Кафанлик

07:24 / 30.06.2020 | Gulirayhon | 1657
Ассалому алайкум! Дафн учун кафанлик тайёрлаб қўйилганда аёл киши учун лозим (изор) тикиб қўйиш мумкинми тириклик пайтида? Ушбу саволни ғассол аёл сўраб беришимни илтимос қилдилар.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Кафан тикилмайди. Лозим бўлса ҳам. Кафандаги изор асил изордан кўра бошқа бўлади. Валлоҳу аълам!

Кафаннинг сифати ва миқдори
Эркакнинг кафанини ипак ва бўялган нарсалардан қилиш макруҳдир.
Ҳанафий мазҳаби бўйича кафан уч турга: зарурат кафани, кифоят кафани ва суннат кафанига бўлинади.
1. Зарурат кафани.
Зарурат ва ожизлик бўлганда эркак ва аёлга имкони бор кафан қилинади. Бунда энг ози баданни тўсадиган нарса бўлиши лозим.
2. Кифоят кафани.
Бунда банда ҳаёт вақтида киядиган энг оз кийими миқдори кафан бўлади.
Эркак киши учун изор (шалвор) ва лифофа. Аёл киши учун изор (лозим), лифофа ва рўмол.
3. Суннат кафани.
Бу кафанларнинг энг мукаммалидир.
Эркак учун уч нарса: изор (шалвор), қамийс (кўйлак) ва лифофадан; аёл киши учун беш нарса: лозим, қамийс (кўйлак), химор (рўмол), сийнабоғ ва лифофадан иборатдир.
Аввал лифофа, кейин изор ёзилиб, сўнгра қамийс кийгизилади. Эркак киши шу кафанликларга ўралади. Аввал изорнинг чап тарафи маййитнинг устига, чап тарафига тортилади. Кейин ўнг тарафи. Охири лифофа ҳам шундай ўралади.

Аёл кишини кафанлашда аввал лифофа ва изор ёзилади. Маййитани изорнинг устига ўтирғизиб, қамийс кийгизилади. Сочини иккита қилиб ўриб, қамийс устидан кўкрагига ташлаб қўйилади. Сўнгра бошига рўмол ўратилади. Кўксини сийнабанд билан боғланади. Охири лифофа билан ўралади.

Кафанликнинг ҳеч бири тикилмайди. Фақат қомийс иккига букланган матодан маййитнинг  боши кирғизиладиган жойи кесиб қўйилади.

Қолганлари бир-биридан катта-кичикликда фарқ қиладиган яхлит матолар бўлади.