– Ва алайкум ассалом!
Ҳа.
- عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أُتِيَ النَّبِيُّ r بِلَحْمٍ، فَقُلْتُ: هَذَا مَا تُصُدِّقَ بِهِ عَلَى بَرِيرَةَ، فَقَالَ: هُوَ لَهَا صَدَقَةٌ وَلَنَا هَدِيَّةٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
1157. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга гўшт келтирилди. Мен:
«Бу Барийрага садақа қилинган», дедим. У зот:
«Бу унга садақа, бизга ҳадя», дедилар».
Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Барийра Оиша онамиз томонларидан озод қилинган, асли чўри аёл бўлиб, у кишининг хизматларини қилиб юрар эди. Демак, садақа олиши ҳалол бўлган одам уни олиб, ўзига мулк бўлгандан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёки у зотнинг оли байтларига ҳадя қилса бўлади. Бу ҳолатда у нарсанинг садақалик сифати қолмай, ҳадяга айланган бўлади.
1158- كَانَ النَّبِيُّ r إِذَا أُتِيَ بِطَعَامٍ سَأَلَ عَنْهُ، فَإِنْ قِيلَ هَدِيَّةٌ أَكَلَ مِنْهَا، وَإِنْ قِيلَ صَدَقَةٌ لَمْ يَأْكُلْ مِنْهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ.
1158. «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга қачон таом келтирилса, у ҳақида сўрар эдилар. Агар «ҳадя» дейилса, ундан ер эдилар. Агар «садақа» дейилса, ундан емас эдилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилганлар.
1159- عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ الْحَارِثِ الْهَاشِمِيِّ t وَسَاقَ حَدِيثِاً حَتَّى قَالَ: إِنَّ هَذِهِ الصَّدَقَاتِ إِنَّمَا هِيَ أَوْسَاخُ النَّاسِ، وَإِنَّهَا لَا تَحِلُّ لِمُحَمَّدٍ وَلَا لِآلِ مُحَمَّدٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالنَّسَائِيُّ.
1159. «Абдуллоҳ ибн Ҳорис ал-Ҳошимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда, жумладан:
«Албатта, ушбу садақалар одамларнинг киридан ўзга нарса эмас. Албатта, улар Муҳаммадга ҳам, Муҳаммаднинг оли байтига ҳам ҳалол бўлмайди», дейилган.
Муслим ва Насаий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зоти бобаракотнинг оли байтларига садақа ва закотларнинг ҳалол бўлмаслигининг ҳикмати шу.
1160- عَنْ أَبِي رَافِعٍ t: أَنَّ النَّبِيَّ r بَعَثَ رَجُلًا عَلَى الصَّدَقَةِ مِنْ بَنِي مَخْزُومٍ، فَقَالَ لِأَبِي رَافِعٍ: اصْحَبْنِي فَإِنَّكَ تُصِيبُ مِنْهَا، قَالَ: حَتَّى آتِيَ النَّبِيَّ r فَأَسْأَلَهُ، فَأَتَاهُ فَسَأَلَهُ، فَقَالَ: مَوْلَى الْقَوْمِ مِنْ أَنْفُسِهِمْ، وَإِنَّا لَا تَحِلُّ لَنَا الصَّدَقَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
1160. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Махзумдан бир кишини закот тўплагани юбордилар. Бас, у Абу Рофеъга «Мен билан бирга юр, сенга, у(закот)дан насиба бор», деди. У «Олдин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб, у зотдан сўраб олай», деди ва бориб сўради. Бас, у зот:
«Бир қавмнинг мавлоси улардандир. Албатта, бизга садақа ҳалол эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар ва Термизий саҳиҳ, деган.
Шарҳ: «Мавло» – озод қилинган қул. Абу Рофеъ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоларидан эди. Шунинг учун ҳам унга садақа ҳалол бўлмайди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтлари ким?» дейилганда Шофеъий мазҳаби «Бани Ҳошим ва Бани Мутталиблар», дейди.
Абу Ҳанифа ва Моликлар эса «Фақат Бани Ҳошимдир. Бани Ҳошим эса Алининг, Ақийлнинг, Жаъфарнинг, Аббоснинг, Ҳориснинг авлодларидир», деганлар.
Бу ҳукмда катта ҳикмат бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам садақа олмасликлари, оли байтларига ҳам садақа олишга рухсат бермасликлари билан нафсларини покиза тутиб, иффатли ҳолда туришда бошқаларга ўрнак бўлишни ирода қилганлар. Нима бўлганда ҳам, кишиларнинг садақасини олганлар уларнинг миннатларига ҳам қоладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини ҳам, оли байтларини ҳам ана шундай миннатга қолишларини хоҳламаганлар.
Иккинчидан, агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари садақа олсалар ва оли байтларига садақа олишга рухсат берсалар, турли-туман ноҳақ гумон ва гап-сўзлар келиб чиқиши мумкин эди. Баъзи бир оғзига кучи етмаган, Худодан умиди йўқлар «Пайғамбар закот ва ихтиёрий садақаларни ўзи ва оли байтининг манфаатини кўзлаб, шариатга киритган», дейишлари ҳам мумкин эди.
(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан )
Валлоҳу аълам!