Бурун муаммоси

09:07 / 22.06.2020 | Aisha@ | 1011

Ассалому алайкум! Менда 3 ёки 4 йилдан бери бурун аллергияси қийнайди. Чанг, аччиқ, ўта нордон, муздек, совуқ нарсалардан аллергиям бор. Тинмай аксираман, томоғим қирилиб кетади, бурундан тинмай сув оқади. Кўзларим, буруним ачишади, қичишади. Шунга ўзимни йўқмайдиган нарсалардан эҳтиёт қиламан. Кам қувватман, ҳаво исиган сари терлашим кучаяди. Терлагандан кейин дарров совқотиб, аллергиям қўзғаладиган бўлди. Энди музқаймоқ есам ҳам аллергиям қўзғалмоқда. Ёзда ҳам оёғимга пайпоқ кийиб юрмоқдаман. Чунки оёғим терлаб, музлаб яна безовта бўламан. Ҳозир ҳар куни аллергия дори ичаман, аммо таъсир қилмаяпти. Илтимос, маслаҳатингизни аямасангиз, касалим нима ўзи аллергиями, йўқми?

Шифокор:

– Ва алайкум ассалом! Сизда аллергик ринит ва аллергик коньюктивит ҳолати, умуман поллиноз мавжуд экан. Нимага нисбатан аллергиянгиз бўлса, ўша нарса билан мулоқотни чегаралашингиз керак. Аллергияга қарши дориларнинг тури кўп ,уларнинг эски авлодлари ўрнига ҳозир ножўя таъсири кам ва кунига 3 маҳаллаб эмас, 1 маҳал ичилувчи формалари яратилган. Аллергик ринитни даволаш учун фақат дорини ичга қабул қилишни ўзи кифоя эмас, маҳаллий назал спрейлар ҳам қўлланилади.  Энг яхшиси Аллергомарказга мурожаат килганингиз афзал . Имконингиз бўлмаса (карантинда бўлишса) қуйидагиларни қилинг:

1. Қондаги иммуноглобулин Е титрини аниқлаттиринг. Титр баланд чиққан тақдирда:

2. Синглон 10 мг. 1 таблеткадан 1 маҳал ичинг 1 ой.

3. Бурунга: маҳаллий глюкокортикостероид Момат Рино 50мкг назал спрейини кунига 1 маҳал (врач билан маслаҳатлашган ҳолда, қарши кўрсатмалар бўлмаган ҳолда) сепиш.

4. Аллерген озуқа моддаларидан, ўткир хид берувчи моддалардан (атир-упалар), рангли газировка сувлардан, чангдан, маиший ювиш воситаларидан нарироқ юринг.

5. Уйингизда тез -тез нам уборка қилинг, иложи борича пар кўрпа-ёстиқларни пахталигига алиштиринг ёки антиаллерген ёстиқдан фойдаланинг.

6. Организмингизда паразит гельминтлар бор-йўқлигини аниқлаттиринг. Гельминтлар (гижжалар) организмни кучли сенсебилизацияга олиб келувчи токсинлар ажратади. Ахлат анализига қараб турини аниқлаттириб мутаносиб даволанинг .

7. Бир йилда 1- 2 марта "Оқтош"  ёки "Зомин" санаторияларидан бирида гуллар гуллаган мавсумда санатор-курорт даволанинг.