Ассалому алайкум! Мен сайтингизни кузатиб бораман ва доим ўзимга фойдали маслаҳатлар, фойдали илмлар оламан. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Сизлардан бир илтимосим бор. Сайтга келаётган саволлар орасида психология ҳақида берилаётган саволлар кўпаймоқда, жамиятимизда парапсихология оммалашиб кетди. Лекин мени кўп психологларнинг, айниқса, чуқур билимга эга бўлмай туриб, психологлик фаолиятини олиб бораётганларнинг илми ва фаолияти хавотирга солмоқда. Яқиндагина мени ижтимоий тармоқлардаги бир неча психологик гуруҳларга қўшишди. Улардаги кўпгина амалиётлар, назариялар, яъни, борлиқ, коинот, пулни севиш, пулга миннатдорчилик билдириш ва яна кўплаб ширкка яқинлаштирувчи маслаҳатлар, тренинглар бор. Энг қайғурганим, улар психолог тайёрлаш курслари очишган, ундан ҳар ойда ўндан ортиқ аёл-қизлар бир ойгина вақт давомида ўзларининг айтишларича профессионал парапсихологлар бўлиб етишаркан. Ахир ҳар бир касбни мукаммал эгаллаш учун кўп вақт керак бўлади. Айниқса, психологик илм олиш учун. У курсларни битирганлар ҳам етарли билимга эга бўлмай туриб ўз иш фаолиятини бошлашмоқда. Шунинг учун уларда нотўғри тушунчалар бор. Энг ачинарлиси, улар ҳам бу тушунчаларини яна кўплаб инсонларга сингдирмоқда. Уларнинг илми психологияга ҳам ўхшамайди, чунки институтда психология дарсларидан тақводор бўлган устоз таълим берганлар. Ушбу фан ҳақида қисқача, аниқ маълумотга эгаман. Сиздан илтимос, агар иложи бўлса, бизга психология ҳақида, борлиқ, коинот ҳақидаги баъзи нотўғри тушунчаларни, динимизга мос келмайдиган назарияларни ёритган мақола тақдим этсангиз . Иншааллоҳ, ҳаммамиз учун фойдали бўларди. Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин. Жазакаллоҳу хойрон.
– Ва алайкум ассалом! Гапларингиз жуда ўринли. Бу эътиборингиз учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Ҳозирги замонимизда кўп инсонлар пул илинжида ўзини ҳар ишда синаб кўришмоқда. Аслида, психолог бўлиш ўта мураккаб ва масъулиятли касб. Бу касб инсонни тинмай илм олишга ундайди. Сиз айтаётган у кимсалар психологлар эмас. Улар эзотериклардан, буддистлардан, веда маданияти гуруҳларидан олган илмларини психология деб атайдилар. Олийгоҳда ўқитиладиган психология бутунлай бошқача илм. Яқинда сайтимизда шу муаммога аталган бир мақолани бериш арафасида турибмиз. Унгача ҳам сайтимизда бу мавзуга тааллуқли кўп видео учрашувлар қўйиб борилган. Сайтимизни кузатиб борадиган илм аҳллари, ақл эгалари ўзлари учун фикр-мулоҳазалар қилиб олишган деган умиддамиз. Валлоҳу аълам!