиш бўлмаса

06:48 / 22 май | Madina | 52

Ассалому алайкум! Эрим билан кўп жанжаллар, жуда қаттик кўнглимни оғритадиган гапларни кечиролмаганим учунми билмадим, кундузи яхши гапиришга ҳаракат қиламан, лекин кечаси яқинлик хоҳласа нафратланаман ва қийналаман. Белимдан тепасига тегмаслигини, тезроқ ишини битиришини айтиб, гуноҳ бўлмаслиги учун мажбуран рози бўламан. Аксига олгандай, ҳар куни хоҳлайди. Баъзида шу қадар хоҳишим йуқлигидан жуда ёмон аҳволга тушаман, йиғлаб ҳам оламан. Бирор жойим оғригани учун эмас, шу нарсага рози бўлишим шартлиги учун. Қанчалик ҳаракат қилмай, фойдаси бўлмаяпти. Маслаҳат беринг! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Аёл кишининг ички руҳий кечинмалари, ҳиссиётлари ҳақида психолог билан суҳбатлашиб туриши керак. Йўқса, сизники каби йиғилиб “эҳтиросларингизнинг чиқиш” йўлларини тўсиб қўяди. Аёл киши бировдан хафа бўлса буни узоқроқ ўйлаб, анчагача эсидан чиқара олмай, ўйланиб, ҳаёлида ҳам шу воқеани қайта-қайта бошидан ўтказиб юраверади. Хотиржам бўла олмагач бу унинг турмушида яқинлик қилишига катта тўсиқ бўлиб тураверади. Чунки яқинлик қилиши учун унинг гормонал тизими нормал ҳолатда бўлиши керак. Хафа бўлганида кортизол гормони, яъни стресс гормони унинг кайфиятини бузади ва у хотиржам бўла олмайди. Эркак киши буни тушуна олмайди. Чунки эркак кишининг физиологияси бутунлай бошқача. Аммо сизнинг бу ҳолатингизга сабаб нафақат турмуш ўртоғингиздан хафа бўлганингиз, балки оиладаги ишларингиздан ҳам толиқиб кетганингиз ҳамдир. Психолог билан суҳбатлашиб, бироз психологик тиним олганингиздан сўнг албатта кунингизни ҳам режалаштириб унга амал қилганингиз яхшидир. Валлоҳу аълам!