Ассалому алайкум! Менинг ёшим 30 да. Турмушга чиққанман, 1 нафар фарзандим бор. Ўзимда жуда ғалати ҳислар пайдо бўлмоқда. Ҳолатимни яхшироқ тушунтириб беришим учун баъзи мисоллар келтирмоқчиман. Мана шу карантин вақтида тахминан 2-3 ой деярли кўчага чиқмадим. Ҳеч кимни соғинмадим. Ҳатто зерикмадим. Бирор киши бирор гап айтса у қулоғимдан кириб бунисидан чиқиб кетади. Баъзида суҳбатдошимни айтаётган гапини эшитаман, лекин миям анализ қилмайдими билмайман. Кўп нарсага бефарқман. Хотирам ҳам пасайган, бирор ишни бошласам, бирор нимага чалғигудек бўлсам қилаётган ишим эсимдан чиқади. Ишимнинг ҳам самариси кўринмайди. Жуда ҳам секин қимирлаганим учунми ҳеч нимага улгурмайман. Диққатимни жамлолмаяпман. Гоҳида ақлдан озаётгандек ҳис қиламан ўзимни. Турмуш ўртоғим кўп танбеҳ берадилар. Хаёлингиз қаерда? Нега айтган гапимни бажармайсиз? Аҳмоқмисиз? Эримни рози қилай деб қанча ўзгаришга ҳаракат қилдим. Ҳозир ғазаб қилмасликка, эринчоқлик қилмасликка ҳаракат қиляпман. Аллоҳнинг буйруқларига тўлиқ бўйсунишни, фарзандим ҳақиқий мўмин бўлиб ўсишини истайман. Илгарилари шўх, қувноқ, хотирам жойида жуда кўп асабийлашар эдим. Лекин эринчоқлигим эсимни таниганимдан бўлса керак. Менга нималар бўляпти? Илтимос, маслаҳат беринг, нима қилишим керак? Олдиндан жавоб учун рахмат.
– Ва алайкум ассалом! Аёл киши ўз соғлигига жуда кучли эътибор қилиши зарур. Чунки аёл киши ҳар ой кўрганида, хомиладор бўлганида, болани эмизаётган вақтларида организмга зарур бўлган анча фойдали микро, макро элементларини, минералларини йўқотади. Буларнинг ўрнини эса тўлдирмайди. Негаки аёл кишилар озиқ-овқатларига деярли эътиборсиз. Ўзига ва оила аъзоларига пишириб бераётган овқатининг қандай фойдаси бор, витаминлар, минераллар ва оқсилга бой таомми, йўқми бу ҳақда ўйланмайди. Кейин эса секин-асталик билан организмида чарчаш, асабийлашиш, тушкунлик ҳолатлари сезилади. Ҳозирда сиз ҳам тўғри овқатланишни, сифатлик уйқуни йўлга қўйиб олишингиз керак. Пиёда юриш, жисмоний машқларни бажариш керак. Бу билан мия фаолиятига, қон айланиш тизимига яхши ёрдам қилган бўласиз. Ҳозирда айни пишиқчилик вақти. Мураббо, компотларнинг ўрнига мавсумий меваларни ҳаммасини бирин-кетин истеъмол қилиб туриш керак. Қишга тайёргарлик қилиш керак. Яъни меваларни музлатгичда қотириб қўйиш, мева ва сабзавотларни қуритиб қўйиш керак. Негаки қуритилган меваларда барча витаминлар сақланиб қолади. Аёл киши оиланинг ичи учун жавоб беради. Шунинг учун ўзини соғлигига катта эътибор қилиши, соғлом бўлгач, китобларга муҳаббатини ошириши керак. Чунки она болаларни тарбиялайди. Болалар биринчи ибратни ўз онасидан олади. Она қандай турмуш тарзини кечирса бола ҳам шуни ўзига намуна қилиб олади. Валлоҳу аълам!