Қуръон ўқиш одоби

09:51 / 17.08.2020 | Saidaxror | 2962
Ассалому алайкум! Биламизки, ҳар бир нарсанинг одоби бор. Масалан, кийиниш, сўзлашиш ва ҳоказо. Қуръон ўқиш одоблари ҳам борми? Қуръон ўқишда кийимнинг ҳам аҳамияти бор дейишябди. Шу тўғрими?
«Билимсизликнинг шифоси» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом!

Қуръони Каримни тиловат қилиш ва тинглаш одоблари

 

Қуръони Каримни тиловат қилиш одоблари ҳақида Имом Ғаззолий шундай дейдилар: «Қуръонни ҳақиқий тиловат қилиш – тиловатда тил, ақл ва қалбнинг иштирок этишидир. Тилнинг насибаси – тартил ила ҳарфларни тўғри талаффуз этиш. Ақлнинг насибаси – маъноларни тафсир қилиш. Қалбнинг насибаси эса – сабоқ олиш, таъсирланиб, қайтариқлардан қайтиш ва буйруқларга бўйсунишдир. Демак, тил тартил қилади, ақл таржима қилади, қалб эса сабоқ олади».

Қуръони Каримнинг қироати энг буюк ва афзал амаллардандир. Чунки Қуръон қироат қилувчи ўз Роббини зикр қилади, У Зот билан бирга бўлади. Шунинг учун у Қуръон ўқиётганида ўзини Роббининг ҳузурида тургандек тутиши, одоб сақлаши лозим. 

 

Тиловатнинг ташқи одоблари: 

1. Таҳоратли бўлиш, чунки тиловат Аллоҳга ибодат қилишдир.

2. Тиловат қилинадиган жой ва тиловат қилувчининг либослари пок, нажосат тегмаган бўлиши.

3. Имкон қадар қиблага юзланган ҳолда бўлиш.

4. Қироат олдидан мисвок ишлатиш.

5. Қироатни бошлашда истиъоза айтиш.

6. Ҳар бир суранинг бошида басмала айтиш (Тавба сураси мустасно).

7. Қуръони Каримни тажвид қоидаларига мувофиқ тарзда, тартил билан ўқиш, газета ёки журнал ўқигандек ўқимаслик.

8. Сура ва оятларни мусҳафдаги тартиби бўйича ўқиш.

9. Бир сурани бошлагандан кейин охирига етказиб, сўнг бошқасига ўтиш.

10. Сажда оятлари саждасини ўз вақтида қилиш.

11. Қуръонни хатм қилаётганда Зуҳо сурасидан Ан-Наас сурасигача ҳар бир суранинг охирида такбир айтиш.

12. Қироатда овоз ва оҳангни имкон қадар гўзал қилиш.

13. Қуръон қироат қилганда йиғлаш.

14. Жуда баланд ҳам эмас, паст ҳам эмас, ўртача овозда қироат қилиш.

 

Тиловатнинг ички одоблари:

1. Оятларни тушуниб, англаб, тадаббур ва тафаккур билан ўқиш. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

 

«Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Ёки қалбларида қулфлар борми?» (Муҳаммад сураси, 24-оят)

2. Оятларни англаш, тафаккур қилишдан қалбни тўсадиган турли сабаблардан четланиш, оят мазмунидан бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик.

 

«Биз сенга нозил қилган Китоб муборакдир. Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учундир» (Сод сураси, 29-оят).

3. Оятларни тафаккур қилиш ва тиловат асносида Аллоҳ билан бирга бўлишнинг энг аъло мартабасига етишиш учун қуйидаги босқичларни босиб ўтиш тавсия қилинади:

А) Қуръонни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб бераётгандек ўқиш;

Б) Қуръонни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитаётгандек ўқиш;

В) Қуръонни Аллоҳ азза ва жалладан эшитаётгандек ўқиш. Мана шу энг олий мақомдаги тиловатдир. 

Ҳасан Басрий айтадилар: «Аллоҳга гапиришни истасанг, намоз ўқи, Аллоҳ Ссенга гапиришини истасанг, Қуръон ўқи».

Қироат қилувчи раҳмат оятини ўқиганда Аллоҳдан раҳматини сўраши, азоб оятини ўқиганда Аллоҳдан азобидан паноҳ сўраши, тарғиб оятларини ўқиганда умид қилиши, таҳдид оятларини ўқиганда ўзи ва мўминлар учун мағфират сўраши суннатдир. 

("Муфассал тажвид")

 Валлоҳу аълам!