Ассалому алекум. Турмуш қурганимга 1йил бўлди. Алҳамдулиллаҳ оилам яхши. Аммо турмуш ўртоғим 1йил ичида кўп маротаба 2-3 та қиз билан гаплашганини билиб қолдим. Бир икки марта индамадим, ўзимдан айб қидирдим, меҳр бердим, кулиб яхши гапирдим. Келишларига овқатлар, ҳамма нарсаларни тайёрлаб, ўзимга қараб кутиб олдим. Лекин барибир яна гаплашганларини билдим. Сабабини сўрасам, тан олмадилар. Телефонларини умуман титкиламайман, лекин доим бошқа қизга смс ёзаётганларига кўзим тушиб қолади. Ажрашиш учун оила қурмаганман. Лекин нима қилишни билмаяпман. Аллоҳдан офият сўрайман. Илтимос, маслаҳат беринг!
– Ва алайкум ассалом! Ҳамма ишингиз тўғри. Аммо ўзингизга ҳам вақт ажратишингиз керак. Гўё қилган тўғри ишларингизнинг барчаси турмуш ўртоғингиз учун қаратилгандек. Эркак кишига бу албатта ёқади. Аммо ўз қадрини биладиган, ўзини ҳам унутмайдиган аёллар янада кўпроқ ёқади. Буни тушунишингиз учун бир мақоламни илова қиламан.
АЁЛ ЭНЕРГИЯСИНИ ЎЛДИРУВЧИ 10 ТА САБАБ
1. Ташқи муҳит билан ҳаддан зиёд кўп мулоқот қилиш
Яъни аёл киши фақат уни севувчи инсонлар билан мулоқотда бўлишлари зарур. Ўзининг комфорт зонасидан ташқарига чиқмаслиги керак. Эркак киши аксинча, уни ёқтирмайдиган инсонлар билан мулоқотини шакллантириб, бу йўлда чеккан қийинчиликлари сабаб эркаклик энергиясини мукаммаллаштиради. Аёлларнинг қилган энг катта хатоси бу – ўзи севмаган машғулоти билан шуғулланишидир. Бу унинг аёллик энергиясини катта қисмидан жудо қилади.
2. Бадан тарбияси ва парваришининг йўқлиги
Аёл киши ўз соғлигига эътиборли бўлса ва гўзал бўлиш учун ўзини парвариш қилса, аёллик энергияси кўпаяди. Ўзининг гўзаллигига ва саломатлигига эътиборсиз аёл ҳам жисмонан, ҳам руҳан ўта нозик бўлиб қолади.
3. Ҳиссиётларнинг етишмаслиги
Кўпинча аёллар ўзларининг ички кечинмаларини яшириб, фақат яхши томонларини кўрсатишга ҳаракат қиладилар, фақат табассум қилиш ва кулиб туриш керак деб ҳисоблайдилар. Аммо аёллар салбий ҳиссиётларини, кўз ёш ва дил кечинмаларини кўрсатиб туришлари керак. Фақат, ҳар кимга ҳам эмас, энг ишонган инсонларига ёрилиб туришлари керак. Ҳар доим ҳиссиётларини яшириш, аёллик энергиясига халақит қилувчи иллатдир.
4. Хобби, яъни севимли машғулотнинг йўқлиги
Аёл киши севимли машғулоти билан банд бўлаётган вақтда жуда катта миқдорда ижобий ҳиссиёт ва энергияга эга бўлади. Албатта, аёл кишининг хоббиси мавжуд бўлиши ва бу хоббини унинг турмуш ўртоғи қўллаб-қувватлаши зарур. Аёл хоҳ у тикиш ва тўқиш бўлсин, хоҳ у гул ўстириш бўлсин, мана шу севган машғулотида ўзини топиши керак.
5. Ижодкор эмаслик
Аёл киши бирон нарса яратмас экан, у ҳолда унинг энергияси "ботқоқ" га ўхшаб туриб қолади. Аёлнинг ўз қўли билан яратган ҳар бир иш – хоҳ уйни саранжомлаш бўлсин, хоҳ у пишириқ пишириш ёки интерьер яратиш бўлсин – бу ижоддир. Гўзаллик ярата туриб, аёл киши ўзи ҳам гўзаллаша боради. Аммо кун бўйи ҳеч бир ишга қўл урмай, шунчаки ётаверса, тез орада бор энергиясини хам йўқотиб, аёллик латофатидан хам жудо бўла бошлайди.
6. Бошқаришни исташ
Аёл киши муаммоларни ҳал қилиши эмас, балки эркак кишини унинг ва оиласининг муаммоларини ҳал қилиши учун илҳомлантириши ва руҳлантириши керак. Бошқариш – аёл кишининг табиатидан эмас.
7. Эркакнинг вазифаларини ҳам аёлнинг ўзи бажариши
Аёл киши эркак кишининг вазифаларини бажарар экан, у ўз аёллик латофатини йўқотади. Бундай аёлга эркаклар ўз "улфатига" қарагандек муомала қиладилар, яъни ожиза сифатида қабул қилиб, ёрдам қўлини чўза олмайдилар.
8. Кундошлик ҳисси
Аёллик энергиясини тамоман йўқотувчи иш – бу бошқа аёллар билан ўзини таққослаши, яъни кундошликни ҳис қилишидир. Аёл киши ким биландир ўз ақлини ёки ташқи кўринишини таққослаши, ким биландир рақобатлашиши нотўғридир. У ўзининг гўзал, ақлли ва тенги йўқ аёл эканига ишониши керак. Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир аёл тенги йўқ аёлдир.
9. Яқин дугоналарининг йўқлиги
Аёл киши бошқа аёллар билан мулоқотда бўлиши шарт. Бу унинг энергияга тўйинишининг яна бир чашмаси ҳисобланади.
10. Ўзи учун вақт ажратмаслиги
Аёл кишининг шахсан ўзи учун ажратган вақти бўлиши керак. Ўзининг шахсий ишлари учун. Ҳар доим!
Валлоҳу аълам!