Ассалому алайкум! 1нафар фарзандим бор. Ажрашганман. Боланинг отаси алимент тўлайди. Мен шу пулларни банкка қўйсам, фоиз қўшилар экан. Бу пулни болам 18 ёшга кирганда ўзи ечиб олиб ишлатишини ният қилганман. Банкка қўйган омонатимга қўшилган фоиз учун гуноҳкор бўлмайманми? Пулни кўпайиши учун эмас, сақлаш мақсадида, боламнинг ўзи ишлатиши учун.
– Ва алайкум ассалом!
https://savollar.muslimaat.uz/savol/9749
https://savollar.muslimaat.uz/savol/485
275. Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар. Бизнинг тилимизда «рибо» сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида «рибо» сўзи «зиёда бўлди», «кўпайди» деган маъноларни англатади. Шариатда эса қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёда рибодир. Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал бошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматдаги ҳар бир одамнинг сиртки ҳолидан иши қандай экани билиб олинади. Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан туришларини кўрганлар ҳеч ким танитмаса ҳам, «Анавилар судхўрлар», – дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар». Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди. Одатда жин уриб, ақлдан озган кишилар тартибсиз ва нотўғри ҳаракат қиладилар. Довдираб, ўзини ҳар тарафга уриб, уят ишларни ҳам қилаверадилар. Судхўрларда ҳам ана ўша ҳолат бўлар экан. Баъзи тафсирчиларимиз «Судхўрларнинг бу ҳолатлари фақат қиёмат кунига боғлиқ эмас, балки бу дунёда ҳам шундай бўлади», – деганлар. Уларнинг бундай аянчли ҳолатга тушишларининг сабаби келгуси жумлада баён қилинади: «Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир». Судхўрлар «Рибо ҳалол», деб эътиқод қиладилар ва уни тижоратга ўхшатадилар. Тижоратда молиявий муомала ортидан фойда келганидек, судхўрликда ҳам фойда келади, деб ўйлайдилар. Боз устига, уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – дейишларидан «Рибо аслида ҳалол қилинган нарса, тижорат ҳам унга ўхшаб, ҳалол қилинган» деган маъно келиб чиқмоқда. Ваҳоланки: «…Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган». Чунки тижоратда фойда кўришнинг ҳам, куйиб қолишнинг ҳам эҳтимоли бор. Тижоратда инсоннинг меҳнати, маҳорати, атрофдаги табиий ҳолатларнинг фойда кўриш ёки зарар тортишга таъсири бор. Савдогар фойда кўришга умид қилиш билан бир вақтда куйиб қолишни ҳам бўйнига олган ҳолда иш бошлайди. Меҳнат қилиб, одамларга керакли молларни олиб келади, сақлайди ва бошқа хизматларни қилади. Судхўр-чи? У ҳеч нарса қилмай, жойида ўтиради. Нима бўлишидан қатъи назар, фойда олиши муқаррар. Куйиб қолиш хавфи йўқ. Мазкур сабабларга ва яна зикр қилинмаган бошқа сабабларга кўра, тижорат инсон ҳаётида қўлланишга ҳалол, судхўрлик эса ҳаром қилинган. Ушбу ояти карималар нозил бўлаётган пайтда кўп молиявий муомалалар рибо асосида юритилар эди. Шунинг учун ушбу ояти каримадан келиб чиққан ҳукмдан аввалги ишлар ўз ҳолича қолдирилди. Акс ҳолда аввалги иқтисодий алоқаларнинг ҳаммасини қайта кўриб чиқишга тўғри келарди. «Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир». Яъни Аллоҳ рибонинг ҳукмини баён қилгандан кейин рибовий муомалалардан тўхтаса, эски ишлари ўзига, у муомалаларни қайта кўришга ҳожат йўқ. Ўтган даврдаги муомалалари Аллоҳга ҳавола: хоҳласа кечиб юборади, хоҳласа иқобига олади. «Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар». Аллоҳ таоло томонидан рибонинг ҳаромлиги ҳақида оят келганига ҳам қарамай, кимки яна рибога қайтса, ундай одам албатта дўзахий бўлади, дўзахий бўлганда ҳам, ундан ҳеч қачон қайтиб чиқа олмайдиган, абадий қоладиган дўзахий бўлади. Келаси оятда судхўрликнинг касофати фақат охиратдагина эмас, балки бу дунёда ҳам уриши эслатилади: 276. Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бандалар пул-моллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар ва ўзларига келган фойдани санаб юрадилар. Аслини олганда, иши бунинг тескариси бўлади.Чунки: «Аллоҳ рибони нобуд қилур». Судхўрнинг пули ҳисоб жиҳатидан кўп бўлса ҳам, Аллоҳ унинг баракасини кўтариб, егани ўзига юқмайдиган қилиб қўяди. Судхўрни турли касалликларга дучор қилади, тинчлигини, хотиржамлигини олади. Яна биз билмайдиган кўп бало-офатларга дучор қилади. Шунингдек, сиртдан қараганда, садақа қилган кишиларнинг моллари камайганга ўхшайди. Аслида эса иш бунинг тескариси бўлади: Аллоҳ «…садақаларни ўстирур». Агар ҳисобда садақа қилувчининг молининг ҳажми оз бўлса ҳам, Аллоҳ унга барака ато қилади, бало-офатлардан сақлайди, ўзини тинч, хотирини жам қилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи қилган ривоятда Набий алайҳиссалом: «Рибо гарчи кўпайса ҳам, оқибати, албатта озайишга қайтади», – деганлар. Имом Муслим ва имом Термизийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким ҳалол касбидан бир дона хурмо миқдорича садақа қилса, зотан, Аллоҳ ҳалолдан бошқани қабул ҳам қилмайди, албатта, Аллоҳ уни ўнг қўли билан қабул қилади ва сизлар тойчоқни ўстирганингиздек, ўстириб, Уҳуд тоғича қилади», – деганлар. «Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас». Шундан кўриниб турибдики, рибохўрлар кофир ва гуноҳкор ҳисобланар эканлар. عن أبي هريرة رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الرِّبَا سَبْعُونَ حَوْبًا، أَيْسَرُهَا نِكَاحُ الرَّجُلِ أُمَّهُ، وَأَرْبَى الرِّبَا : اسْتِطَالَةُ الرَّجُلِ فِي عِرْضِ أَخِيهِ. ورواه الإمام أحمد في المسند Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рибо етмиш жуздир, уни(гуноҳи)нг энг енгили киши онаси билан яқинлик қилиш билан баробардир. Рибонинг энг каттаси киши ўз биродарининг обрўсини тўкишдир”. Имом Аҳмад “Муснад”ларида ривоят қилганлар. عن عبد الله بن حنظلة غسيل الملائكة قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: درهم ربا يأكله الرجل وهو يعلم أشد من ست وثلاثين زنية. رواه أحمد، والطبراني في الكبير Абдуллоҳб ибн Ҳанзала(фаришталар ғусл қилдирган зот) розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Киши билиб туриб рибодан бир дирҳам ейиши 36 бор зино қилишдан қаттиқдир” дедилар. Имом Аҳамад ва Табаронийлар ривояти
Валлоҳу аълам!