Ассалому алайкум! Мен тикувчиман, оилалиман, 12, 8, 7 ёшлардаги уч фарзандим бор. Хўжайним ишлайдилар. Намоз ўқийман. Ҳовлимизда қора мол, паррандалар бор. Тикувчилик қилсам рўзғор ишлари қолиб кетади, ёрдамчи топа олмаяпман. Тикишни ташлай десам, кўнгилчанлик қилиб келган инсонларни қайтаролмаяпман. Касбим ёқади, ҳозир диний илм олишга иштиёқим бор. Китоб ўқий десам, вақтим йўқ, чарчаб ухлаб қоляпман. Намозни ҳам чарчаб, ухлаб ўқияпман. Менга маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Кун тартибини тузиб чиқиб унга қатъий амал қилишингиз керак. Албатта болаларингизни уй рўзғор ишларингизга жалб этишингиз керак. Қўлидан келганича ёрдам беришади. Бу ҳам сизга катта ёрдам бўлади. Асосийси чарчаб қолмаслик учун 8 соатлик уйқуингизни инобатга олиб қўйишингиз керак. Таомланиш борасида ҳам эътиборингизни шунга қаратингки, хамир овқатлар, ҳазм бўлиши қийин бўлган таомларни ҳам камроқ истеъмол қилиниб, ҳазми енгил овқатларга ўтилиши керак. Негаки, ҳазм қилиниш вақтида организм катта миқдорда энергия сарфлайди. Пиширилмайдиган таомларни мисол учун мевалар, сабзавотлардан ва кўкатлардан тайёрланган салатларни кўпроқ имтеъмол қилиш яхшидир. Севган машғулотларингизга эътиборингизни, вақтингизни кўпроқ қаратинг. Чунки инсон айнан севган машғулотлари билан машғул экан у чарчоқни камдан кам ҳолатларда сезади. Чунки бу ишида унинг организмида ҳурсандчилик гормонлари ҳосил бўлиб, кўтаринки руҳ, яхши кайфият пайдо бўлади ва тетик юради. Валлоҳу аълам!