– Ва алайкум ассалом!
Ҳанзала ал-Усадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, (у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди):
«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Нима учун?» дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу дунё аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим.
Шунда Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда ва зикрда бардавом бўлсангиз, албатта, тўшакларингизда ва йўлларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай», деб уч марта айтдилар».
Муслим ва Термизий «Рақоиқ»даривоят қилганлар. Охирги лафзда:
«Агар менинг ҳузуримдан турган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, эй Ҳанзала, бир соат ундай, бир соат бундай, бир соат ундай, бир соат бундай», дедилар».
Шарҳ:Бу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур ҳадислардан бўлиб, унинг аввалги қисми қуйидагича:
«Абу Бакр мени учратиб қолиб:
«Қандайсан, эй Ҳанзала?!» деди.
«Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Субҳаналлоҳ! Нима демоқдасан?!» деди.
«Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимиздау зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. У зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда эса жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб, кўп нарсани унутамиз», дедим.
«Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!» деди Абу Бакр.
Мен Абу Бакр билан Расулуллоҳсоллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб...» деб давом этади.
Бу ҳадиси шарифдан кўпгина фойдалар олинади:
1. Устозлар етук бўлсалар, кишиларнинг руҳий тарбия бобида юқори даражаларга эришишларига сабаб бўлишлари мумкинлиги.
2. Устоздан узоқлашган шогирдда руҳий поклик чўққисидан пастлашиш бўлиши мумкинлиги.
3. Фарзу вожибларни адо этгандан кейин нафл ибодатлар, эслатиш ва зикр туфайли кишиларнинг руҳий даражалари ҳар хил бўлиши.
4. Руҳий даражани доимий равишда олий даражада ушлаб туриш матлуб эмаслиги.
5. Шариат ҳудудида оила, бола-чақа ва молу мулк ташвишида бўлиш мунофиқлик ёки номарғуб нарса эмаслиги.