Ассалому алайкум! Онам билан отамнинг муносабати яхши эмас. Дадам аям билан жанжаллашса нуқул ҳайдайди. Онамнинг ака-укалари йўқ. Борар жойи йўқлигидан бизни ўйлаб сабр қилади. Бир ногирон холам ҳам бизнинг қарамоғимизда. Дадам сенсираб жеркийди. Мени бундан жаҳлим чиқади. Иложсизликдан дадамга тушунтиришга ҳаракат қилсам мени ҳам сўкиб беради. Мени айрим келишмовчиликлар туфайли фотиҳам бузилган. Онам бундан мендан ҳам кўпроқ тушкунликка тушади. Уйдаги муаммолардан руҳим тушган. Ҳеч ким, ҳеч нарса ёқмайди. Онам билан кўп тортишиб қоламан. Бу ҳолатдан қандай чиқиб кетаман? Аллоҳга шукур, намоз ўқийман, Қурон ўқийман. Онам энди шу нарсани рўкач қилаяпти. "Намоз ўқиб ҳам ўзгармадинг", дейди. Маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Инсоннинг турмушидан кўнгли тўлмаса албатта ажрашиб кетиш имконига эга. Ҳар бир инсон ҳур инсон. Ҳеч ким бировни мажбурлаб яшатмайди. Аммо турмушини сақлаб қолиш ниятида экан у ҳолда у ўз бўйнига олиши керак бўлган масъулиятлари бор. Ота-онангиз бирга яшаб келар экан, ажралишни исташмайди. Аммо оилани сақлаб қолиш, хотиржам яшаш уларнинг қўлидан келмайдиган иш экан, демак бу масъулиятни сиз бўйнингизга олишингиз мумкин. Уларнинг ўрталарини яхшилашга ёрдам беришга сизда имкон бор. Уларнинг ҳар бирларига алоҳида савол бериб кўринг “Онажон, отамнинг сизга ёқадиган яхши сифатлари ҳам борми? Нима учун айнан отамга турмушга чиқдингиз? Турмушингизда кулгули воқеалар бўлганми?” деб. Ҳудди шундай отангизнинг ҳам кайфияти яхши бўлган вақтда ундан ҳам сўраб кўринг. Отангизнинг кайфиятини яхши бўлиши эса сиз ва онангиз томонидан отангизга кўрсатилган илтифотга, қилган хизматларингизга боғлиқдир. Мазалик таомларни пишириб дастурхонни безаб, отангизга меҳрлик овоз билан мурожаат қилиб овқатга чақиришингиз, ундан сўнг табассум ила шу саволни беришингиз мумкин. Албатта онангизнинг олдида эмас. Бундай саволлар инсонни яхши кунларини ёдга солади. Бироз мулоҳазалар қилишга ёрдам беради. Сўнг отангизнинг номидан онангизга, онангизнинг номидан эса отангизга мақтов гапларни гапириб кўринг. Бу ишларингиз уларнинг ўрталарига бир оз илиқлик тушишига сабаб бўлади. Бирон кимсани қаттиқ ёмон кўриб, ундан нафратланаверилса у инсон буни албатта сезади ва муносабатларнинг ўзгаришига олиб келади. Чунки у шундоқ ҳам ҳамма учун ёмон. Уни ҳамма ёмон кўради. У ҳолда бировга яхшилик қилишдан нима наф? Шу сабаб отангизга меҳр кўрсатишга урунишингиз унинг қотиб қолган қалбини эришига ёрдам бериши мумкин. Валлоҳу аълам!