Ассалому алайкум! Мени бир савол қийнаяпти. Ёшим 37 да. Биринчи турмушимдан 2 фарзандим бор. Биринчи эрим билан ичкилик, ишламаслиги оқибатида ажрашганман. Ўзим ишлайман. Биринчи турмушимдан ажрашганимда ота-онам менга уй ва машина олиб беришган. Бир йил олдин яхши бир инсонга турмушга чикдим. Ўша пайтда шундай ўйлагандирман, ҳозирда яхши инсонлигига шубҳаланиб қолдим. Яқинда фарзандли бўлдик. Кейин билсам турмуш ўртоғимнинг уйи йуқ экан. Қайнонамни мени уйимга олиб келди. Қайнотам ўлган. Мен ҳозирда турмуш ўртоғим, 3 нафар фарзандим ва қайнонам билан мени ота-онам олиб берган 2 хонали уйда яшаймиз. Қайнонамни 8 та фарзанди бор, 5 қиз, 3 ўғил. Турмуш ўртоғим кенжаси. Биронтасининг қайнонам билан иши йук, ҳол аҳвол сўрамайди, лекин эримга келиб қийналганини айтиб пул сўрашини қўймайди. 2 та ўғли ҳовлида яшайди лекин қайнонам биз билан тиқилиб яшайди. Шу яхшими? Эрим ишлайдилар. Ойликларини ҳеч уйга йиғмайдилар. Бир нарса десам, қорнинг туқми, устинг бутми жим ўтир дейди. Эрдан қайтиб келган опасини бор ҳам уйимизга олиб келишдан тоймайди. Қачонгача ота-онам оберган уйда ўтириб, ота-онам оберган машинани ҳайдайди. Мени фикрим нотўғрими? Ҳовли олишга ҳаракат қилаяпман хозирда. Ҳар доимгидек акам, синглим ва онам уйнинг ярим пулини беришяпти. Онамга айтсам, "бу дунёда пул муҳим эмас, эринг яхши, жим ўтир", дейдилар. Ҳовли олсак, кайнопамни обкелтириш ниятим йук. Ўзи ишласин, боласини боқсин, ҳаракат қилсин. Шуларни эримга айтсам яна жаҳли чикадими деб жим утирибман. Ҳовлига кўчсак, 3 та хотин уйда нима қиламиз бекорчиликдан. Менинг 3 ойлик фарзандим бор, 1 йилдан кейин ишга чиқаман, Худо ҳохласа. Хуллас, асабларим чарчади. Уйни орқасидан ажрашиб кетишни истамайман. Эр-хотин иккаламиз талабамиз. Контракт тўлаймиз. Эрим менга уйланганидан кейин ўқишга киргаздим, бошқа ойлиги яхшироқ жойга ишга киришга кўндирдим, энди ҳовли олишга кўндиряпман. Аллоҳга шукр, эрим айтганимга кўнади. 1 йилдан бери, эримнинг эски қарзларини, бировларнинг дилини оғритиб топган пулларини кечирим сўраб қайтартиряпман. Хуллас, мен эримни кўкларга кўтаришга овораман, яқинлари эса пастга тортиш билан овора. Маслаҳат беринг, нима қилсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Агар инсон шариатга мувофиқ турмуш қурса шундай қийинчиликларга дуч келмайди. Яъни эркак киши аҳли аёлини уй-жой, ейиш-ичиш, кийим билан таъминлаши, нафақа ажратиши керак. Лекин ҳаётда бунинг акси кўп учрайди. Сизнинг ҳаётингизда ҳам Яратган баракани сизнинг қўлингизга берган бўлса ажабмас. Шариатимизда эркак кишига оилани таъминлаш бекорга буюрилмаган. Агар аёл киши пул топиб, оиласига ишлатадиган бўлса унга малол келиб, охири бу иши миннатли бўлиб қолади. Чунки аёл киши совуқ ақлга эга эмас ва у ўта эҳтирослидир. Ҳар ишга эҳтирос ила ёндашади. Сизнинг ҳолатингизда оилангизга мансуб бўлмаган инсонлар билан яшашга, уларни таъминлашга мажбур эмассиз албатта. Инсон тоқатига яраша бўлган шароитда яшай олмас экан у ҳолда ношукрлик қилиб қўйиши онсон бўлади. Инсон ҳар ишда ўзига яхши шароит, қулайчиликларни яратиб олгани яхши. Сиз турмуш ўртоғингиз билан шулар ҳақида очиқ гаплашиб олишингиз керак. Лекин қайнонангиз билан яхши чиқишиб яшашга кўзингиз етса у киши сизлар билан яшагани ҳам эҳтимол яхшидир. Сиз ишда бўлган вақтларингизда болаларнинг ҳолидан хабар олиб турувчи ва уларга яхши тарбия берувчи инсон оилада доимо керак. Ҳамда турмуш ўртоғингизнинг ҳам онаси учун кўнгли тинч бўлади. Албатта тоқатингизга қарашингиз керак. Аммо бошқаларни уйингизга киритишингиз, улар асабингизга тегиб бунинг сабабидан эр-хотин ўртасига совуқчилик тушиши нотўғри. Силаи раҳм қилиниши керак. Қариндош-уруғларга ёрдам қўлини чўзиш, ҳолидан хабар олиб туришнинг савоби жуда улуғ. Аммо бу ҳам инсоннинг тоқатига, топган пулига яраша бўлади. Оила маблағидан эҳсон, закот ва садақаларга ажратилиб, ана ўшандан қариндошларга бериб борилса ҳеч кимга бунинг оғирлиги тушмайди. Табиийки оилага келган пул оила аъзоларининг етишмовчиликларига ажратилиб сўнг эҳсон учун ажартилиши керак. Ўзингизнинг қалб оғриқларингизни бартараф этиш учун психолог билан суҳбатлашиб олишингиз керак. Валлоҳу аълам!