Ассалому алайкум! Турмуш ўртоғим хиёнат қилдилар. Алам қилгани, илмли инсонлар, билиб туриб зинога яқинлашганлар. Аслида эримда кўнглим бўлмаган, 17 йилдан бери бирга яшаб келаяпмиз. Кўнгилсиз бўлиб яшашдан ҳам чарчадим. Лекин ўзларига билинтирмайман, кўнгилларини оламан. Улар мени жуда қаттиқ севадилар. Бир аёлга уйланмоқчи бўлиб учрашиб, телефонда гаплашиб юрган эканлар. Билиб қолишим билан тўхтатдилар. Менга сен кераксан, сенсиз яшолмайман дедилар. Мен ўзимга кела олмаяпман, фақат хиёнатни, унинг юзидан ўпганини кечира олмаяпман. 3 фарзандим бор. Нимага бундай қилдингиз десам, у аёлга раҳимлари келганини, суннат деб, савоб учун уйланмоқчи бўлганларини айтдилар. 7ойлик ҳомиладор экан. У аёл "эрим ўлган, уйдагилар болани олдирасан деганда уйдан чиқиб кетдим" деган. Эрим ишонган. Самарқандлик қиз экан. Асли эридан ажрашиб, Тошкентда фоҳишалик қилиб юрган экан, бола ҳам зинодан экан. Кейин суриштириб билдим. Илтимос, жавобингизни кутаман!
– Ва алайкум ассалом! Бўлар иш бўлди, деб ҳаммасини орқага ташланг. Сиқилиб юрганингиз билан ҳеч нимани ўзгартира олмайсиз. Бундай ҳолатдан қутулишнинг ягона йўли ўзининг устида ишлаб, севган машғулотлари билан банд бўлиб, илм олиш йўлларини қилиш, саводхонликни оширишдир. Чунки саводли, кўп китоб ўқиган кишининг ишлари ҳам онгли равишда бўлади. Қийинчиликларга тушиб қолганида чиқиб кетиш йўлларини онсон топа оладиган, ҳар нарсанинг ижобий томонини кўра биладиган, хотиржам инсон бўла олади. Аёл киши ўзининг севган машғулотлари билан шуғулланганида, ўзини ривожлантириш билан овора бўлганида, ўзини қадрлай бошлаганида унда аёллик энергияси кўпая боради. Бу эса эр-хотин иккалангизни жипслаштирувчи, турмуш ўртоғингизни сизга жалб этувчи энергиядир. Кўпинча эркак кишида болалардаги ўтиш даври каби ўтиш даври ҳолатлари 35-45 ва 55-60 ёшлар ўрталарида кузатилади. Аммо бу ҳолат аёл кишининг донолик билан ёндашуви орқали тез ўтиб кетиши мумкин ҳолатдир. Юқоридаги тавсиялар сизга оғирлик қилса у ҳолда психолог билан суҳбатлашиб олсангиз яхшидир. Валлоҳу аълам!