Ассалому алайкум! Қайнонамнинг асабларида касаллик бор, шу сабаб ўзлари билмаган ҳолда асабийлашиб жанжал бошлаганларини билмай қоладилар, қайнотамнинг ҳам гаплари таъсир қилмайди. Ўтган йили фарзандли бўлганимда, онам Тошкентдан Хоразмга набиралари учун совғалар олиб келган эдилар, қайнонам эса олиб келган совғаларини улоқтириб, "қизингизни олиб кетинг" дебдилар. Лекин мени 1 ярим йилдан бери ҳалигача ота уйимга юборганлари йўқ. 1 ҳафтадан бери қайнонамга мазалари йўқ, онамга "ҳол-аҳвол сўраб қўйинг, илтимос", десам, "йўқ, сўрамайман, улардан хафаман", дедилар. Онамдан шу пайтгача кўп маротаба уларни кечиришларини сўрадим, фойдаси бўлмади. Қайнонам билан онамнинг муносабатларини қандай қилиб яхшиласам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Онангизни ва қайнонангизни ўз ҳолларига қўйинг. Нима учун онангиз қайнонангизга қул каби эгилиши керак. Агар ундан айб ўтмаган бўлса албатта. Инсон бирон айб иш қилсагина узр сўраши керак ва муносабатларга илиқлик киритилишига ҳаракат қилиши керак. Аммо айб иш қилмаган бўлса узр сўраши, ўзини паст олиши инсонни қул каби қаддини букиб қўяди. Обрўси қолмайди. Онангизни қадрлашингиз керак. Қайнонангиз касал деяпсиз. Шудай экан уни ўз ҳолига қўйиш керак. Негаки касал инсон соғаймас экан бу ишини такрор ва такрор қилаверади. Онангизни сиқилишига сабабчи бўлманг. У бечора ҳам не азобларда сизни катта қилган. Бу ёғига ўзи учун ҳам хотиржам яшасин. Сиз ҳали жуда ёшсиз. Ўзингиз болаларингизнинг тўйини кўрганингиздагина бу ҳолатларни тушунасиз. Онангиз қиз ўстиргани учун айбдор эмас. Қайтанга қайнонангиз ва турмуш ўртоғингиз сиздек қизни уларга авлодини давомчиси ва тарбиячиси қилиб етиштириб уларга узатгани учун раҳмат айтишлари керак. Валлоҳу аълам!