Ассаламу алайкум! Ёшим 18 да, синглимники 15 да. Алҳамдулиллаҳ икковимиз ҳам 5 маҳал намозимизни қолдирмаймиз, бўшадик дегунча Қуръон ўқиймиз. Лекин бизнинг муаммоимиз бир-биримиз билан ҳеч келиша олмаймиз. Оддий нарсани ҳам талашамиз, бир-биримиздан нарсаларимизни қизғонамиз. Синглим борган сари жиззаки, қўпол, терс бўлиб бормоқда. Мени опаси сифатида эмас, ўзидан кичкина укаси сифатида қабул қиляпти. Доим мен билан урушаверади. Мен ҳам бу тортишувлардан кейин жуда қаттиқ асабийлашаман, бунинг оқибатида бошим оғрийди. Маслаҳат беринг, бир-биримизга меҳримиз ортиши учун нима қилишимиз керак?
– Ва алайкум ассалом! Синглингиз сиздан кичикроқ, шунинг учун сиз уни бошқаришингиз керак. Инсон қачон бировларни бошқара олади? Қачонки бировлардан хафа бўлмаса. Қачонки бировларнинг ҳатти-ҳаракатларига оғир босиқлик билан назар солишни билса, ақлни ишлата билса, жавоб қайтаришга шошмаса каби. Сиз синглингизнинг ҳатти-ҳаракатларини гўё кино кўраётгандек тамоша қилиб туринг. Уришиб, гап қайтариб ташлагингиз келганида ҳам ўзингизни босинг. Чунки бу сиз учун кино кўриш ўша вазиятда. Бора бора синглингизнинг қилиқларига кучли энергия сарф қилмайсиз, эмоционал реакция қилмайсиз. Қалбингизда араз, хафа бўлиш ҳислари йиғилиб қолмайди. Булардан эркин бўлишингиз билан синглингиз ҳам сизга бундай муносабатларни қилмай қўя қолади. Негаки сиз энергия жиҳатидан қаралганда эмоционал реакция қилмаганлигингиз учун ундан хафа бўлмайсиз, шу билан унинг ғазабини жалб қилмай қўясиз. Инсон қачонки бировлардан қаттиқ хафа бўлса, эмоционал реакция қилгани сабабидан унинг бу энергияси бошқа хафагарчиликларни жалб қилади. Шунинг учун бундай вазиятларда ўзингизни босиш учун, унга эътибор қилмаслик учун истиғфор айтишингиз, зикрларни қилишингиз, бошқа нарсаларга эътиборингизни қаратишингиз керак. Валлоҳу аълам!