Ота-она розилиги

15:51 / 23.05.2020 | Bibi Fotima | 607

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аллоҳим қилаётган савобли амалларингизнинг савобини зиёда қилиб берсин. Ота-онам алҳамдулиллаҳ, ибодатда, исломдалар бизни ҳам шу тарбияда вояга етказдилар, алҳамдулиллаҳ. Барчамизга Аллоҳнинг розилигини топиш насиб этсин. Ибодатларимни гўзал бажаришим, Аллоҳнинг розилиги учун ота-онамнинг розиликлари муҳим. Лекин дадам арзимас нарсаларга тез-тез ранжийдилар. Кечирим сўраб розиликларини олиш ҳам мушкул. Ранжисалар "мен сенлардан розимасман, қилган ибодатларинг қабул бўлмайди", дейдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в)ғазабланмаслик тўғрисида айтган ҳадисларини айтсам ҳам, Аллоҳ кечиримли бўлишни айтганини айтсам ҳам, дадамни энди рози қилсам ҳам, 1-2 кун ўтмай бу ҳолат яна такрорланади. Аллоҳим барчамиздан камчикларимизни кўтарсин. Саволим шуки, бу ҳолатда мен қандай йўл тутай? Дадамнинг бу амаллари зулм эмасми? Арзимас камчилик ҳаммада ҳам бўлади, лекин бу нарсалар оиланинг тинчлигидан устунми? Шу ҳолатда ҳам дадам ҳақмилар?


Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Агар сиз бу ҳаётда ким ҳақу ким ноҳақлиги ҳақида фикрлар юритадиган бўлсангиз у ҳолда вақтингизни бой бериб қўясиз. Чунки ҳеч ким мукаммал эмас. Биз бор йўғи инсонлармиз. Инсон эса мураккаб организмга эга. Ўта мураккаб функциялари, нейронлари мавжуд бўлган ўзига хос тизимли механизм, мия иш фаолиятига эга бўлган Аллоҳнинг мўжизасидир. Отангизнинг бундай феъли, хулқ-атвори ўз-ўзидан пайдо бўлмаган ёки буни ўзи истаб танлаб олмаган. Баъзи шарт-шароитларга мувофиқ шундай бўлиб қолган. Унга мумкин қадар сабрли бўлишингиз охиратингиз учун мукофотли иш бўлади. Сизга жавоб мукаммалроқ бўлиши учун бошқа бир саволга берган жавобимни илова қиламан.
“Ҳар бир инсоннинг мизожига (темперамент), ота-онаси, оила аъзоларидан олган тарбиясига ва мулоқот қилган инсонларидан, дўсту биродарларидан олган ибратларига яраша ўзига хос характери, дунёқараши, ҳаёт давомида шу инсонни бошқарадиган ҳоҳиш-истаклари ҳосил бўлади. Отангиздан хафа бўлиш ноўрин. Чунки бу тарбияни, дунёқарашни у юқоридаги ҳолатларга мувофиқ ўзида мужассам қилиб бўлди. У ўзгариши мумкин. Фақатгина ўзи истасагина ўзини ўзи ўзгартира олади. Бу ҳоҳишни пайдо бўлишида эса сиз ва онангизнинг жуда катта ролингиз бор. Агар отангиз спиртли ичимликлар ва наркотик каби ҳаром нарсалардан фойдаланмаса ва психиатрик касаллиги бўлмаса у ҳолда сиз ва онангиз унга таъсир кўрсата оласиз. Таъсир кўрсатиш учун эса оилангиздаги бу каби ҳасратли ишларга, отангизнинг бу кирдикорларига хафа бўлмасликка, эътибор қилмасликка одат қилишингиз керак. Албатта менга айтиш онсон ва бу ишни сизга ва онангизга бажариш ўта мушкул. Аммо келажакда ҳаммангиз тинч, тотув, бахтли яшашингиз учун қанчалар мушкул бўлсада ҳаракат қилинса уддаласа бўладиган иш. Бунинг учун онангиз ва сиз Осиё онамиз ва бошқа саййида аёллар тарихини яхшилаб ўқиб ўрганиб чиқинг. Уларнинг ҳаётлари биз инсонлар учун катта ибрат ва ҳаётимиз мобайнида жуда яхши қўлланмадир. Ўша замонда ва ҳозирги замонда ҳам ўша инсонлар ҳали ҳам ўша инсон. Ҳар бир замонда одамлар ўзига яраша “Фиръавн”ларга учраб яшайди. Бу дунёга инсон фақат роҳат учун келмайди. Жаннатга эришиш йўллари шундай “тиканлардан” иборатдир. Бу дунёнинг ўзига яраша синовлари ва мушкулликлари мавжуд. Сиз ва онангиз ўзингизни англаш, бу дунёга нима учун келганингиз, ҳаётингизда Аллоҳ Таоло ва Унинг бандаларининг олдида қандай масъулиятларингиз борлиги, қандай илм олишингиз келажагингизни ўзгартириши мумкинлиги, кайфиятингизни қандай ишлар кўтариши мумкинли, яшашдан мақсадингиз нималардан иборат эканлиги ҳақида чуқур мулоҳазалар қилиб жавоб қидириб кўришингиз керак. Ана шу жавоблар сизга бу чуқурликдан чиқиб кетиш учун йўл-йўриқ бўлади. Аммо биринчи ўринда соғлигингиз ҳақида қайғуришни эсингиздан чиқазманг. Негаки миянгизга келган бу жавобларни амалда қўллаш учун куч-қувват керак бўлади. Валлоҳу аълам!”