Ҳайвон суратлари хусусида

10:09 / 11.04.2017 | Савол | 1354
Ассалому алайкум! Маълумки турли ҳайвон суратлари туширилган либосларни кийиш мумкин эмас. Тўшак устига ёпиладиган матода ҳайвон сурати бўлса ҳам ишлатиш мумкин эмасми?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:
Ва алайкум ассалом!
Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб:
«Эй Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар. Бас, биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».
Шарҳ: Мазкур пардадаги суратлар жонли нарсаларнинг сувратлари эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг сурати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша сурат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.
Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқости бўладиган нарсаларда бўлса, жоиз. Валлоҳу аълам!.