– Ва алайкум ассалом! Шаръий руқияни эшитишни тавсия қиламан.
- وَسُئِلَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَمَّا كَانَ رَسُولُ اللهِ r يَدْعُو بِهِ اللهَ، قَالَتْ: كَانَ يَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا عَمِلْتُ وَمِنْ شَرِّ مَا لَمْ أَعْمَلْ.
4630. «Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳга дуо қиладиган нарсалари ҳақида сўралди. Шунда у киши:
«У зот «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан ўзим қилган нарсанинг шарридан ва қилмаган нарсанинг шарридан паноҳ тилайман», дер эдилар», дедилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу дуоларидан банданинг ўзи қилган нарсалар унга ёмонлик келишига сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини билиб оламиз. Шу билан бирга, қилган ва қилмаган ишларимиз ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз кераклигини ҳам тушуниб оламиз.
4631- وَقَالَ ابْنُ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: كَانَ مِنْ دُعَاءِ رَسُولِ اللهِ r: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ زَوَالِ نِعْمَتِكَ، وَتَحَوُّلِ عَافِيَتِكَ، وَفُجَاءَةِ نِقْمَتِكَ، وَجَمِيعِ سَخَطِكَ. رَوَاهُمَا مُسلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ.
4631. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо деди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан неъматингнинг завол бўлишидан, офиятингнинг бурилишидан, тўсатдан келадиган офатингдан ва барча ғазабингдан паноҳ тилайман» бор эди».
Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда тўрт нарсадан паноҳ сўралмоқда:
1. Неъматнинг заволидан.
Аллоҳ таоло Ўзи берган неъматни Ўзи кетказиб қўйиши ҳеч гап эмас. Банда учун унга берилган неъматнинг заволга учраши катта бахтсизлик бўлади.
Неъматнинг заволи кўпроқ унга шукр қилмаслик оқибатида содир бўлади. Неъматнинг заволи унинг озайиши, нуқсонга учраши, баракасининг кетиши ёки бутунлай йўқ бўлиши билан бўлади.
Банда ўзига берилган неъмат учун доимий шукр қилиш билан бирга, ушбу дуони ҳам қилиб турса, яхши бўлади.
2. Офиятнинг бурилишидан.
«Офият» сўзи саломатлик, эсон-омонлик, бардамлик, яхши кайфият каби маъноларни ифода қилади.
Кўриниб турибдики, офият ҳам Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан бири экан. Унинг бандадан бошқа тарафга ўтиши унинг учун катта мусибат бўлиши турган гап.
Шунинг учун доимо Аллоҳ таолодан офиятнинг бошқа тарафга бурилиб кетишидан паноҳ сўраб туриш лозим бўлади.
3. Тўсатдан келадиган офатдан.
Бундай офат тўсатдан келгани учун банда тавба ҳам қила олмай, балони даф қилиш учун чора ҳам кўра олмай қолади. Бутун дунё бирлашиб, унга ёрдам бермоқчи бўлса ҳам, заррача ёрдам бера олмай қолади.
Аллоҳ таолонинг Ўзи бу каби уқубатлардан доимо асрасин.
4. Аллоҳнинг барча ғазабидан.
Яъни Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган ишлардан паноҳ сўралган. Чунки Аллоҳ таолонинг ҳар қандай ғазабига дучор бўлган банда албатта ҳалок бўлади, ноумид бўлади ва ютқазади.
4634- عَنْ أَبِي الْيَسَرِ t أَنَّ رَسُولَ اللهِ r كَانَ يَدْعُو: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَدْمِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ التَّرَدِّي، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْغَرَقِ وَالْحَرَقِ وَالْهَرَمِ، وَأَعُوذُ بِكَ أَنْ يَتَخَبَّطَنِي الشَّيْطَانُ عِنْدَ الْمَوْتِ، وَأَعُوذُ بِكَ أَنْ أَمُوتَ فِي سَبِيلِكَ مُدْبِرًا، وَأَعُوذُ بِكَ أَنْ أَمُوتَ لَدِيغًا.
4634. Абу Ясар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳим! Албатта, мен Сендан бир нарса босиб қолишидан паноҳ сўрайман. Сендан баланд жойдан қулашдан паноҳ сўрайман. Сендан ғарқ бўлишдан, куйишдан ва ўта қариликдан паноҳ сўрайман. Сендан ўлим олдидаги шайтоннинг бузғунчилигидан паноҳ сўрайман. йўлингдан орқага қочиб ўлишдан Сендан паноҳ сўрайман. Бир нарса чақиб ўлишдан Сендан паноҳ сўрайман», деб дуо қилар эдилар».
Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дуода аввалги ҳадисларда келмаган бир неча нарсалардан паноҳ сўрамоқдалар.
«Албатта, мен Сендан бир нарса босиб қолишидан паноҳ сўрайман».
Бунда шифт, девор ёки бошқа бирор нарса остида қолиб, ҳалок бўлиш кўзда тутилган.
«Сендан баланд жойдан қулашдан паноҳ сўрайман».
Бунда тоғ, том ва шунга ўхшаш баланд жойдан йиқилиб, ўлиш кўзда тутилган.
«Сендан ғарқ бўлишдан, куйишдан ва ўта қариликдан паноҳ сўрайман».
Сувга ғарқ бўлиб ёки оловда куйиб ўлиш ҳам фавқулодда мусибат ҳисобланади. Юқорида зикр қилинган фалокатли ўлимлар шаҳидлик ҳукми деб аталган бўлса ҳам, улардан паноҳ сўралишининг ҳикмати тўсатдан бўлгани учун баъзи сабрсизликка ўхшаш ноқулай ҳолатларнинг юзага келиб қолиши хафви борлигида экан.
Шунингдек, ўта қариб, бошқаларга оғирлиги тушиб қолиш ҳам паноҳ сўраладиган ҳолатлардан ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундан ҳам барчамизни сақласин.
«Сендан ўлим олдидаги шайтоннинг бузғунчилиги» дейилганда унинг бандада умидсизлик уйғотиши, қазога рози бўлишдан тўсиши, ўлимни ёмон кўришга чорлаши, тавбадан бош тортишга чақириши каби ўлим олдидан содир бўладиган мўмин кишига тўғри келмайдиган салбий ҳолатларга чорлаши кўзда тутилган.
Албатта, бундай нарсалардан паноҳ сўраб туриш лозим. Уламоларнинг таъкидлашларича, шайтон ва унинг аскарлари кишига унинг ўлими олдидан ёпишгани каби қаттиқ ёпишмас экан. «Агар буни ҳозир қўлдан чиқарсак, бутунлай қутулиб кетади», деган хаёлда осилар экан.
«Йўлингдан орқага қочиб ўлишдан Сендан паноҳ сўрайман».
Йўлдан орқага қочишни уламолар диндан қайтиб, муртад бўлиш, Аллоҳ таолонинг зикридан юз ўгириш ва душманга рўпара бўлганда қочиш каби нарсалар, деб айтганлар.
«Бир нарса чақиб ўлишдан Сендан паноҳ сўрайман».
Аллоҳ таолодан заҳарли ҳайвонлар, ҳашаротларнинг чақиши каби мусибатлардан ҳам паноҳ сўраш керак экан.
Албатта, зикри ўтган нарсаларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиши амримаҳол. Аммо уларнинг ушбу дуода келиши уммат учун таълимдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан)
Валлоҳу аълам!