Ассалому алайкум! Яқиндан бери фақат Азизахон Тошхожаева, Наргиз Сатторова, Барно Илхомова каби психологлар маслаҳатлари ва тавсияларини эшитиб, амал қилаяпман. Лекин мени ўйлантирган нарсалар бор. Масалан, шукрона ёзиш қоидаси бор екан. Оёқларим борлиги, соғ-саломат еканлиги учун шукур. Сабаби, оёғи йўқ, юролмайдиган инсонлар қанча. Шунга ўхшаш бор нарсаларимиз учун шукрона ёзиб, кимлардадур йуқ нарсаларни ҳам ёзиб ўтиш тўғрими? Коинот хақида ҳам кўп гапирилади. Орзуларимизни амалга ошириши айтилади. Шу ҳақида малумот берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Зуҳо намози ўқилса ана шунинг ўзи шукронанинг энг улуғидир. Бу намоз нима учун ўқилиши кераклигини яхшилаб ўқиб, изланиб, сабабларини билиб олсангиз сиз учун катта илм бўлади. Амал қилсангиз ҳаётингиз ҳам ўзгариб кетади. Негаки қалбингиз намозингизни кўпайтирганингиздан тозаланиб бораверади ва кўнглингиз ҳам ёришиб кетаверади. Коинотга келсак, у жуда катта мўжизадир. Аммо бу коинот каби катта мўжизани ва инсонлар эътибор ҳам қилмайдиган барча мўжизаларни ҳаммасини Аллоҳ Таоло яратди. Нима сабабдан бошқа нарсалардан коинот, осмон каби Аллоҳ яратган нарсалардан орзуимизни амалга оширилишига ишонишимиз керак? Бу ширк амалларидан бўлиб қолади. Аллоҳ асрасин. Ислом динида ўргатилганидек намозларимизда, Қуръон ўқиганимизда, рўза тутганимизда, жамоат бўлиб дуога қўл очганимизда ва бошқа амалларимизда қилинган дуоларимизни Аллоҳ лозим кўрса ижобат қилади. Бунинг учун гуноҳ ишлардан тийилиш керак. Психология бу илм. Гўёки математика, химия, физика каби. Аммо бу илмни ўрганишдан аввал шариат қонун-қоидалари, эътиқод масалаларини, ақийдавий масалаларини ўрганиб чиқиш яхшидир. Сўнг айнан психология илмини ўзини излаш керак. Ҳозирги вақтда “Психология” деб бутунлай бошқа нарсаларни ўргатиш одат тусига кирмоқда. Яхшилаб фарқига бориб сўнг бу илмга киришиш керак. Валлоҳу аълам!