Савол

16:10 / 26.05.2020 | 10 11 01 | 613

Ассалому алайкум! Ёшим 21 да, талабаман. Ҳеч нарсага қизиқишим қолмаяпти, ҳаётга ҳам. Бир йил олдин намоз ўқий бошлагандим, аввал бомдод,сўнг 5 маҳал, яқин ойларда ҳижобга кирдим. Намозни бошлашдан мақсадим, ўзимни ўнглаш эди. Вақт ўтгач орзулар қилдим. "Мен яхши она бўламан,фарзандим қилган хатоларимни такрорламайди,уммуман менга ўхшамаган илмли бўлади..." кабилар. Ҳозир эса кундан кунга, аввалгидан ҳам ёмонроқ аҳволга тушиб қоляпман. Бироз илмга қизиқишим бор эди. У ҳам йўқолган. Китоблар ўқирдим, бу ҳам йўқ. Кунларим шунчаки ўтиб кетади. Тезроқ ҳаётдан кетгим келади. Ота-онамдан, ҳаммадан нафратланиб кетаман, олдин ҳам шундай бўлганман. "Кечирдим" деб ўйлагандим, йўқ кечиролмас эканман. "Ҳамма хатоларимга уларнинг бизга қилган муомаласи, тарбияси сабаб", деб нафратим ортаверади. Чунки, бола пайтимизда ҳам ҳудди катта ёшдагиларга қилингандек даккилар, ахир боламанку! Хуллас, кечиролмайман. Қўлимдан биронта иш келмайди, одамови, жаҳлдорман. Акам атеист бўлиб олган, ваҳоланки, мусулмон оила эдик. 4 фарзанд 4 хилмиз. Акамни гапларидан ҳар сафар қулаб тушаман. Намозим, ҳижобим, диним учун танқид қилаверади. Ахир нега биз ота-онамиз бермаган тарбия учун гуноҳлар қиламизу, жазоланишимиз керак! Ота-онам бировни фикрини ҳам, ўзини ҳам маъқуллаши қийин гап, улар учун улардан идеал инсон йўқ дунёда. Ҳар куни тортишишади. Олдинлари "мен оиламни бу ҳолидан қутқараман, ҳаракатдан тўхтамайман" деган ишонч ҳам бўлган. Ҳозир эса у орзулар, ниятлар, куюнишлар йўқ. Умуман ҳеч нарса ёқмай қолган. Кундузи ухлаб кечаси уйғоқман. Одамларни кўриш ёқмайди. "Кун тартибимни ўзгартиришим керак шекилли" дейману,  ҳаракат "0" га тенг. Менга ёрдам беринг, илтимос! 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Ота-оналарнинг берган тарбияси фарзанднинг атроф-муҳитни ўргангуничадир. Агар сиз уларнинг ҳатоларини кўра билар экансиз, демак ўзингизни қайта тарбиялаш ҳам қўлингиздан келади. Ёшингизга қараганда аллақачон ўзингизнинг йўлингизни топиб олган, қандай ҳаёт кечиришингиз учун режаларингиз бор бўлиши керак. Аммо ундай бўлмаяпти. Нима учун? Чунки ичингиз тўла хафагарчилик, аламзадалик. Атрофингиздагиларни кечириб юборсангиз қуш каби енгил бўласиз ва ўзингиз ҳоҳлагандек чўққиларга чиқа оласиз. Ҳозирда гўё елкасига катта халта осиб, тикка тоққа чиқишга интилаётган, аммо бунинг уддасидан чиқа олмаётган инсонга ўхшайсиз. Негаки, халтангиз оғир ҳарсанг тошларга тўла. Ана шу ҳарсанг тошлар сизнинг хафагарчиликларингиздир. Ҳаётда енгил, илдам қадам ташлаш учун ҳаммани кечириб юборишга, қалбида бу аламзадаларни юк қилиб юрмасликка ҳаракат қилиш керак. Бундай шароитда психолог билан суҳбатлашиб олганингиз маъқул. Тўғри сизга онсон эмас. Қийин шароитдасиз. Лекин инсон доим олдинга қараб интилиши керак. Кучи етмаяптими демак соғлигида камчиликлари бор. Қон таҳлилларини текширтириб, эндокринолог, невропатолог, терапевт каби шифокорлар кўригидан ўтиб олишингиз керак. Соғлом инсоннинг ўзини бошқаришига кучи доим етади. Валлоҳу аълам!