Аёлларнинг ишлаши ҳақида

14:12 / 09.03.2017 | Савол | 2893
Ассалому алайкум! Мен жарроҳ стоматолог факултетини битирганман. 4 йил фарзандлар тарбияси ва турмуш ўртоғимнинг хоҳиши билан ишламадим. Соғлигим ёмонлашгани туфайли шифокорлар тавсияси билан ишга чиқдим. Иш вақтим тушликкача. Иш ҳаққим ўз чиқимларини қоплайди холос. Ишим давомида кўп инсонларнинг дуосини олаяпман. Эрим эса ишлашимга қарши. Айтишларича, Исломда аёллар кўчага чиқиб ишласа эрлари “даюс” бўларкан. Шариатда аёлларнинг ишлашига қандай кўрсатмалар бор?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом! Шариатда аёл кишининг асосий вазифаси эрга итоат қилиб, унга хизмат қилиш ва фарзандларнинг тарбияси билан шуғулланишдир. Эр аёлнинг уйда ўтиришини, ишламаслигини талаб қилишга ҳақли. Шу билан бирга, оилани ҳар томонлама таъминлаш эрнинг зиммасида. Лекин баъзи ҳолларда, молиявий қийинчилик бўлганда ёки сиз айтгандек, эзгу ниятда ишлаш мумкин. Буни эса маслаҳат қилиб, керак бўлганда эрга яхшилик билан тушунтириб, розилигини олиб амалга ошириш керак. Эрлар ҳам имконият, шароит кўтарса, яхши ният билан инсониятга хизмат қилишлари учун аёлларига ишлашга изн берсалар, яхши бўлади. Айниқса фақат аёлларга муносиб бўлган, мисол учун: мураббиялик, доялик ва шунга ўхшаш ишлар шу жумладандир. Валлоҳу аълам