Кўп ҳолларда кайфиятим бўлмайди

02:09 / 19.06.2020 | aziza | 2446
Ассалому алайкум! Ёшим 26 да, ҳали турмуш қурмаганман, кўп ҳолларда кайфиятим бирдан тушиб ҳеч ким билан гаплашигим келмайди. Бу феълим ўзимга ёқмайди, бир иш қиламан, дейман лекин эринаман, қилгим келмай қолади, Қуръондан ҳам дарсларим қолиб кетади кўп ҳолларда. Шу кунларда кўп ухлайдиган бўлиб қолганман, нима қилсам тўғри бўлади?
Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Нималар ҳақида хаёл сураётганингизга эътибор қилинг. Салбий ҳаёллар оқимини тўхтатинг. Албатта инсон тақдирига нима ёзилган бўлса шак шубҳасиз шуни кўради. Аммо инсон “олма пиш оғзимга туш”, деб ётишига ва “сув оқимига бўйсуниб қайси қирғоққа олиб чиқиб қўйиларкинман”, дея бўшашишга буюрилмаган. Хаёлан режаларингизни ўйлаб чиқинг ва ўтириб бирма-бир уларни қоғозга туширинг. Бу ҳаётда нималарни истайсиз, қандай мақсадларингиз бор, келажагингизни қандай кўрасиз. Шуларни ўйлаб чиқиб режангизни ёзиб чиқинг. Чунки қоғозга туширилган хоҳиш-истаклар, мақсадлар инсон онги учун жиддий нарса деб қабул этилади ва онг уларни тез-тез эслатиб туради. Инсонда мақсадига эришиш учун ҳатти-ҳаракатлар бошланади. Шунчаки хаёлпарастлик қилинсаю қоғозга режа қилиб туширилмаса инсон уларни бутунлай унутиб қўя қолади. Чунки инсоннинг ҳаётида уни чалғитувчи ишлар жуда кўп. Инсон ўзининг “комфорт зона” сидан режаларини ёзиш орқали чиқиб кетади. Бу унинг мақсадлари йўлидаги энг биринчи қадими ҳисобланади. Сўнг режасидаги ёзганларини бирма-бир бажаришга киришиш керак бўлади. Бирнчи қадамингизни босганингиздан кейин энг кичик мақсадга эришгач ўзингизни мукофотлантириб туриш эсингиздан чиқмасин.