Ассалому алайкум! Мени келинойим борлар (ёшдаги фарқимиз 5 йил), 6 йил бўлди бизни оилага келин бўлганларига. Доим динимиздан ўрганган, билган нарсаларимни ўргатаман. Қалбан доим яхшиликни раво кўраман. Лекин ёш келин бўлган пайтларида мени кўп ранжитганлар. Балки шу сабабми баъзида уларга нисбатан совуққон бўлиб қоламан, гапларига ёки ишларига ғашим келади. Бу васвасами ёки ҳудбинликми билмай қолдим. Дилларини оғритиб қўйишдан қўрқаман. Ўзим ҳам бир кун келиб келин бўламанку, деб ўзимни босаман. Менга тўғри йўл кўрсатинг, қандай тил топишиб опа сингилдай бўлишни билмаяпман. Битта уйда яшаш қийин бўляпти... Ўзимни қандай тарбиялай?
– Ва алайкум ассалом! Ўзингизни босиб тўғри қиласиз. Ҳақиқатдан ўзингиз ҳам тез орада келин бўлишингиз бор. Шунда келинойингизни тушуна бошлайсиз. Унинг дилини оғритмай туринг. Унга ҳам осон эмас. Ўз ота-онасини ташлаб, сиз каби мазза қилиб яшаётган она уйини қолдириб сизнинг уйингизда, сизларнинг хизматларингизни қилиб юриш унга ҳам осон эмас. Аслида иккала тарафга ҳам қийин. Сизларнинг уйингизга ҳам бошқача ҳатти-ҳаракат қиладиган, уйларни ўзи билганича йиғиштирадиган, ғирт бегона инсон яшаши ноқулайликларни яратади. Аммо бунинг ҳаммаси вақтинча. Чиройли сабр қилинса, яхши муомала қилишни, одоб-аҳлоқли бўлишни биринчи ўринга қўйилса келинойингиз сизга иккинчи онангиз бўлиб яқин инсонингизга айланади. Бунинг учун икки йилдан беш йилгача бўлган вақт талаб этилади. Валлоҳу аълам!