Ассалому алайкум! Мен яқинда энг севган, эъзозлаган, ҳаётимнинг мазмуни, қуёшим, бахтим 1ёшу 2ойлик ўғлимни йўқотдим. Ундан бошқа ўғлим ҳам бор. Лекин мен уни жонимдан ортиқ яхши кўрардим, тўсатдан шамоллаб шифохонада жонлантириш бўлимида вафот этди. Мана орадан 1 ой вақт ўтди, лекин ҳали ҳам соғинаман, ҳар куни кўзимда ёш билан, ҳаёл суриб ўйлаб юраман. Ҳеч қаердан фарзанд доғи ва фарзанд ўтгандан кейинги дилга таскин берувчи маърузаларни топа олмадим. Балким сизлардан нажот топарман деган мақсадда мурожаат қилдим. Ёрдам ва маслаҳатингиз учун аввалдан раҳмат! Ҳурмат ва эҳтиром ила фарзанд доғида куяётган ота!
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Биргина мисол келтирайлик:
حَدَّثَنَا مَطَرُ بْنُ الْفَضْلِ، حَدَّثَنَا يَزِيدُ بْنُ هَارُونَ، أَخْبَرَنَا عَبْدُ اللهِ بْنُ عَوْنٍ، عَنْ أَنَسِ بْنِ سِيرِينَ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ قَالَ: كَانَ ابْنٌ لِأَبِي طَلْحَةَ يَشْتَكِي، فَخَرَجَ أَبُو طَلْحَةَ، فَقُبِضَ الصَّبِيُّ، فَلَمَّا رَجَعَ أَبُو طَلْحَةَ قَالَ: مَا فَعَلَ ابْنِي؟ قَالَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ: هُوَ أَسْكَنُ مَا كَانَ. فَقَرَّبَتْ إِلَيْهِ الْعَشَاءَ فَتَعَشَّى، ثُمَّ أَصَابَ مِنْهَا، فَلَمَّا فَرَغَ قَالَتْ: وَارِ الصَّبِيَّ. فَلَمَّا أَصْبَحَ أَبُو طَلْحَةَ أَتَى رَسُولَ اللهِ فَأَخْبَرَهُ، فَقَالَ: «أَعْرَسْتُمُ اللَّيْلَةَ؟» قَالَ: نَعَمْ. قَالَ: «اللَّهُمَّ بَارِكْ لَهُمَا». فَوَلَدَتْ غُلَامًا، قَالَ لِي أَبُو طَلْحَةَ: احْفَظْهُ حَتَّى تَأْتِيَ بِهِ النَّبِيَّ . فَأَتَى بِهِ النَّبِيَّ وَأَرْسَلَتْ مَعَهُ بِتَمَرَاتٍ، فَأَخَذَهُ النَّبِيُّ فَقَالَ: «أَمَعَهُ شَيْءٌ؟» قَالُوا: نَعَمْ، تَمَرَاتٌ. فَأَخَذَهَا النَّبِيُّ فَمَضَغَهَا، ثُمَّ أَخَذَ مِنْ فِيهِ فَجَعَلَهَا فِي فِي الصَّبِيِّ، وَحَنَّكَهُ بِهِ، وَسَمَّاهُ عَبْدَ اللهِ.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Талҳанинг бир бемор ўғли бор эди. Абу Талҳа (бир иш билан) чиққан эди, бола қабзи руҳ қилинди. Абу Талҳа (уйга) қайтгач, «Ўғлим қалай?» деди. Умму Сулайм: «Аввалгидан сокинроқ (бўлиб қолди)», деди. Кейин (аёли) унга кечки таомни келтирган эди, у кечки таомни еди. Сўнгра унга яқинлик қилди. Фориғ бўлгач, аёл: «Болани дафн қил», деди. Тонг отгач, Абу Талҳа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, у зотга бор гапни айтиб берди. Шунда у зот: «Кечаси қовушдингларми?» дедилар. «Ҳа», деди. «Аллоҳим, уларга баракот бер», дедилар. (Аёл) ўғил туғди. Абу Талҳа менга: «Уни эҳтиёт қилиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб бор», деди. Уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. (Умму Сулайм) у билан бирга бир қанча хурмо бериб юборди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олдилар ва: «Унинг бирор нарсаси борми?» дедилар. «Ҳа, озгина хурмо бор», дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни олиб, чайнадилар. Кейин уни оғизларидан олиб, боланинг оғзига солдилар ва шу билан танглайини кўтардилар. Унга Абдуллоҳ деб исм қўйдилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги зотлар ўзларининг мустаҳкам иймонлари билан ана шундай даражаларга эришганлар. Биз ҳам қўлимиздан келганича улардан ўрнак олишга, бошимизга мусибат келганда Аллоҳ таолонинг розилиги учун гўзал сабр қилишга интилишимиз керак. Зеро, мушкул пайтдаги сабр У Зотнинг тақдирига рози бўлиш, муҳаббатига сазовор бўлишдир. Иншааллоҳ, Аллоҳнинг розилиги учун қилинган сабр бандани охиратда улкан ажрларга мушарраф қилади. Валлоҳу аълам.