Қабристонга аёл кишини кириши жоизми?

03:01 / 11.06.2020 | Mohidilxon Xasanova | 1195
Ассалому алайкум! Яқинда онажонимни берган эдик. Қабристонга аёл кишини кириши ҳақида турли фикрлар бор экан. Қабристонга аёл кишини кириши жоизми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: أَتَانِي جِبْرِيلُ فَقَالَ: إِنَّ رَبَّكَ يَأْمُرُكَ أَنْ تَأْتِيَ أَهْلَ الْبَقِيعِ فَتَسْتَغْفِرَ لَهُمْ، قَالَتْ: قُلْتُ: كَيْفَ أَقُولُ لَهُمْ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «قُولِي السَّلَامُ عَلَى أَهْلِ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَيَرْحَمُ اللهُ الْمُسْتَقْدِمِينَ مِنَّا وَالْمُسْتَأْخِرِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ بِكُمْ لَلَاحِقُونَ». وَفِي رِوَايَةٍ: «السَّلَامُ عَلَيْكُمْ أَهْلَ الدِّيَارِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُسْلِمِينَ، وَإِنَّا إِنْ شَاءَ اللهُ لَلَاحِقُونَ، أَسْأَلُ اللهَ لَنَا وَلَكُمُ الْعَافِيَةَ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга Жаброил келиб: «Роббинг сени аҳли Бақийъга келиб, истиғфор айтишингга буюради», деб айтди», дедилар».

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Уларга нима дейман, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим.

«Ассалому ъала аҳли диярим минал муъминийн вал муслимийн ва ярҳамуллоҳу ал-мустақдимийна минна вал мустаъхирийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лалаҳиқун», деб айт», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ассалому алайкум аҳлид диярим минал муъминийна вал муслимийн. Ва инна иншааллоҳу бикум лалаҳиқун. Асъалуллоҳа лана ва лакумул ъафията», дейилган.

Имом Муслим ривоят қилган.

Бақийъ – Мадинадаги қабристони бўлиб, вафот этган мадиналиклар ўша ерга кўмилган ва кўмилмоқда.

Демак, Бақийъга бориб зиёрат қилиб, у ерга дафн қилинганларнинг гуноҳини кечиришини сўрашни Пай­ғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган.

Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабристонга борганда у ерда ётганларга нима дейишни сўраганлар.

Агар аёлларга қабристонга бориш жоиз бўлмаганда, Оиша розияллоҳу анҳо у ерга борганда нима дейиш кераклигини сўрамасдилар. Аёлларнинг қабристонга бориши жоиз бўлмаганда, Оиша онамиз бу саволни берганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларини бундан қайтарган бўлар эдилар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ r قَالَ: «لَعَنَ اللهُ زَائِرَاتِ الْقُبُورِ، وَالْمُتَّخِذِينَ عَلَيْهَا الْمَسَاجِدَ وَالسُّرُجَ». رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни ва қабрлар устига масжид қуриб, чироқ ёқувчиларни лаънатласин», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.

Уламоларимиз: «Аллоҳнинг лаънати қабр зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар содир этган аёлларга хосдир», дейдилар.

Мазкур нарсаларни қилмай, ўзини шариат кўрсатмалари асосида тутган аёллар учун эса қабр­ларни зиёрат қилиш жумҳур уламоларнинг ижмоъсига кўра макруҳ, бизнинг ҳанафий мазҳабига кўра жоиздир. Валлоҳу аълам.

https://savollar.muslimaat.uz/savol/2377