Ассалому алайкум! Қизим 45 кунлик. Чап кўзи ўнг тарафга яъни ўртага қараб бироз қийшайганини сезиб қолдим. Маҳалламиз докторидан сўрасам, уч ойгача ўтиб кетади, дедилар. Лекин қизимнинг кўзи баъзи-баъзида эмас, тинмай шу ҳолда турибди. Қолиб кетмасмикин, деган ҳавотирдаман. Қандай маслаҳат берасиз? Аллоҳ рози бўлсин!
– Ва алайкум ассалом! Кўкрак ёшидаги болалар учун кўз ғилайлашиши, яъни страбизм физиологик ҳолат ҳисобланади. Бундан ваҳимага тушиш керак эмас. Чақалоқ то 6 ойлик бўлгунича бу нормал ҳолат деб қабул қилинган.
Гап шундаки, боланинг кўриш аппарати ҳали етук эмас, у тана мушаклари ва склети каби ўсиб бораятган бўлади, кўз олмаси шаклланиб боради, олдинги ва орқа кўрув ўқи катталашади, оптик муҳитлар ривожланади, болада кўриш ўткирлиги аста-секин ўша боради. Бу жараён тез эмас, жуда секин содир бўлади ва бола 2 ёшга етганида якунига етади. Одатда бола 2 ёшга етганида ундаги нормал ва патологик ҳолатларни аниқ фарқлаш мумкин бўлади. Бу жуда муҳим давр. Страбизм (гилайлик) туғма ва орттирилган бўлади. Туғма страбизм бола туғилганданоқ мавжуд бўлади ва 6 ойлик, хатто 1 ёшда ҳам йўқолмайди. Орттирилгани эса бола ҳаёти давомида бошқа офтальмологик касалликлар асорати сифатида пайдо бўлади.
Сизга маслаҳатим ортиқча ҳавотирга тушманг ва бироз кутинг, болангизнинг кўриш аппарати ривожланиш даврида, ҳаттоки сизга бир кўзидаги нуқсон доимийдек кўринаётган бўлса-да, аслида бу баланд бурун кўприги ҳисобига шундай туюлиши мумкин, уни фонар ёруғлигини тушириб аниқлаш мумкин, аммо бу ерда сизга тушунтиришим қийин.
Иншааллоҳ, 6 ойликкача бу ҳолат ўтиб кетади. Валлоҳу аълам!