"Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар" гапига таъриф

09:20 / 02.07.2020 | Dilrabo | 731
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) айтганлар: "Аллоҳнинг хулқлари билан хулқланинглар", деб. Шу гапга таъриф бера оласизми? Жавобингиз учун миннатдорман. Аллох рози бўлсин.
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бу гап Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари эмас, балки аҳли илмнинг гапидир. Саволингизга жавоб ўлароқ Руҳий тарбия китобининг учинчи жузидан иқтибос келтиришга ижозат бергайсиз:

хулҚланиш

Руҳий тарбия соҳасида «тахаллуқ» – «хулқланиш» деганда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ила хулқланиш ва бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш кўзда тутилади.

Руҳий тарбия бобида китоб ёзишнинг ўзи қийин эканини аввал ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтган эдик. Ўша қийин мавзу ичида энг оғири ушбу боб эканини алоҳида таъкидламоқчимиз.

Шунинг учун бу бўлимга киришдан олдин ўзимизни ҳам, ўқувчимизни ҳам алоҳида эътиборли бўлишга, гап-сўз ва маъноларни аралаштириб юбормасликка чақирмоқчимиз.

Аввало, Аллоҳ таолонинг зоти ҳақида сўз юритилганда маълум сифатлар билан сифатланган ва маълум исмлар билан номланган Зот ҳақида сўз кетишини билиб олишимиз керак.

Шунингдек, бандалар ҳам Аллоҳ таолонинг баъзи сифатлари билан сифатланишини билишимиз лозим. Мисол учун, кўриш, эшитиш, гапириш, илм, ирода, қудрат ва ҳаёт каби сифатлар ила Аллоҳ таоло ҳам, бандаси ҳам сифатланади. Аллоҳ таолонинг карам, сабр, ҳилм, шукр каби гўзал исмлари билан бандалари ҳам сифатланади.Лекин бир сифатни ҳам Аллоҳ таолога, ҳам У Зотнинг бандасига нисбатан ишлатишдаги фарқ Аллоҳ таолонинг Ўзи билан бандаси орасидаги фарққа ўхшашдир.

Мисол учун, кўриш сифатини олайлик. Аллоҳ таолонинг кўриши чегарасиздир ва бу У Зотнинг Робблигининг белгисидир. Банданинг кўриши жуда ҳам тор доирада бўлиб, Аллоҳ азза ва жалла белгилаган ҳудудда чегараланган. Шу билан бирга, ундан бандалик чегарасида кўриш талаб қилинган бўлиб, унинг ҳаром нарсаларни кўриши тақиқланган. Бу унинг бандалик мақомидир.

Эшитиш сифати ҳам шунга ўхшаш: Аллоҳ таолонинг эшитиши чегарасиздир ва бу У Зотнинг Робблигининг белгисидир. Банданинг эшитиши жуда ҳам тор доирада, Аллоҳ таоло белгилаган ҳудудда чегараланган. Шу билан бирга, ундан бандалик чегарасида эшитиш талаб қилинган бўлиб, ғийбат, чақимчилик ва фаҳш сўзларга ўхшаш нарсаларни эшитиш унинг учун тақиқланган. Бу унинг бандалик мақомидир.

Аҳли илмлар орасида «Аллоҳнинг хулқи ила хулқланинглар», деган гап бор. Бу гап ўша рухсат берилган доирадаги хулқланишга ишорадир. Энг муҳими, Аллоҳ таоло бандаларини Ўзининг баъзи сифатлари ила сифатлаб қўйган ва бу ҳақиқат Қуръони Каримда ҳам ўз ифодасини топган.

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚﯛ

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизни ардоқловчи, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди» (Тавба сураси, 128-оят).

Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асосий сифатларидан бир нечтаси зикр қилинмоқда.

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган», яъни бошқа ёқдан келмаган, осмондан тушмаган, балки ўзингиздан бўлган бир киши Пайғамбар бўлиб келди.

Ўйлаб кўрсангиз, бу ўзингиз учун шараф, обрў. Ўз ичингиздан шундай олий мақомга сазовор инсон чиққанига хурсанд, шод бўлишингиз ва унга эргашишингиз керак.

«...машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган», яъни у Пайғамбар сизнинг машаққат чекишингизни, қийинчиликда қолишингизни мутлақо истамайди. Доимо сизга енгиллик, осонлик бўлишини хоҳлайди.

«...сизни ардоқловчи», яъни бу Пайғамбар сизнинг икки дунё саодатига эришишингизга иштиёқманд. Шунинг учун ҳаракат қилади.

«...мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди».

Дунё тарихида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдек, кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.

Бу улкан ҳақиқатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ва ҳадисларидан билиб оламиз.

Биз «марҳаматли» ва «меҳрибон» деб таржима қилганимиз «раъуф» ва «роҳийм» сифатлари аслида Аллоҳ таолонинг сифатларидан, аммо Аллоҳ таолонинг Ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу сифат билан сифатламоқда.

 Қўшимча маълумотлар учун шу китобга мурожаат қилишингиз мумкин.

Валлоҳу аълам.