Ваҳима ёки қўрқув

20:42 / 26.07.2020 | Oysha | 694

Ассалому алайкум! Менда қаттиқ қўрқув, ваҳима бор. Бу келин бўлиб тушганимдан кейин, қайнонамдан гап эшитавергандан, оиладагиларнинг менга муомаласидан кейин пайдо бўлди. Ҳозир жуда қийналяпман, уйда ҳаммадан, қайнотам, қайнонам, қайнисинглим ва турмуш ўртоғимдан ҳам қўрқаман. "Ҳозир гап эштаман, мана бу ишга улгурмадим, ҳозир дакки беришади", деб юрагим жуда безовта бўлади. Оёқ-қўлим қалтираб увушиб қолади. Тез-тез шунақа бўлади, қизимга бирон нима бўлса, шамолласа ҳам қўрқиб кетаман. Жуда кўп йиғлайман. Ҳатто уйдагиларнинг оддий гаплари ҳам менга оғир ботиб сиқилиб юраман. Миямда факат ишлар рўйхати, ўзимга вақт ажратишга қўрқаман. Қайнонам "ишлар қилинмаган, намунча секин қимиллайсан?", дейди деб ваҳимада юраман. Қийналиб кетдим. Эндокринологга бордим, гормонлар яхши чиқди. Ҳозир йодомарин 200 ичаман. Эмизиклиман. Мадорим қолмайди. "Психологга муҳтожман", десам, эрим "жинни бўпсан", дейди. Унинг қўполлигидан кўнглим оғрийди. Нима қилай? 

Руҳшунос:

– Ва алайкум ассалом! Сиз энг биринчи ўринда ҳур инсон эканлигингизни тушуниб олинг. Қуллик даврида яшамаяпмизку. Нега бунча қўрқувларга берилдингиз? Ҳар бир инсон яшаши учун ҳатти-ҳаракатда бўлади. Бу тўғри. Аммо мадори етгунича қилади ишларини. Сиздаги бу ҳаракатлар носоғлом. Агар улгурмасангиз нима бўлади? Ўзингизга шу саволни бериб кўринг. Урушиб беришади тўғри ёки қовоқ-тумшуқ қилишади. Хўш кейин нима содир бўлади? Биров сизни бу учун ўлдирмайдику. Ҳар бир қўрқувнинг замирида ўлимдан қўрқиш деган қўрқув туради. Ишларни қилмаслигингиз сизни ўлимга олиб келмайдику. Биров тепангизда қамчи ушлаб турмайди, саваламайди. Агар бу саволларга жавоб берсангиз секин-аста бу воқеаларга нисбатан қўрқувларингиз ҳам енгиллашиши керак. Бу сизнинг онгингиз ўйлаб топган қўрқувлар эканини тушуна борасиз. Албатта ўзингизни қадрлашни, соғлигингизни биринчи ўринга қўйишни ўрганишингиз керак. Фарзандингиз сиз каби бўлишини истамасангиз ҳозирданоқ ўзгаришга ҳаракат қилинг. Ҳамда буйрагингиздаги етишмовчиликлар сабаб ҳам қўрқувларингиз ривожланавериши мумкин. Шунинг учун қора олхўри, қора анжир, қора узумни истеъмол қилиб туринг. Албатта психолог ёрдамига мурожаат этишингиз керак. Валлоҳу аълам!